Наср

Алининг жойнамози (6-қисм)

883

Али оҳиста ётоғидан турди. Бувисининг айтишича, совғаси жавонда. Уйда биттагина жавон бор, у ҳам дадасининг хонасида. Хўп, у ерга қандай киради? Тағин ярим тунда. Бироз ўйланиб туриб, оҳиста ташқарига чиқди. Дадасининг хонасидаги телевизор ишлаб тургани учун чироғи эшик тепасидаги ойнадан кўриниб турарди.

Курсини эшик олдига тортиб, ҳар доимгидек ичкарига кўз ташлади. Дадаси ухлаб ётарди. Аллақачон мастлик таъсир қилган чоғи. Бу ҳолида фақат пешинга яқин ўзига келади.

Али курсидан тушаркан аввалига тонг отишини кутсамми дея ўйлади. Дадаси ҳожатхонага кирганида, хонасига кириб истаган жойини кўриши мумкин. Лекин тушини ўйлаб сабр қилолмаётганди. Чуқур нафас олиб, эшикдан оҳиста кирди ва худди ўғридек оёқларининг учида жавонга яқинлашди. Ҳаяжондан юраги тез урарди. Худди бўғзига қадалгандек эди юраги. Дадасига бир қур кўз ташлаб, пастки тортмага қўл чўзди. Малаксиймо бувижонисининг жойнамози, яъни “учар гилам”и худди таърифлаганидек ўша ерда турганди.

Жойнамозни олиб, тортмани бекитди. Яна оҳиста хонадан чиқаётганида, думалоқ бир нарсани босиб, оёқлари осмонга кўтарилиб ерга урилди. Ё ичкиликдан бўшаган шишани, ёки стаканни босиб олганди. Столга боши билан урилгани учун столнинг устида нима бўлса, бари ерга сочилди. Ерга ағдарилган стол ва устидаги синиқлар шовқинидан отаси билан бирга ҳамма қўрқиб уйғонган, ётоғидан хавотир билан турганди. Фақат Ойша қаттиқ чарчаганидан овозларни эшитса-да, эътибор бермай ухлайверди.

Али танбеҳ эшитишдан қўрққани учун дарров хонадан қочиб чиқишни ўйлади. Лекин ҳамма жойда шиша синиқлари ёйилиб ётарди. Юрса, албатта, оёғи кесилади. Энг тўғриси, йиқилган жойидан турмаслик ва ким нима деса, индамай ётиш. Хонага аввало Мурод акаси югуриб келди, ундан кейин эса онаси. Чироқ ёқилганда дадаси унга қараб келди. Али ерда ётарди, қўлида эса бувисининг совғаси — жойнамози.

Ҳеч ким ҳеч нарса демади. Чунки бўлаётган ишлар аҳмоқона туюларди. Алининг шу пайтда дадасининг хонасига кириши, жавонни очиб, жойнамозни олиши жуда бемаъни эди. Али ўрнидан туришга уринар экан, тушидан худди энди уйғонаётгандай эди. Жойнамозини қучиб:

— Тушимда бувимни кўрдим, – деди. – Бу жойнамозни менга ўн ёўша тўланим учун совға сифатида бердилар ва бир кунда беш маҳал ишлатишимни айтдилар.

Дадаси шиша синиқларига қараб:

— Аҳмоқлигинг пешонангга ёзилган, – деди. – Сени бир кунда беш маҳал уриш керак!

Али ҳеч нарса демасдан хонадан чиқди. Шунча кўнгилсизлик, дадасининг танбеҳига қарамай, жуда ҳам хурсанд эди. Ётоғига чўзилиб, жойнамозини яна қўлига олди. Тушини эслади. Тушида ечими қийин туюлган саволнинг жавоби аслида жуда осон эди. “Жойнамозни ишлатиш”, албатта, унинг устида намоз ўқиш эди. Лекин буни қандай бажаради? Ўртоқларининг кўпчилиги баъзан бобоси, баъзида дадаси билан жума намозларига, ҳайит намозларига борганини ёки катталар билан бирга уйда намоз ўқишини биларди. Ҳолбуки, уйларида Рамазон ойини айтмаганда онаси ҳам намоз ўқимасди. Акаси ҳам бу борада жуда дангаса.

Бироз ўйлаб турди-да, “Яхшиям, Ҳаққи бобом борлар. Нима қилиш кераклигини, намозни қандай ўқишни улардан сўраб биламан”, дея ўзига ўзи шивирлади.

Нонуштадан кейин Али дарҳол кийинди. Ҳаққи бобоси бундай пайтда асосан ҳовли боғчасида бўлади, баҳорда экан экин-тикинларига қарайди. Боғчанинг бошидаги кўксултон дарахти кўп мева солганидан шохлари эгилиб кетган.

Али зинапоялардан тушиб, ўрта қаватга келганида яна ҳаяжонланди. Қўрқоқ бўлмаса ҳам Нажи бей билан хотинидан чўчирди. Ҳар доимгидек атрофга қулоқ тутиш керак эди. Шундай қилди ҳам. Зинапоя жимжит эди. Нажи бейнинг эшиги олдидан ўтиб кетаётганида тўсатдан эшик очилди ва бир қўл уни ёқасидан тутиб ичкарига тортди. Али чинқириб юборди, лекин чинқириқ бўғзида тугунланиб қолгани учун овози чиқмади. Уни тутиб олган Нажи бей эди. Рафиқаси Нажия ҳам бироз нарироқда турарди. Эркак бурнидан пишқириб:

— Қўлимга тушдингми?! – дея гулдиради. – Уйимизга кирган ўғри сен эдинг-а?

Али дағ-дағ қалтирарди.

— Мен Алиман, – дея олди холос. Овози зўрға чиқарди. – Юқоридаги қаватда яшайман. Муроднинг укасиман.

Нажи бей йўлак чироғини ёқди.

— Сенинг кимлигингни қаердан биламан? Нақ уч марта уйимга ўғри тушди. Шунинг учун эшик олдида ўтирибман!

— Ҳаққи бобом ҳовлидалар, – деди Али. – Истасангиз кимлигимни улардан сўрашингиз мумкин.

Нажи бей ўзини босиб олганди. Алини қўйвориб:

— Қани, кўзимга кўринма энди! – деди. – Бу гал кечираман сени!

Али ҳеч нарса демади. Гапиргани билан унга бирор нимани тушунтириш мумкин эмас.

Зинапоядан тушиб ҳовлига чиқди ва Ҳаққи бобони кўргач, ўша томонга қараб югурди. Бобо Алини яхши биларди. Ранг-рўйидан хавотирланиб:

— Тинчликми? – дея сўради. – Бирор кор-ҳол бўлдими?

Али бўлиб ўтганларни гапириб берганди, бобо унга яқин келиб:

— Болажоним, – деди, – бу замонда ҳеч ким соғлом эмас. Ҳаммамизда бир касаллик бор. Руҳий касалликлар ҳам шулар жумласидан. Нажи бей билан рафиқаси уйига бир неча марта ўғри киргани учун ниҳоятда хавотирда яшашади. Шунинг учун зинапояда қадам товуши эшитилса, ўғри деб ташқарига отилишади.

— Фақат ташқарига отилишса зарари йўқ, ёқамдан тутиб ичкарига тортишди. Қаттиқ қўрқдим. Тилим тутилиб қолди.

Ҳаққи бобо унинг бошини силар экан деди:

— Яшил кўксултонлар катта бўлиб қолди. Улардан есанг тилинг узаяди.

Али дарахтга қараб:

— Мен ҳам шундай деб ўйлайман. Бирга еймизми? – деди 

— Еймиз. Ойшага ҳам терайлик. Бўлмаса сени уйга қўймайди, буни унутма.

Улар дарахт остига қараб юришди.

Давоми бор...

Жунайд Суави

Таржимон: Умида Адизова

1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Fийбатдан топилган ҳикмат

455 10:00 12.12.2019

Этикдўз боланинг танбиҳи

1282 09:05 11.12.2019

Чингиз афандига мактублар (10-қисм)

268 21:00 10.12.2019

Чингиз афандига мактублар (9-қисм)

512 21:00 07.12.2019

Поездда бўлган ибратли воқеа

2395 09:00 07.12.2019

Чингиз афандига мактублар (8-қисм)

386 21:00 06.12.2019
« Орқага