Наср

Алининг жойнамози (7-қисм)

850

Амина хоним эрининг хонасини йиғиштираётганди. Али туширган шиша ва стаканлар чил-чил синиб, ҳар томонга учганди. Эрдоған бей энди уйғонган, тонгги хабарларни кузатаётганди. Асаблари таранг, кайфияти йўқ. Стаканлар-ку, майли, икки дона ичкилик шишаси ҳам синибди, икковида ҳам ичкилик бор эди. Ундан ҳам ёмони, ой бошига ҳали ўн кундан кўп вақт бор. Ойлик ичкилик ҳаққидан фойдаланиб бўлгани сабабли пул тўлаб яна бир шиша ололмайди. Бу ҳолатда фақат бир йўл бор: яширган ичимликларни чиқариш. Бу шишалар жавон орқасида, тўшама полнинг орқасида. Эрдоған бей уларни кўзлари юмуқ ҳолатда ҳам топишга қийналмайди. Хотини хонадан чиққан заҳоти бу ишни ҳал қилади, қолган жойидан давом эттиради. Рафиқасига қараб:

— Алининг қилиғи менга ёқмади, – деди. – Жойнамоз дейдими-ей, аллақандай аҳмоқона гапларни гапирадими-ей. Тенгдошлари футбол ўйнаб юрган пайтда намоз ўқийман дейдими-ей.  Бу болада бир гап бор…

Амина хонимнинг сабри ошиб-тошган эди. Қўлидаги супургини бир четга отиб, эри ўтирган каравотга яқинлашди:

— Аслида кимнинг авҳоли бошқача?! Сиз кун бўйи бу хонада умрингизни ўтказиб юборяпсиз. Томирингизни кесишса, қон ўрнига заҳарли ичкиликлар оқади. Бир неча йилдан бери бу дарду балодан қутулмадингиз. Балки қутулишни истамадингиз! Сиз билан бирга мен ҳам ҳар куни ўн ёшга қариб боряпман. Бунинг устига, надоматлар бўлсинки, на намоз ўқийман, на Қуръон. Онагинам намозларини қолдирмасдан ўқирдилар. Қуръон қўлларидан тушмасди. Али билан Ойша уларни тез-тез тушларида кўришаркан. “Бувим жаннат боғларида сайр қилиб юрган эканлар”, дейишади. Сиз билан мен дунёдан ўтсак, болалар бизнинг қаерда сайр қилиб юрганимизни туш кўришаркин?..

Эрдоған бейга бу гаплар ёқмади. Шундай бўлса-да, индамай қўяверди. Чунки биринчи бор ўтган йилларни ўйлай бошлади. Беш йилдан бери ичикликка қарам.  Шериклари “Пиводан зарар келмайди”, дейишганди. Уям ўтириб ичди, ўртоқлари мазах қилмаслиги учун уларга қўшилди. Пиводан кейин “Асрлон сути” деган кучли ичкилик келди дастурхонга. Баъзан кайфиятни кўтарадиган, баъзан йиғлатадиган, лекин ҳар гал шарманда қиладиган заҳри қотил. 

Эрдоған бей ҳали ҳам ўйга ботган эди. Ўзидан ҳам кўра икки кичик боласига ёмонлик қилган, уларга оталик қилмаганди. Унинг учун дунё шу кичик хонадан иборат. Бу хонадан чиқса, фақат ҳожатга чиқар, кейин яна югургилаб шу ерга кириб қамалиб оларди. Кичик болалари билан ҳар замонда бир йўлакда учрашиб қоларди. Аммо улар жеркиб ташлашидан қўрқиб, унга яқинлашмас, ўзи эса болаларидан уялгани учун Али ва Ойшанинг юзига қаролмас эди. Катта ўғли кўринмай кетганди. Қайсидир ҳайитда кўрган эди, қачонлигини эслолмайди. Аслида уларни яхши кўради. Лекин ичкилик деган заҳарни ичганида ўзини ҳам унутиб юборади. Шуларни ўйлаётганида Ойша йўлакдан овоз берди:

— Ойи, акам қаерда, билмайсизми?

— Ҳовлида бўлса керак. Ҳаққи бобоси билан гаплашаётгандир.

 Али ва отахон дарахт тагида ўтириб олиб ширин суҳбат қилишаётганди. Бобоси унинг бошини силаб:

— Демак, бувингни тушингда кўрдинг, шунақами? – деди. – Ажойиб туш кўрибсан. Жаннат қандай жой экан, менга ҳам айтиб бергин-чи.

— Бувим билан гаплашганимда атрофга яхши қараёлмадим. Учар гилами жуда ҳам чиройли эди.

— Учар гилам деганинг жойнамоз экан-да.

— Бувим шундай дедилар. Дунёдаги жойнамозимиз вафот этганимиздан кейин учар гиламга айланар экан. Албатта, ундан фойдалансаккина. Ундан фойдаланиш намоз ўқиш дегани, буни сиз ҳам биласиз.

Ҳаққи бобо бу тушдан ниҳоятда севинди. Али эса ўйчан эди. Бошини қуйи солиб:

— Бобожон, – деди. – Биласиз, уйимизда ҳеч ким намоз ўқимайди, дадам ҳам, ойим ҳам. Мурод акам ишдан ортмайди. Шунинг учун ҳам мен намоз ўқишни билмайман.

— Шунга сиқиляпсанми? – дея кулимсиради Ҳаққи бобо. – Инсон туғилганидан намоз ўқишни ўрганмайди. Мен ўн уч ёшимда намоз ўқишни бошлагандим. Шу жиҳатдан олиб қарасак, сен омадлисан.

— Ўн уч ёшингиздами? Шунча йилдан бери безмадингизми?

— Намоз руҳнинг озуқасидир, – деди қария. – Егуликлар ошқозоннинг озуқаси, ҳар куни уч маҳал овқатланишдан безор бўламизми?

Али бир кўксултонни ошқозонига юборар экан:

— Безор бўлаймиз, – дея кулди. – Лекин намоз инсонга қийинлик қилади. Сизда ҳам шундай бўлгандир.

— Бошланишида жуда ҳам қийин туюлди, албатта. Шайтон мени йўлдан уришга уринди.

— Ҳаққи бобо, ҳазиллашмаяпсизми?

— Рости ҳазиллашмаяпман. Қулоғимга бир нималар шивирлагандай бўларди гўё. Мени чалғитишга уринарди.

— Нима деб шивирларди?

— “Бошқа иш қилсанг-чи, ҳали кичкинасан-ку, қариганингдан кейин намоз ўқирсан”, дерди.  Албатта, мени қайраган фақат у эмасди.

— Яна кимлар эди?

— Оиламдагилар, ўртоқларим… Ҳаммаси мени мазах қила бошлашди. Ҳатто урмоқчи ҳам бўлишди, мени ақлдан озган дея ўйлашарди.

Ҳаққи бобо мириқиб кулар экан, Али гапга қўшилиб:

— Кеча тунда мен ҳам шунақа ҳолатга тушдим, – деди. – Дадам мени жойнамоз билан кўриб ҳайрон бўлдилар. Айниқса, кунда беш маҳала намоз ўқишимни эшитиб…

— Нима деди сенга?

— Сени кунда беш маҳал дўппослаш керак, дедилар. Қаттиқ қўрқдим.

Ҳаққи бобонинг кайфияти яхши эди.

— Одамлардан қўрқиб намоз ўқимасак, Аллоҳдан қўрқмаган бўламиз, – деди у. – Чунки намоз ўқишимизни Аллоҳ истайди.

— Намоз жуда ҳам муҳимми?

— Намоз ўқишимиз жуда ҳам муҳим. Агар намоз ўқисак, овқатланишимиз, сув ичишимиз, ҳаттто уйқумиз ҳам ибодат ҳисобланади. Бу ҳолатда инсон ҳеч қийналмасдан жаннатга тушади.

Али яна тушини эслади. Кўксултонга қўл чўзиб:

— Мен тирмашаётган тоғнинг учидан ажойиб шалола оқаётганди, – деди, – ниҳоятда чиройли эди. У ерга бориш учун минг яшасам ҳам намоз ўқирдим. Ҳатто ҳар куни ўн соат бўлса ҳам ўқирдим.

— Кўп шошмагин, – дея кулди бобо. – Бу дунёни унутиш ҳам янглиш бўлади. Беш вақт намозимиз кун бўйи кўпи билан бир соат вақтимизни олади. Аллоҳ шу қадар меҳрибонки, кундалик фарз ибодатларимиз учун бизга бир соатни етарли деб билади.

— Йигирма уч соат ўзимизга қоляпти, – деди Али. – Бу бошқа ишларимизга етиб ортади.

— Албатта, етади. Шу бир соат вақтни тополмаймиз, деганлар кеча-кундуз ишлашади деб ўйлайсанми?

— Ҳар куни бир неча соат телевизор кўраман. Рекламаларни бироз камроқ томоша қилсам, намоз учун бемалол вақтим етарли бўлади.

— Демак, намоз учун бемалол вақтинг бор, кўринади. Сенга устозлик қиламан, бир неча соат ичида намозни ўрганасан, иншааллоҳ.

— Қаерда намоз ўқиймиз?

Ҳаққи бобо бу томонини ўйламаган эди. Момиқ соқолларини силаб:

— Сизларнинг уйингизда ўқиёлмаймиз, – деди. –  Мен зинапоядан чиқишга қийналаман, биласан.

— Дадам ҳам кўрмаслиги керак, – деди Али

— Бизнинг уйимизда ўқиймиз, албатта. Лекин менда янада яхши бир таклиф бор.

 Ҳаққи бобо яна ўйга толди. Бу орада Алининг қизиқиши ортган ортиб бораётганди.

— Нима экан, жуда қизиқиб кетяпман. Ҳаққи бобо, тезроқ айтинг.

Отахон ниҳоят тилга кирди:

— Хоҳласанг, хаёлий таътилга чиқишимиз мумкин. Тоғ этагида чодир қурамиз. Чўққидан шалола оқиб турсин, худди тушингда кўрганингдек ажойиб шалола. Шундоқ ёнгинамизда кичик кўл ҳам бўлсин. Атрофда бир нечта мева дарахти. Мириқиб суҳбатлашамиз, намоз вақтлари кирганида намозимизни бирга ўқиймиз.

— Сиз энди ҳазиллашдингиз, – деди Али. – Мен уйдан ҳеч қаерга боролмайман-ку? Дадамни ташлаб кетолмайман. Бундай таътилни фақат тушларда кўраман ёки фақат орзу қиламан.

— Мен ҳам уйдан айрилолмайман-ку? Хайрия холангнинг мазаси йўқ.

Алининг боши қотди. Бир кунда иккита жумбоққа дуч келди: бири тушида, бири айни пайт бу ерда. Бобога юзланди:

— Бундай ҳолатда таътилга чиқишимизнинг ҳеч имкони йўқ, – деди. – Чиқолмаймиз тўғрими?

— Чиқамиз, – деди бобоси. – Сен тасаввурингни кенг қил.

— Хаёл сурамизми?

— Бир қарашда шундай туюлиши мумкин. Лекин қаршимизда тоғ кўришимиз мумкин, тепасидан оқаётган шалоласи билан бирга. Оёқларимизни ҳам кичик кўлга тиқишимиз мумкин. Ора-сирада катта чодирдан чиқиб, мева териш ҳам бизга меҳнат, ҳаракат бўлади.

Алининг ақли шошиб қолди. Истар-истамас сўради:

— Қачон бу таътилга чиқамиз?

— Аллоҳ насиб этса, эртага пешиндан кейин. Лекин таътил ҳақини тўлашинг керак.

— Қандай қилиб?

— Бир нечта сура ёдлаб олгин. Энг қисқа суралардан бўлсин. Сенинг ҳолатингдан бир соатдан ортмайди бу иш.

— “Фотиҳа” сурасини яхши биламан. Бувимнинг мозорига борганимда “Фотиҳа” ва уч марта “Қул ҳува Аллоҳу”ни бирга ўқийман.

— МашаАллоҳ, сенга, Алижон! – деди Ҳаққи бобо севиниб. – Мен сени ҳеч нарса билмайди, деб ўйлагандим. Сен айтган у сура “Ихлос” сурасидир.  Демак, “Иннаатайна”ни ҳам биласан-а?

— Албатта! Ўзи беш-олти сўздан кўп эмас, ёдлаганман уни ҳам.

— Демак, сен намоз ўқишга тайёр экансан, – дея жилмайди бобо. – Унда эрта пешиндан кейин намозни бошлаймиз!

Али боғдан чиқаётганида Ойшага аталган кўксултонларни олишни унутмади. Яна ўрта қаватга яқинлашганида қадамини тезлаштирди. Нажи бейга дуч келишдан қўрқарди. Ҳансираб тепага чиққанди, эшикни синглиси Ойша очди:

— Сизларни айвондан кузатдим, кўксултон тердингиз. Менга ҳам олиб келдингизми?

— Олиб келдим, албатта. Чўнтакларим тўла, мана, қарагин. Тағин катта-катталаридан тердим.

—Олиб келмаганингизда ҳам нақ қароқчи бўлардим, биласиз-а?

Али индамай чўнтагидаги кўксултонларни бир идишга ағдарди. Сўнг тезгина хонасига кириб, ёдлаган сураларини “Дин дарси” китобидан бир қур кўздан кечирди.

Давоми бор...

Жунайд Суави

Таржимон: Умида Адизова

1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Чингиз афандига мактублар (10-қисм)

125 21:00 10.12.2019

Чингиз афандига мактублар (9-қисм)

456 21:00 07.12.2019

Поездда бўлган ибратли воқеа

2057 09:00 07.12.2019

Чингиз афандига мактублар (8-қисм)

357 21:00 06.12.2019

Азон овозини эшитган ўғри...ялинишга тушди

1015 11:00 05.12.2019

Чингиз афандига мактублар (7-қисм)

436 21:00 04.12.2019
« Орқага