Aллоҳга қайтинг!..

11:10 28.02.2019 738

(Бўлган воқеъа)

Бир ёш қори қўшним бўлар, дилкаш, хулқи гўзал, ота-онасини хизматида юрган йигит эди. Оиласи ҳам тақводор, Аллоҳнинг розилигида доимо хизматда шай бўлган, намунали оилалардан бири саналарди. Мен қори бола билан масжид хизматида, кўча-куйда ҳам ёнма-ён бўлардим. Кейинчалик баъзи сабабларга кўра (тирикчилик масаласи) мен бошқа ишларга машғул бўлиб, қори бола билан кам кўришадиган бўлиб қолдим.

Бир куни қўрқинчли туш кўрдим. Тушимда қори боланинг уйи ёнармиш, қори бола эса, уй ичида яъни аланга ичида қолиб кетганди. Қори болани ёнғиндан қутқаришга ҳаракат қилинди, аммо илож қила олмадик. Қори уй ичида қолиб кетди ва ёниб қоп-қора кулга айланди. Тушимдан чўчиб уйғондим ва: “Аллоҳ Ўзинг сақла!”, - дея дуо қилдим. Мен қори билан кўришмаганимга анча вақт бўлганди. Хаёлимга қорининг аҳволи ҳақидаги фикр келди. Бир оз вақт ўтиб тонг отди. Қори бола ҳақида билиш учун уйларига кирдим. Оналари бор экан. Саломлашиб, қори бола ҳақида сўрадим. Оналари: “Ҳа, яхши юрибди”, - дедилар. Кейин тушимда бўлган воқеъани айтиб бердим. Онахон йиғлаб юбордилар. Мен улардан: “Тинчликми?”, - дея сўрадим. Улар менга: “Болам сиз бу воқеа ҳақида айтаётган иккинчи одамсиз!”, - дедилар. Қори болани Қуръони ҳақида сўрадим. Оналари яна йиғлаб: “Болам укангиз Қуръон ўқиш тугул намоз ҳам ўқимай қўйди!”, - дедилар. Сабаби нима экани ҳақида оналаридан сўрадим. Оналари: “Бу йил мадрасага кирмоқчи бўлиб ҳаракат қилди. Лекин, кира олмади. Шундан сўнг, кўчада бекорчи ўртоқлар топиб олди. Улар билан бирга бўлиб қолди”, - дея жавоб бердилар. Бу воқеъани (тушимни ва қори болани хозирги аҳволи ҳақида) устозимизга айтиб бердим. Шунда Устозим: “Ҳа Элёрбек, сиз ва сиздан бошқа одамларнинг кўрган туши ҳақида мен фақат бир нарса дея оламан. У ҳам бўлса, Аллоҳ қорига дунё-ҳаётини ўзида баъзи кишилар орқали эски ҳолига қайтишлик имконини беряпти. Қори ҳақиқатда ўлиб бўлибди. Унинг фақатгина жасади тирик, холос. Асли эса ўлиб бўлибди. Агар ўз ҳолига қайтмас экан, Аллоҳ унинг аҳволини танг қилиб қўяди. Унга воқеъалар ҳақида айтинглар, шояд ўз ҳолига қайтса!”, - дедилар. Бўлган воқеъаларни қори болага айтиб бердим. Бир оз сукут қилиб, ғамга ботди. Вақт ўтиб, қори бола ўз ҳолига қайтди.

Нима демоқчи эдик?

 Азизлар, Аллоҳ бир бандасига яхшиликни раво кўрса, уни дунё-ҳаётини ўзидаёқ залолатдан огоҳлантирар экан. Шайх Бутий (раҳимаҳуллоҳ) айтадилар: “Агар Аллоҳ бир бандасини яхши кўриб қолса, уни яхши амалларга мушарраф қилиб қўяди”. Демак, Аллоҳ таоло бандани ҳеч қачон ёмонликка чорламас экан. Чунки, Аллоҳ таоло Қуръонни инсонларга нажотга сабаб бўлувчи асосий омил қилиб қўйди. Инсонлар: “Бизнинг тақдиримиз шу экан, қочиб қаёққа ҳам борамиз”, - дея ўзларини залолатга киргизар экан. Аслида, Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг “Каҳф” сураси, 49-оятида марҳамат қилади: “Роббинг ҳеч кимга зулм қилмас”. Аллоҳ Адолатли Зот, ҳеч кимга зулм қилмас, балки, инсонлар ўзларига зулм қилади”. Бу ҳақида Аллоҳ таоло “Ҳуд” сурасининг 101-оятида қуйидагича марҳамат қилади: “Биз уларга зулм қилмадик. Лекин ўзларига зулм қилдилар”. Баъзи инсонлар бошларига тушган ташвиш сабабли, ўзларини йўқотиб, залолат йўлига кириб кетади. Аслида бу мушкулот унинг фойдаси учун бўлаётганини англамайди ва тўғри хулоса чиқармайди, балки: “Мен шунча ибодат қилсам ҳам барибир ишим шу аҳвол”, - дея нолийди. Аллоҳ таоло Ўзи Ҳаким Зот, сиз-у бизга нима фойдаю ва нима зарар эканини яхши Билувчи Зот.

Бу ҳақида Аллоҳ таоло “Бақара” сурасининг 286-оятида марҳамат қилади: “Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмас”. Демак, бу иш бизга зарар экан, Аллоҳ таоло бу ишни бизга раво кўрмаяпти, дея эътиқод қилиш керак. Шунда сиз-у биз ҳар доим ҳақиқат устида бўламиз. Аллоҳ барчаларимизни Ҳидоятидан адаштирмасин! (Амин!)

Элёрбек Эркинбек

 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!