Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Алишер Қодиров: «Ибодат - диний маросим эмас»

6743

Ижтимоий тармоқларда «Ишхонасида ишчилари намоз ўқишлари учун хона ажратиб берган раҳбар 21 600 000 сўм миқдорида жаримага тортилди» деган хабарда Тошкентнинг Яккасарой тумани судининг Қушбеги мавзесида жойлашган GTA Showroom корхонаси биносида ишчи ва мижозларга намоз ўқишга шароит яратиб бергани учун 21 млн 600 сўм миқдорида жаримага тортгани акс этган қарор нусхаси тарқалди. Унда қайд этилишича, суд мажлисида ҳуқуқбузар 2021 йил 12 январь куни ўзига тегишли корхона ҳудудида намоз амалларини бажаришга шароитлар яратиб бергани, унинг ёмон нияти бўлмагани, у шунчаки ўз ишчиларига ўз намозларини ўқиши учун шароит яратгани, қилган ишидан пушаймонлигини билдириб, унга нисбатан енгиллик беришни сўраб кўрсатув берган.

Суднинг фикрича, ҳуқуқбузар ўзининг ушбу ҳаракатлари билан МЖтКнинг 201-моддаси 2-қисмида (диний йиғилишлар, кўча юришлари ва бошқа диний маросимлар ўтказиш қоидаларини бузиш) кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир қилган.

Бу хабарга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, “Миллий тикланиш" ДП МК раиси Алишер Қодиров шундай муносабат билдирди:

“Ибодат - диний маросим эмас, у эътиқоднинг ўзаги, эркинлиги кафолатланган ҳуқуқдир.

1998 йил, 1 майда қабул қилинган «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуннинг 14-моддасида амалга ошириш жойи чекланган амаллар қаторида «диний маросимлар» билан бирга «ибодат» ҳам кўрсатилган эди. 

2021 йил, 5 июлда қабул қилинган янги таҳрирдаги «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуннинг 7-моддасида, «Миллий тикланиш» ДП фракциясининг ташаббуси билан, жой бўйича чекловлар белгиланган амаллар қаторидан «ибодат» сўзи олиб ташланган. 

Демак, амалдаги қонунда ибодат жойи учун чеклов белгиланмаган. Албатта, ибодат одобига риоя қилиш мажбурияти муҳокама учун мавзу эмас.

Судья ибодат учун шароит яратган Фарҳод Раҳмоновга нисбатан МЖКнинг 201-моддаси иккинчи қисми билан жаримани хато қўлламоқда. Модда ибодат ёки ибодатга шароит яратганлик учун эмас, «диний маросим» ўтказиш талабини бузганлик учун қўлланилади.

Фарҳод Раҳмонов суд қарорини белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.

Қолаверса, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устувор деб ҳисобланаётган мамлакатимизда эътиқод қилувчиларни ибодат амаллари учун, бутун дунёда кенг қўлланилаётган амалиёт сифатида, жамоат жойларида ҳам қулай шароит яратиб берилиши керак”.

Azon.uz сайтининг ҳуқуқий ишлар бўйича эксперти Руслан Садиков ушбу масалага изоҳ бериб шундай деди: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 201-моддаси 2-қисмида диний йиғилишлар, кўча юришлари ва бошқа диний маросимлар ўтказиш қоидаларини бузиш учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, ушбу моддада бу қоидалар нималардан иборатлигига, яъни, жамоат бўлиб намоз ибодатини адо этиш, бу турдаги ҳуқуқбузарлик сифатида эътироф этилиш ёки этилмаслигига изоҳ берилмаган. 

Одатда, бу каби ҳолатда қонунчиликда “қоидалар” тушунчасига изоҳ бошқа қонун нормаларда ёритилади.

Ушбу муносабатларни тартибга солувчи меъёрларга эътибор берадиган бўлсак, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунининг 9-моддасида диний расм-русум ва маросимлар тушунчаси ёритилган бўлиб, ушбу моддада ҳам жамоат бўлиб намозни адо этиш диний йиғилишлар, кўча юришлари ва бошқа диний маросимларга кириши хусусида қоида белгиланмаган. 

Қонун аналогияси сифатида Жиноят процессуал кодексининг 23-моддаси учинчи қисмида “Қонун қўлланилаётганда келиб чиқадиган шубҳалар ҳам гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши керак”

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, қонунчилик билан қатъий таъқиқланмаган ҳаракат содир этилиши мумкин ва қонундаги ҳар қандай тусмоллар ва шубҳали қоидалар ҳуқуқбузар фойдасига ҳал этилиши лозим.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Қозоғистонлик депутатлар: "Россиянинг ўзи «сирпанчиқ» йўлда" 

43 15:55 01.10.2022

Мубашшир Аҳмад: «Ҳаж — фарзи айндир»

89 15:15 01.10.2022

«У кишининг хулқлари Қуръон эди...»

216 11:25 01.10.2022

Украинага 12 миллиард долларлик ёрдам берилади

267 10:40 01.10.2022

Қозоғистон: тунги клубда муштлашган маст россияликларни полиция қўлга олди

437 10:20 01.10.2022

Украина ҳудудларининг аннексияси: сабаблар ва оқибатлар

502 09:55 01.10.2022
« Орқага