Аллоҳга етишнинг икки қаноти

15:05 26.08.2019 439

Кимки неъматлар келган вақтда шукр қилган ҳолида, синовлар вақтида сабр қилган ҳолида умрини ўтказса, чиндан ҳам Аллоҳга етишибди.

Ушбу ҳақиқатда Аллоҳни таниган орифлар ва раббоний софдил инсонлар, набийлар ва шариат йўлида юрувчи муридлар иштирок этади.

Анбиё ва расуллар ҳаётларига назар солинглар. Уларнинг ҳаётлари синовлар билан тўлиб тошган эди. Гўёки Аллоҳ азза ва жалла айтадики: “Менинг хос бандаларимга, дўстларим, анбиё ва расулларимга эътибор беринглар. Мен уларни йўлимдан узоқлаштирганим йўқ. Сизларни турли синовлар билан имтиҳон қилаётганим каби уларни ҳам синовдан ўтказганман. Неъмат келганда шукр қилиб, синовлар вақтида сабр қилиб, Аллоҳга бўлган бандалик ифорлари таралиши учун сизларни имтиҳон қилаётганимдек, уларни ҳам имтиҳон қилганман”.

Раббимиз азза ва жалла турли сабабларга кўра бизларга уларнинг қиссаларини келтиради. Улардан биз билишимиз лозим бўлганлари бор. Ана шунда бу нарсалар бизларга таскин беради. Мен Қуръонда саййидимиз Юсуф алайҳиссаломнинг қиссаларини ўқиганимда ўзимни овуниб ундан таскин топганимни сезаман. Кейин Аллоҳ азза ва жалладан уялиб, ҳаё қиламан. Мен саййидимиз Юсуф олдида ким бўлибман, мен саййидимиз Юсуфнинг оталари Яъқуб алайҳиссалом олдида ким бўлибман, уларга қанча синов ва имтиҳонлар бўлган-ку, дейман. Шундай эмасми?!

Анбиё ва расуллардан талаб қилинган нарса Аллоҳга бўлган бандаликларини сабр қилган ҳолларида эълон қилиш бўлган эди. Худди шунингдек шукр қилган ҳолда ҳам ўз бандаликларини билдириш бўлган. Бу нарса, яъни Аллоҳга бўлган бандалигимизни шу тарзда билдириш бизлардан ҳам талаб қилинади.

Имом Бутий

Абдуллоҳ Ғуломов таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!