Аллоҳ таоло бу умматни очлик ва чўктириш билан ҳалок қилмайди

22:00 14.05.2019 646

Ўн тўртинчи хусусият – Аллоҳ таоло бу умматни очлик ва чўктириш билан ҳалок қилмайди

Аллоҳ таоло бу умматни очлик ва чўктириш билан ҳалок қилмаслик ва олдингиларни азоблаганидек азобламаслик, шунингдек, устларидан душманларни ҳукмрон қилиб қўймаслик билан хослади.

Имом Муслим Савбон (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қиладилар: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Аллоҳ таоло ерни менга йиғиб берди. Унинг шарқу ғарбини кўрдим. Албатта, умматимнинг мулки менга кўрсатилган жойгача етади. Менга қизил ва оқ хазина берилди. Мен Раббимдан умматимнинг барчасини қамраб оладиган бало билан ҳалок қилмаслигини, уларнинг устидан ўзга душманларни ҳукмрон қилмаслигини ва улар умматимни йўқ қилиб юборишларига йўл қўймаслигини сўрадим, Ул Зот менга берди”.

Ибн Абу Шайба Саъд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Раббимдан умматимнинг барчасини қамраб оладиган бало билан ҳалок қилмаслигини сўрадим. Ул Зот менга берди. Умматимни чўктириш билан ҳалок қилмаслигини сўрадим, уни ҳам берди. Умматимнинг ўзаро бир-бирларига нисбатан оғир жангларни қилмасликларини сўрадим, бу эса қайтарилди”.

Имом Доримий ва Ибн Асокир Амр ибн Қайсдан ривоят қилишади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Аллоҳ таоло мени марҳаматли (оз амал қилса ҳам кўп савоб бериладиган) замонга етказди ва менга гапни қисқа қилиб берди. Биз (бошқа умматларга қараганда) охиргилармиз ва қиёмат куни эса пешқадамлармиз. Мен фахрланмасдан айтаманки, Иброҳим Аллоҳнинг халили-дўсти, Мусо Аллоҳнинг танлагани ва мен Аллоҳнинг суюклисиман. Қиёмат куни ҳамд байроғи менда бўлади. Албатта, Аллоҳ таоло менга умматим борасида ваъда берди: уларни барчани қамраб олувчи бало-офат билан ҳалок қилмайди, душман уларни бутунлай йўқ қила олмайди ва уларни залолат устида жамламайди”.

Имом Абу Довуд Абу Молик Ашъарий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: “Аллоҳ таоло сизларни уч нарсадан сақлади: Набийингиз сизнинг зарарингизга дуо қилишидан, акс ҳолда барчангиз ҳалок бўлардингиз, ботил аҳли ҳақ аҳли  устидан ғолиб келишидан ва залолат устида жамланишингиздан”.

 

МУҲАММАД ҲАСАНИЙнинг “ЭНГ ШАРАФЛИ УММАТ” номли китоби, Ойбек Неъматуллоҳ ва Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси.

Фойдаланилган қўшимча адабиёт: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, шайх Абдулазиз Мансур ва шайх Алоуддин Мансур ҳазратларининг “Қуръони карим маънолар таржимаси” китоблари.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!