Наср

Аллоҳни англатган жумбоқлар. Болалар учун ўнинчи топишмоқнинг жавоби

329

Ўн биринчи топишмоқ: Бенуқсон учоқлар

Менга шундай бир учоқ кўрсатингки, қўзғалганда ҳам, қўнганда ҳам учиш-қўниш йўлагига эҳтиёж сезмасин. Тағин мотори ҳам овозсиз ишласин. Керак бўлса моторини ишлатмасдан, узоқ вақт самода қола билсин. Ва бу учоқларнинг ҳеч бири бошқа учоқлар билан ҳавода тўқнашиб кетмасин. Камдан кам ҳолатларда бўлса-да, ерга қулаб парчаланмасин. Боз устига йиллар бўйи бузилмасдан ишласин.

Аввал бироз ёрдам бераман.

Топишингиз керак бўлган бу ажойиб учоқлар, осмонда ҳар доим учиб туради. Ва истаган пайтларида деразангиз олдига ёки дарахт учига қўна олади.  Боз устига бир-биридан гўзал қўшиқлар куйлашади. Ҳаа, топдингизми? Қушлар ва бир-биридан ранг баранг капалаклар ҳақида гапираётгандик.  Қайси қушни текширсангиз текширинг, уларни инсон яратган энг сўнгги урфдаги учоқлардан мукаммал эканини кўрасиз. Роббимизнинг учоқлари ана шундай!

Бугун жуда кам юртларда учоқ ва вертолёт ишлаб чиқарилади.

Аммо ўша учоқлар ҳам бенуқсон бўлмайди. Ора-сирада юз бераётган ҳаводаги бахтсиз ҳодисалар бу ҳақиқатни исботлайди. Бу ҳаво фалокатлари ўз-ўзидан бўлмас экан, “қуш” дейиладиган учоқлар бу муҳташам ҳолати билан ўз-ўзидан дунёга келадими? Албатта, ундай эмас, тўғрими? Демакки, уларни яратган ниҳоятда уста Санъаткор бор! Бу Уста албатта, Аллоҳимиздир! Ва Қудратли Аллоҳимиз юз миллиартларча учоқларни бенуқсон яратиб, учиряпти. Боз устига уларни бир-биридан гўзал ранглар билан безаган! Қушлар билан боғлиқ топишмоқ устида мулоҳаза қилар эканмиз, сизларга бир ҳикояни ҳам гапириб берсам. Бу билан инсонлар яратган учоқлар билан Аллоҳ яратган учоқларни қиёслайсиз.

Кичик қуш

Самолёт учишига жуда оз фурсат қолганди. Югуриб-чопиб аэропортга етиб олдим. Бунинг устига бошим қаттиқ оғрияпти. Расмийлаштириш жараёнидан ўтиб, учиш майдончасига чиққанимда, ёнгинамдан пириллаб ўтган қушчадан чўчиб:

—  Дайди қуш! Бошқа жойда учсанг ўласанми?! – дедим.

Самолётга чиққанимда оғриқ қолдирувчи дори ичиб, бироз дам олишни ўйлаб ўриндиққа ясатандим. Самолёт ҳаракатланаётганида учиш-қўниш йўлагидаги учаётган қушларга кўзим тушди.

—  Эсипаст қушлар, – дея кўнглимдан ўтди. – Самолёт учаётганиниям кўрмайдими булар?

Дори таъсирида ухлаб қолибман, ҳатто туш ҳам кўраётгандим. Тушимда учаётган самолёт эмас, девга айланган ўзим учаётган эмишман. Икки томонимда ҳаво йўли  компаниясининг номи ёзилган, девдай қанотларим булутларни ёриб-парчалаб учаётган эмиш. Осмондан ерга қараб:  

—  Мана буни учиш деса бўлади, – деб керилдим. – Мана шундай учиш керак.

Тўсатдан ўнг қанотимга кичкина чумчуқ қўнганини кўриб қолдим. Бояги учиш-қўниш майдонидаги қушлардан бири эди.

— Қанотим устида нима қиляпсан?!- деб дўқ қилдим унга.

—  Шунчаки, – деди қушча. – Сени кузатгим келди...

—  Сенинг ўрнинг пастда, ҳой ажнабий! – дедим. – Бор, учишни бошқа жойдан ўрган.

—  Мен ҳам сендай уча оламан, – деди қанотимга ўрнашиб қўниб. – истасанг, пойга ўйнаймиз.

—  Қанотимдан қоч, тирмизак! Жуссангга ярашадиган гап гапирсанг-чи! – дедим ғазабланиб.

Сакраб, учиб-қўнди ва хотиржам оҳангда:

—  Сизларнинг оёғингиз, яъни қўнадиган мосламангиз ҳар доим ҳам очилавермас экан, дея эшитдим. Шунинг учун ерга қўнганда кўпинча ҳалокатга йўлиқар эмишсизлар.

—  Баъзан бунақаси ҳам бўлиб туради. Лекин нега буни менга эслатдинг?

—  Баъзанми? – кулимсиради. – Бир изланиб кўргин-чи, дунё дунё бўлиб бирор киши қўниш аъзолари очилмай, осмондан қулаб тушган қушни кўрдимикан?

Гапларидан юрагим сиқилиб кетди.

—  Жим бўл! – дедим. – Шовқин соляпсан.

Жим бўлиш қаёқда дейсиз? Овозини баралла кўтариб жавоб қилди:

—  Нима деяпсан? Яхши эшитилмаяпти, моторингдан шунақанги шовқин чиқяптики,  қулоқни қоматга келтиради. Ҳолбуки, менинг моторимдан шивирлаган овоз эшитилмайди.

Бу қушни кўзимдан йўқотишни қанчалик истасамда, қанотларим қимирламагани учун ташлаб юборолмасдим. Чидаёлмадим:

—   Йўқол кўзимдан! Ҳозир чирпиррак қилиб улоқтираман, эзилиб кетасан! – дедим.

—  Ҳаа... Чирпиррак деганингда эсладим, – деди вижирлаб. – Баъзан ҳавода мувозанатни йўқотиб, тўқнашиб ҳам кетасизлар а?

Чуқур “уҳ” тортдим.

—  Ҳар доим ҳам эмас, – дедим ғудраниб. – Қирқ йилда бир бўлади. 

—  Қанақа қирқ йил? Ҳар куни бунақа хабарларни эшитамиз-ку? Сен бирор марта иккита қуш осмонда тўқнашиб кетганини эшитганмисан?

Қуш тинимсиз ёқилғига эҳтиёжи йўқлигини, ҳар қандай узоқ манзилга ҳам арзон етиб боришини, биздан кўра имкониятлари кенглигини айтиб мақтанди. Унга жавоб бериш учун керакли сўзларни излаётганимда, аёл кишининг товушидан ўзимга келдим. Стюардесса экан.

—  Ерга қўндик, афандим, – дея жилмайди. – Ухлаб қолибсиз.

Миннатдорчилик билдириб ўрнимдан турдим. Бошимнинг оғриғи босилган, манзилга соғ-саломат етиб келганимдан кайфиятим кўтаринки эди. Терминалга қараб юраётгандим ҳавога кўтарилган самолётнинг гулдирагани қулоғимга чалинди. Самолёт қанотларида ўша эзма чумчуқни кўрармиканман дея, ўша томонга тикилиб қолдим...

Бу китоб сизга нималарни ўргатди?

Жажжи дўстларим!

Бу китобдаги топишмоқларни балки ҳеч қаерда учратмагандирсиз. Шунинг учун  жавоб топишга бироз қийналган бўлишингиз мумкин. Лекин бу қийинчиликлар сизга кўп нарсаларни ўргатди, деган умиддамиз.

Энди атрофингиз бошқача кўз билан қарай бошлайсиз. Натижада инсонларнинг деярли ярмидан кўпи кўролмаган ҳақиқатларни кўра оласиз. Энди Қуёш сиз учун коинотда кезиб юрган олов учқуни эмас, бутун ер юзини ёритаётган катта чироқ ва ажойиб печка ҳамдир. Юрагингиз ҳам сиз учун бир парча гўшт эмас энди. Бутун жонзотлар учун бенуқсон мотордир. Ва машиналарда ишлаётган барча моторлардан устундир.

Қушлар сиз учун қусурсиз учоқ бўлса, балиқлар сув ости транспортларидан фарқланмайди.  Мана шу ҳақиқатларни кўрганингиз учун ҳам, сиз катта инсонлардан деярли фарқингиз йўқ.

Бу муваффақиятингиз билан ҳаммангизни табриклайман!

Севги ва дуолари билан ҳаммангизни бағримга босаман!

Жунайд Суави

Таржимон: Умида Адизова

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Аллоҳни англатган жумбоқлар. Болалар учун ўн биринчи топишмоқ

110 17:00 06.11.2019

Аллоҳни англатган жумбоқлар. Болалар учун ўнинчи топишмоқнинг жавоби

318 17:00 05.11.2019

Аллоҳни англатган жумбоқлар. Болалар учун ўнинчи топишмоқ

332 17:00 04.11.2019

Аллоҳни англатган жумбоқлар. Болалар учун тўққизинчи топишмоқнинг жавоби

383 17:00 15.10.2019

Аллоҳни англатган жумбоқлар. Болалар учун тўққизинчи топишмоқ

544 17:05 14.10.2019
« Орқага