Наср

Алининг жойнамози (4-қисм)

774

Али билан Ойшанинг хонаси битта. Дарсларини шу хонада тайёрлашади, кейин шу хонада ухлашади. Уйларида икки хона бор. Мурод акаси ошхонада овқатланиб, уйга қорни тўқ келади, қаттиқ чарчоқдан йўлакдаги диванга чўзилиб ухлаб қолади. Амина хоним эрининг ёнида тунда бохбар бўлиш учун бир чеккада тонг оттиради. Эри тинимсиз тамаки тутатгани учун боёқиш аёл йўталиб чиқади, ҳатто нафас олишга қийналади. Шунинг учун кейинги пайтларда ошхонадаги ўриндиқларда ухлаяпти.

Али ва Ойша ҳар кеча уйқудан олдин суҳбатлашишади. Ўша оқшом суҳбатни яна Ойша бошлади:

— Эртага туғилган кунингиз, а? – деди. – Менинг туғилган кунимдан бир ҳафта олдин. Бувижоним тирик бўлганларида, бизга қандай яхши совғалар олардилар.

Алининг яна жаҳли чиқди:

— Совғадан бошқа нарсани ўйламайсан, а? – деди. – Тавба дегин! Кошки тирик бўлсалар эдию, ҳеч қачон совға олмасалар эди!

— Тавба! – деди синглиси. Сўнг ёнидаги деразадан юлдузлар билан тўла осмонга кўзларини тикканча сўзини давом эттирди:

— Бувим жаннатларда бўлсалар, бу ерларга келмасликлари аниқ. Лекин бизни унутмайдилар. Бунга ишончим комил.

— Албатта! Иншааллоҳ, уларни тушимда кўраман…

— Менимча кўролмайсиз! Сабабини биласиз, тўғрими?

Алининг овози чиқмади. Чунки бувисини тушида кўриш учун овозсиз, ичида дуо қилаётганди. 

...Али тушида бир тоққа тирмашаётган эмиш. Лекин қаттиқ чарчагани ва чанқагани учун қийналиб тирмашаётган экан. Тоғ чўққисидан ажойиб шалола оқарди. Али у ерга ета олса, гўёки янгидан туғилган, буткул бошқа бир инсонга айланарди. Ўша лаҳзаларда бир овоз эшитилганди, қийқириб юборишдан ўзини аранг тўхтатиб қолди. Бувиси ниҳоятда гўзал булоқ бошида эди ва ёқимли овози билан уни чақираётганди. Али чексиз севинч билан шу тарафга қараб югурди ва бувисининг бўйнига ёпишди. Бувиси ҳам уни соғинч билан бағрига босди. Бувиси Алига биллурдек ярқираётган пиёлада сув берди. Сўнг уни бағрига босиб:

— Чеҳраси беғуборим болам, – деди. – Эртага сенинг туғилган кунинг. Буни унутганим йўқ. Лекин ҳеч қайси туғилган кун ўнинчи ёш куничалик муҳим эмас. Чунки энди болалигингни ортда қолдиряпсан. Шунинг учун ҳам сенга катталарга бериладиган ҳадямни бераман.

— Катталарга бериладиган ҳадя қанақа бўлади? Жуда ҳам қизиқяпман!

Бувиси чиройли жилмайди.

— Эртагача кутишинг керак, – дея жавоб қайтарди.  – Лекин ундан албатта яхшиликда фойдаланишинг керак. Йўқса, бир умр пушаймон бўласан.

Али ётоғидан учиб уйғонди. Ниҳоят бувисини тушида кўрди, боз устига у билан гаплашди ҳам. Бироқ катталарга бериладиган муҳташам совғанинг нима эканига қизиқаётганди. Бувиси ҳаётлигида унга охирги бор велосипед олиб берган эди. Лекин энди мотоцикл ёки автомашина олиб беролмайди, ҳарҳолда. Олганида ҳам қандай юбора олиши мумкин? Нимадир қилиб юборганида ҳам улардан фойдаланиши учун ёши ҳеч тўғри келмайди.

Али севинганидан осмонда учарди гўё. Шунинг учун ҳам дарҳол Ойшани уйғотиб, унга тушини гапириб беришни истади. Лекин туши ярим қолганди. Энг яхшиси, бироз кутиб туриш эди. Шундай қилгани яхши, синглисини ҳам ярим тунда уйғотмаган бўларди.

Давоми бор...

Жунайд Суави

Таржимон: Умида Адизова

1-қисм 2-қисм 3-қисм

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Алининг жойнамози (7-қисм)

223 21:00 12.11.2019

Алининг жойнамози (6-қисм)

464 21:00 11.11.2019

Алининг жойнамози (5-қисм)

562 17:56 09.11.2019

Алининг жойнамози (3-қисм)

864 21:00 07.11.2019

Алининг жойнамози (2-қисм)

968 21:00 06.11.2019
« Орқага