Аллоҳнинг дини жоҳилона ҳимояга муҳтож эмас!

11:00 02.02.2019 2360

Кейинги кунларда Nike брендидан “Аллоҳ“ исми ёзилган кроссовкалар ишлаб чиқарилаётгани дарғазаб постлар ёзиш орқали тарқатилмоқда. Мен ғазабнок бўлаётганлар ҳиссиётини тушунаман. Исломий муқаддасотлар ҳимояси албатта лозим. Лекин бу ғала-ғовур ҳам олдинги “Аллоҳ“ номи ёзилиб қолган қўзичоқ туғилгандаги фахр ва ғурурнинг тескариси бўлиб қолмоқда холос. Яъни ноўрин ва кераксиз. Чунки..

Биринчидан, даъво қилинаётган ёзувнинг “Аллоҳ“ экани аранг ўқилади. Шунда ҳам, ёзувни тескари ҳижжаланса ва “Аллоҳ“ ёзувини у ерда кўришни астойдил хоҳланса. Аммо холис кўз билан қаралса, у ерда бу ёзув йўқ.

Иккинчидан, Аллоҳ исми, Аллоҳнинг дини, Аллоҳнинг шариати ва муқаддасотлари аниқ таҳқирланаётган ўринлар қолиб, бундай ноаниқ даъвога айюҳаннос солиш, жуда бўлмаганда соддалик саналади.

Учинчидан, жаноблар, олдин айтганимдек, Аллоҳнинг дини зўрма-зўраки мўъжизаларга муҳтож бўлмаганидек, унинг ҳимояси ҳам, бундай мавҳум хатти-ҳаракатларга нисбатан жоҳилона талаблар билан бўлмаслиги керак.

P.S. Араб ёзувини биладиганлар “Аллоҳ“ ёзуви дея кўрсатилаётган ҳолатни тўнкариб кўрсинлар, айтганларимга амин бўладилар.

Мубашшир АҲМАД

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!