Аллоҳ етарли гувоҳдир!

15:40 11.10.2018 550

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

Бани Исроилдан бўлган бир киши биродаридан 1000 динор қарз беришлигини сўради. Қарз берувчи деди:

– Гувоҳ олиб кел.

– Аллоҳ етарли гувоҳдир.

– Унда, кафил олиб кел.

– Аллоҳ етарли кафилдир.

– Тўғри айтасан, деб маълум муддатга (шартлашиб) пулни берди.

Қарз олган киши кемага ўтириб (сафарга) кетти. Ҳожатини тамомлагач олган қарзини муддатида беришга қайтиб келиш учун кема излади, бироқ ҳеч кема тополмади. Сўнгра бир ёғочни олиб, орасини ёриб 1000 динор ва қарз эгасига бир хат ёзиб ичига солди. Ёғочни яхшилаб мумлади. Сўнгра денгиз олдига келиб "Аллоҳим мен фалончидан шу (бугунга) муддатгача қарз олганимни биласан. У гувоҳ сўраганда "Аллоҳ етарли гувоҳ" дедим. Кафил сўраганда ҳам "Аллоҳ етарли кафил" дедим, у рози бўлди. Мен қўлимдан келганча кема изладим, аммо тополмадим. Энди буни Ўзинга омонат қилиб топшираман", деб ёғочни денгизга отди. Ёғоч оқиб кетди, у эса орқага қайтди.

Ўша куни қарз берган одам ҳам соҳилга чиқиб, қарз олган одамни кута бошлади, ҳеч келавермагач (энди уйга қайтаман деб турганда), сувда бир (мумланган) ёғочни кўриб қолди. Уни уйига олиб бориб ичини ёрса 1000 динор ва хат чиқди.

(Бир неча кундан кейин) қарз олган киши 1000 динор олиб келиб қарзини берди ва "Аллоҳга қасамки ўша куни роса кема изладим, бироқ тополмадим" деди. Қарз берган киши сўради:

– Сен ҳеч нарса бервормадингми?

– Айтяпманку, ҳеч қандай кема тополмадим...

– Аллоҳ таоло сен ёғочни ичига солиб юборган пулингни менга етказди, бу пулингни олиб кетавер, деб айтди. (ав кама қола..)

Имом Аҳмад ривояти

Абдуллоҳ КАМОЛ тажимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!