“Аллоҳ сизларни ўзларингиздан жуфтлар қилди”

20:00 28.03.2019 903

«Аллоҳ сизларни ўзларингиздан жуфтлар қилди» («Наҳл» сураси, 72-оят)
«...Ва покиза аёллар покиза эркаклар учундир...» («Нур» сураси, 26-оят)
«...Шоядки ёқтирмаган нарсангиз сиз учун яхши бўлса. Ва шоядки ёқтирган нарсангиз сиз учун ёмон бўлса. Аллоҳ билади, сиз билмайсиз...» («Бақара» сураси, 216-оят)
«Мадинада нисбатан осойишта ҳаёт онлари бошланганда Фотима розияллоҳу анҳони кўз остига олиб юрганлар у кишининг қўлларини сўраб, совчи қўя бошлашди. Жумладан, Абу Бакр Сиддиқ ва Умар розияллоҳу анҳумолар ҳам сўрадилар. Пайғамбаримиз соллаллаҳу алайҳи васаллам уларга ўта мулойим равишда рад жавобини берар эдилар...»
Фотима розияллоҳу анҳо билан бу бўлиб ўтган воқеалари мени ўйлантириб қўйди: «Тақводор бўлса, бўлдида», дейилган гапни аксини топдим. Қаранг, ахир Абу Бакр розияллоҳу анҳу ва Умар розияллоҳу анҳу энг тақводорлардан эмасмидилар? Лекин улар рад жавобини олишди. Нега?

Энди «Наҳл» сурасининг 72-оятига қайтайлик, Аллоҳ таоло ҳар кимни ўз жуфти билан яратган экан, Ўзи бизданда яхши билади, бизга ким муносиблигини, тақдирга имон келтириш имоннинг 7 фарзидан биридир. Лекин айнан Сизларга ЎЗЛАРИНГИЗДАН жуфтлар қилдик деяпти. Субҳаналлоҳ! Яъни икки инсон ўзи бир! Буни қандай аниқлашимиз учун Бизни Мукаммал, Аллоҳ олдида энг улуғ нарса – ҚАЛБ билан неъматлади, Алҳамдулиллаҳ!

Ислом ҳар қандай замон ва макон билан солиштирганда энг мукаммал тарзда аёллар эркинликлари ва ҳуқуқларини белгилаб берди. Ўзларига жуфт танлашда ҳам эркаклар билан тенг қилди. Аёл киши ақли жойида экан, ўзи ким билан яшашни танлаши керак!

Бу ўринда, ота-онанинг берадиган маслаҳати аёл учун ҳам, эркак учун ҳам тенг кучли, бириси иккинчисидан ортиқ ёки кам эмас! Яъни ота-она қизларининг кўнглини эътиборга олмай, мажбурлашлари, кўп ҳолларда яхшиликка олиб келмайди.

Хадича розияллоҳу анҳо қанча-қанча яхши, бой одамларга рад жавобини берганлар. Чунки У киши Роббига таваккал қилган ҳолда одамзотнинг энг яхшисини кутаётган эдилар.

Қизингиз рад жавоблар бериб қанча-қанча «олийжаноб совчилар»ни уйларига кузатаётганига сира куйинманг. Албатта, Ар-Роҳман сизнинг қизингизга тайёрлаган улкан, кўп кутилиб эришиладиган неъмати бордир.

Одамлар Динни Жамиятда кенг тарқалган қарашлар билан аралаштириб, бошқаларнинг Ислом ҳақидаги таассуротларини булғамасинлар!

Ислом ҳар тарафлама инсонларга бахт-саодатга элтувчи йўлдирки, уни англаганлар албатта икки Дунё саодатига эришадилар инша Аллоҳ!

Фотима Мўминжонова

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!