Аллоҳ аҳли илмлардан “...одамларга очиқ баён қилурсизлар ва яширмайсизлар!” дея аҳд олган

00:00 25.02.2019 1128

Ҳажжож Басра билан Куфа оралиғидаги Восит деган шаҳарда ўзи учун қаср қурдирди. Сўнг одамлар томоша қилиб, дилхуш бўлишлари ва барака тилаб дуо қилишлари учун ҳаммани қасрга чорлади. Одамлар йиғиладиган бундай фурсатдан унумли фойдаланиб, уларга панд-насиҳат қилиш, дунё зеб-зийнатларига берилмай, Аллоҳ азза ва жалланинг ҳузуридаги нарсаларга интилиш ва шу каби эслатмаларни баён қилиш умидида Ҳасан Басрий ҳам у ерга борадилар. Етиб боргач, одамлар қасрнинг ҳашаматига, кенглиги-ю катталигига, нақш ва зийнатига маҳлиё бўлиб, қаср атрофида айланиб юришган пайтда уларга гапира бошладилар:

– Ёмонларнинг ёмони қурдирган бу қасрни кўриб турибмиз, шуни билингларки, Фиръавн бундан-да катта ва ҳашаматли қасрларни қурдирган эди... Натижа нима бўлди? Аллоҳ Фиръавнни ҳалок этди, қурдирган қасрларини эса, ер билан яксон қилди... Кошкийди Ҳажжож само аҳли уни ёмон кўришини, ердагилар уни мағрурлантириб юборганини билса эди...

Ҳасан Басрий шундай қаттиқ-қаттиқ гапиришда давом этдилар. Ўша ердагилардан бири Ҳажжож Ҳасан Басрийни жазолашидан ҳадиксираб:

– Бўлди, эй Абу Саид, – деганида, Ҳасан Басрий:
– Аллоҳ аҳли илмлардан “...одамларга очиқ баён қилурсизлар ва яширмайсизлар!” деб аҳд-паймон олган, – деб сўзларида давом этдилар.

Эртаси куни Ҳажжож ғазабдан ёрилиб кетгудек ҳолда ўз қароргоҳига кириб, аъёнларига:
– Ҳалокат бўлсин сенларга, нонкўрлар... Басралик бир қул туриб, биз ҳақимизда хоҳлаганини гапирса-ю, уни тийиб қўядиган бирорта одам топилмаса!.. Аллоҳга қасамки, ҳаммангизга унинг қонини ичираман, қўрқоқлар, – деди ва қилич билан зеркунда (қатл қилишда тўшаладиган чарм тўшама) олиб келишни буюрди, сўнг жаллодни чақиртирди. Ҳузурида ҳаммаси ҳозир бўлгач, Ҳасан Басрийни олиб келиш учун одамларини жўнатди. Оз ўтмай, Ҳасан Басрийни олиб келдилар. Кўзлар Ҳасан Басрийга қадалди, юраклар дукуллаб ура бошлади. Ҳасан Басрий қилич, зеркунда ва жаллодни кўргач, лабларини қимирлатиб қўйдилар. Сўнг Ҳажжожга юзландилар. Ҳажжож у кишида мўминнинг улуғворлиги, мусулмоннинг азизлиги ва Аллоҳ йўлига чақирувчи даъватчининг виқори намоён эди. 

Ҳасан Басрийни ана шундай ҳолатда кўрган Ҳажжож сустлашиб:
– Хуш келибсиз, эй Абу Саид, хуш келибсиз... Қани, бу ёққа ўтсинлар... – деб илтифот кўрсатиб, ҳатто ўз тахтига ўтқазгунича “бу ерга ўтсинлар”, деб такрорлаб турган Ҳажжожни кўрган аъёнлар ҳайрон қолдилар. Ҳажжож сўнг тахтда ўтирган Ҳасан Басрийга юзланиб, диний масалалар ҳақида сўрай бошлади. Ҳасан Басрий ҳар бир саволга ҳайиқмай, чиройли баён ва кенг илм билан жавоб берардилар. 

Шунда Ҳажжож:
– Сиз уламоларнинг саййидисиз, эй Абу Саид, – деди ва қимматбаҳо хушбўйлик келтириб, у билан Ҳасан Басрийнинг соқолларини хушбўйлатиб, кузатиб қўйди. Ҳасан Басрий қароргоҳдан чиқиб кетгач, Ҳажжожнинг дарбони (эшик қоровули) чопиб келиб:

– Эй Абу Саид, аслида Ҳажжож сизни бошқа мақсадда чақиртирган эди. Сиз кирганингизда, қилич, зеркунда ва жаллодни кўриб, лабингизни қимирлатиб пичирлаганингизни кўрдим, менга айтинг, шунда нима дедингиз? – деб сўради.

Ҳасан Басрий айтдилар:
– Эй неъматларимнинг Хожаси ва ғам-аламда менга паноҳ бўлган Зот, Сен оловни Иброҳим алайҳиссалом учун салқин ва омонлик жойи қилганинг каби, бунинг ҳам қаҳр-ғазабини мен учун салқин ва омонликка айлантиргин, дедим...

Абдуллоҳ РАҲМОНБЕРДИЕВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!