Наср

Аллоҳни англатган жумбоқлар. Болалар учун тўққизинчи топишмоқнинг жавоби

382

Тўққизинчи топишмоқ: Ўзи очилиб-ёпиладиган пардалар

Хонангизга шундай бир парда танланг-ки, илк баҳордан сўнг ҳаво ҳарорати ортиб борар экан, пардалар ҳам секин-аста ёпила бошласин. Лекин ёз фасли келиб, хонангизга қуёш нурлари ортгунича (яъни жазирама иссиқлар бошлангунча) пардаларингиз ўз ўзидан бекилиб, нур ва иссиқликни ичкарига ўтказмасин. Шундай қилиб хонангиз салқин турсин. Аммо ҳаво совуб, қуёшга эҳтиёж туғилганида, бу пардалар ўз ўзидан очилсин ва хонангизга мўл-кўл қуёш нурлари кирсин. Шундай қилиб хонангиз яна-да исинсин ва иссиқлик харажатлари камайсин.

Фақат бу топишмоқ учун ўзига хос бир шартим бор: хонангизнинг пардалари мутлақо автоматик тарзда ишлаши керак. Яъни уларга тегиниш, таёқ ёки қўл билан уёқ-буёққа йўналтиришга ҳожат қолмасин. Аввалдан дастурлаштириш ҳам ман этилган, албатта.  Ана энди енгилдингиз, шаҳар бердингиз! Бу топишмоқнинг жавоби жуда қийин бўлгани учун, жавобга ўтмасдан яна бир бор топишмоқни ўқиб чиқишни тавсия қиламан. Чунки савол аниқ ва тушунарли бўлмаса, унинг жавобини асло тополмайсиз. Истасангиз енгилганингизни ҳозироқ тан олиб, тўп ўйнагани кетинг. Аммо топишмоқдан мақсад бирор нималар ўрганишдир. Шунинг учун қочиш муаммога ечим эмас. Бу топишмоқнинг жавобини бир соат ичида топа олганлар аниқ “доноларнинг доно”сидир! Ва барча топишмоқларнинг жавобини осонгина топа оладилар. Шундай дўстларимизни чин кўнгилдан табриклайман! Энди жавобга ўтамиз:

Топишмоқ жавобини тополмаган дўстларимиз учун бироз ёрдам бераман ва ўша парданинг нималигини айтаман.

Уйингиз ҳовли ичида, боз устига биринчи қаватда бўлганида қўлингизни деразадан чиқариб мен айтган пардалардан нафис меваларни уза олардингиз.

“Бўлди! Энди жавобни топдик!” деган овозларни эшитяпман. Ҳа, ҳа! Дарахтлар ҳақида гапиряпман!

Аввалроқ дарахтларга “Мева ва кислород” заводи дердик. Бу топишмоқ ёрдами билан бу ажойиб дарахтларга “парда” вазифасини бажариш ҳам юклтилганига гувоҳ бўлдик.

Уйингизнинг қуёшга қараган деразалари қаршисига бир нечта мевали дарахтлар ўтқазсангиз, улар сиз учун “автоматик” парда вазифасини бажаради. Бу дарахтлар қиш фасли келганида япроқларини тўкиб, хонангизга кўпроқ қуёш нурлари тушишини таъминлайди. Бу билан хонангиз ёришади, исийди.

Хўш, илк баҳорда-чи?

Илк баҳор келгач ҳаво исий бошлайди. Баҳорнинг илк кунларидан ҳаво бироз салқин бўлгани учун сояга унчалик ҳам эҳтиёжимиз бўлмайди. Шунинг учун ҳам япроқлар кўп бўлмайди. Яъни дарахтлар бу пайтларда бизга “ярим соя солиш” билан хизмат қилади. Лекин июн ойидан бошлаб ёз жазирамаси тўсатдан бошланади. Ҳамма қуюқ соя қидириб юрганида, дарахтлар япроқлари билан бизни қуёшнинг қовурувчи нурларидан асрайди.

Яна қиш фасли келса ўша ҳолат такрорланади, албатта.

Хуллас, шундай қилиб айрим дарахтлар бизга автоматик парда каби ишлайди.  Лекин эътибор беринг, “Айрим дарахтлар” деяпман. Чунки ҳамма дарахтлар ҳам япроғини тўкмайди. Яъни автоматик парда бўлавермайди. Агар автоматик парда истасангиз, деразангиз олдига арча, қарағай каби дарахтларни экмаганингиз маъқул. Агар малта кўксултони ва мандаринни севсангиз, ёки маноля ифорини ёқтирсангиз буларни ҳам дераза олдига экмаганингиз маъқул. Чунки бу дарахтлар қишин-ёзин ям-яшил бўлгани учун йил бўйи соя қилади.  Бу ёзда яхшигина қўл келса-да, бошқа фасллардан қуёш нури ва ҳароратидан маҳрум этади.

Сизнинг ўрнингизда бўлсам, деразаларим олдига олма, гилос, тут ва ўрик дарахтлари экардим. Лекин асло анжир экмаган маъқул. Бу дарахтнинг япроқлари ёз фасли охирларида тўкилса-да, илдизи бутун бинони чирмаб олиши мумкин.

3-топишмоғимизда кўрганимиздек, бинонинг пойдеворини ҳам ёриб ташлаши ҳеч гап эмас. Ҳожатхона ва ҳаммомнинг чиқинди сувларини оқизадиган бетон каналларни ҳам тўсиб қўйиши мумкин.  Ҳатто унинг майин илдиз томирлари девор орасидан юқорига тирмашиб, тўшама қопламаларни ҳам сўкиб ташлаши мумкин.  Агар ҳовли-боғчангизда анжир ўсишини истасангиз, бу дарахтни уйингиздан узоқроққа эккангиз маъқул.  Баъзан аёллар ошхонасида “Мева безакли” пардалардан фойдаланади. Албатта, бунга эътирозимиз йўқ. Лекин шуни ҳам билиш керакки, дераза олдиги мева дарахтлари ўтқазиш билан биз ҳақиқий ва тоза меваларни ейиш имконига эга бўламиз. Бундай парда фойдали ва керакли эмасми?

Бу орада хаёлингизга шундай савол келиши мумкин:

“Автоматик парадалар ҳақиқатдан ҳам яхши экан. Лекин баланд биноларда яшайдиганлар қандай қилишади?” 

Энг кўпи билан тўртинчи қаватда яшайдиган инсонлар бироз омадли бўлишлари мумкин. Уларнинг уйига яқин (қуёш тушадиган қисмларда) чинор, жўка ва каштан дарахтлари ўтқазишса, бу узун бўйли дарахтлар уларга кутган фойдани олишларида ёрдам бериши мумкин. “Хўш, ундан юқоридагилар нима қилишади?” десангиз, мен бўйнимни қисиб: “Улар учун бирор нима қилишнинг иложи йўқ” дейман.

Жунайд Суави

Таржимон: Умида Адизова

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Аллоҳни англатган жумбоқлар. Болалар учун ўнинчи топишмоқнинг жавоби

329 17:00 07.11.2019

Аллоҳни англатган жумбоқлар. Болалар учун ўн биринчи топишмоқ

110 17:00 06.11.2019

Аллоҳни англатган жумбоқлар. Болалар учун ўнинчи топишмоқнинг жавоби

318 17:00 05.11.2019

Аллоҳни англатган жумбоқлар. Болалар учун ўнинчи топишмоқ

332 17:00 04.11.2019

Аллоҳни англатган жумбоқлар. Болалар учун тўққизинчи топишмоқ

543 17:05 14.10.2019
« Орқага