Наср

Алининг жойнамози (3-қисм)

1307

Али дадасидан хабар олиб бўлиб, ошхонага ўтди. Ойша аллақачон дастурхон ҳозирлаган, ноннинг қитир-қитир қисмини ҳам синдириб бўлганди. Алини кўрган заҳоти:

— Шу новвойхонанинг нонини жуда яхши кўраман. Роса қитир-қитир, сингиб пишади, – деди.

Али синглисининг пешанасидан ўпиб қўяркан:

— Мен эса сени яхши кўраман! – деди. – Сен бу нондан ҳам ширинсан!

Ойша ҳар доимгидек қиқирлаб кулиб қўйди.

У онаси ярим тунгача чеварчилик қилиб, қанча машаққат чекишини, кўзлари уйқусизлик ва чарчоқдан шишишини билади. Шунинг учун онасига ёрдам беришни яхши кўради. Ёши еттига тўлди, энди бу ишларни ҳам тезроқ ўрганиши керак.

Дастурхон бошида баҳолар табели ҳақида гаплашдилар. Кейин уч ой давом этадиган таътилни муҳокама қилишди. Ҳеч қаерга боролмай уч ой уйда қолишларини билсалар ҳам…

Бир пайт Ойша:

— Кошки бувим тирик бўлсаларди, – деди, – бизга таътил ҳадяси олардилар.

Али бирдан қошларини чимирди:

— Тавба дегин! Бувимни фақат совға учун севармидинг? Коши тирик юрсалар эдию, бизга совғалари керак эмасди.

Ойшанинг пуштиранг ёноқлари бу сўзлардан кейин қип-қизариб кетди. Аслида ундай демоқчи эмасди. Шунчаки оғзидан чиқиб кетди, ёйдан отилган ўқдай. Нур юзли бувижониси совға бериш учун ҳар фурсатда бир баҳона топишни хуш кўрарди. Масалан, “Бугун жума, муборак кун, болам”, дея ўша куни уч ҳисса кўпроқ пул берарди. Рамазон ойида ҳам “Сизлар тутаётган рўза ниҳоятда қийматли, шунинг учун пешингача тутсангизлар бўлади. Тутган рўзаларингизни менга сотинглар”, дея набираларининг чўнтакларини пулга тўлдирарди. Чолидан қолган бевалик нафақаси бу ишларга етиб ортар, қолгани ошхона харажатларини қопларди. Энг катта совғалар туғилган кунларда келарди. Бир-биридан гўзал нарсалар эди, гўёки тушга ўхшарди. Айниқса, охирги бор олганлари. Ойша ажойиб мактаб сумкаси олганди. Сумканинг ичида дафтар-қаламлар. Фақат шу эмас, албатта. Бир нечта хушбўй ўчирғич ёнида бўёқ қутиси, тағин 48 рангли бўёқ… Алига велосипед олиб келганди. Қувончдан ўзини қўярга жой тополмаганди.

Ойша бехитиёр йиғлай бошлади. Кўп эмас, беш ой аввал нур юзли бувиси уларнинг ёнида эди. Лекин бувисининг қаерга кетганини билишади. Ҳаммадан яхши билишади. Шу пайт ошхонага кирган онасига:

— Бувимни уч бор тушимда кўрдим, – деди. – Жаннатда сайр қилиб юрган эдилар. Қуш каби осмонда учиб юргандилар. Ҳаммасини сизларга айтдим, биласизлар.

— Биламан, қизим, – деди онаси. – Сен бегуноҳ бўлганинг учун шундай гўзал тушлар кўрасан.

Али бошини қашлаб ўйга толди:

— Унда нега мен кўрмайман? – деди. – Жаннатни ҳам, бувимни ҳам кўрмайман. Ўғри-қарочи эмасман-ку?..

— Сиз бунақа туш кўролмайсиз. Ўтган куни нон олганда икки учини ҳам егандингиз. Эсингиздан чиқдими?

Ғавғо шамоли эса бошлаганди, онаси мулойим овозда:

— Ўрнингизга ўтиринглар! – деди. – Шўрвангиз совимасин. Балки даданг ҳам бир коса ичар...

— Иншааллоҳ! – деди Али ва синглиси баробар. – Иншааллоҳ, ичадилар.

Давоми бор...

Жунайд Суави

Таржимон: Умида Адизова

1-қисм 2-қисм

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Яхшиликнинг қудрати

1345 10:00 25.04.2020

Ҳокимнинг ҳадясини олмаган олим

1295 13:00 22.04.2020

Ибн Уқайл ва дурлар шодаси

1396 12:00 22.04.2020

Эчки

7052 15:00 21.04.2020

Фақиҳ  қароқчи ҳақида ажойиб воқеа

1572 09:58 21.04.2020

Асир (37-қисм) (сўнгги қисм)

679 21:00 04.04.2020
« Орқага