Аллоҳнинг фитрати: уни тўйинтириш йўллари ва тугатиш омиллари

22:00 23.09.2018 1107

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда у зот Роббилари субҳанаҳу ва таолодан нақл қилиб айтадилар: «Мен бандаларимнинг барчасини Исломга мойил бўлган ҳолларида яратдим. Кейин шайтонлар келиб уларни динларидан (узоқлаштириб) тентиратди». 

Яъни Набий алайҳиссалом ер юзида туғилган инсон борки, унинг табиатида Аллоҳ азза ва жаллага бўлган иймон ҳамда Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога бўлган ҳақиқий бандалик (кўчати) ўтқазилган, (деган маънодаги) қаршилик қилиб бўлмайдиган Аллоҳнинг хабарини айтдилар ва яна «лекин инсу жин шайтонлари, турли ҳавойи истаклар, ҳар тарафга мойил «тарбиялар», қалб ва ақлнинг қарорини бошқарадиган муросасозликлар келиб уларни тентиратди, яъни улар қалбида Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло яратган ушбу ақиданинг ҳамон боқий турганига қарамай, бу нарсалар уларни ундан узоқлаштирди» (деган маънодаги) Аллоҳнинг баёнотини етказдилар.

Ушбу ақида улар қалбида баъзан ухлаб қолган бўлиши мумкин, лекин у ўлмайди. Гоҳида узилиб қолиши мумкин, лекин улар табиатидан илдизи йўқ бўлиб кетган эмас.

Келинг, эй Аллоҳнинг бандалари, мен ҳозир сизларни Аллоҳ таолонинг баёноти хабар бераётган ушбу нарсани ўзида мужассамлаштирган бир кўриниш олдига қўяман.

Бу ўтган асрнинг аввалида яшаб ўтган машҳур атоқли Ислом мутафаккири айтган қиссадир.

«Марселдан Искандария томонга қараб денгизда йўлга чиқдим. Кема йўлда осон ва ровон, енгил ҳаракатланиб борар эди. Йўловчилар турли йўналишдаги кишилар бўлиб, улар орасида ҳар хил дин вакиллари, файласуфлар ва бошқа-бошқа ирқ эгалари ҳам бор эди. Шулар қатори биз ҳам кетаётган эдик. Бирдан қоп-қора булут зичлашиб тезлик билан кемамиз устига келиб қолди. Кейин қаттиқ шамол туриб атрофмизда айлана бошлади.

Бирдан кучли тўлқинлар кеманинг ўнг ва чап тарафларидан кўтарилди. Атрофимиздаги кучли тўлқинлар олдида кема худди ҳалинчалакка айланиб қолди. Биз ўлим ва ҳалокат ёқасида қолганимизга амин эдик. Қарасам, кемада йиғилган одамларнинг бари мени ўраб олишган – ташқаридан қараганда, динга алоқадор эканимга ишора қилувчи кўриниш бор эди – ва ўзимизни ўраб турган ҳалокатдан қутқаришини сўраб ҳаммамиз биргаликда ёлвориб Аллоҳга дуо билан илтижо қилишимиз лозим дея қатъий туриб олишди. Улар ўртасидаги кўпгина фарқлар йўқолиб ўчиб кетган, ҳаммалари бир хил овоз билан қичқириб Аллоҳдан (ёрдам) сўрар, ҳар бири ўз тилида: «эй Аллоҳ» дер эди.  

Дуо ва илтижо қилдик. Атрофимдаги одамлар ичида йиғлаганилари, омонлик сўраб зорланганлари ва ўз тилида бақириб истиғфор айтганлари бор эди. Бу иш бор-йўғи бир соат давом этди. Кейин ғам-ташвишлар тарқалиб, кема аста-секин ўзининг табий йўналишига қайтиб келгач, ҳамма хатар чекинганига ишонч ҳосил қилди. Қарасам, одамларнинг бари ўз ҳолига кела бошлади, ҳалокат белгилари борлигида йўқолиб кетган фарқлар яна илгаригидек уларни бошқариш учун қайтиб келди».

Аллоҳ рост айтган: «Қачон сизни денгизда фалокат тутса, Ундан ўзга илтижо қиладиганларингиз ғойиб бўлур. Қачонки, сизга нажот бериб қуруқликка чиқарса, юз ўгирасиз. Инсон ўзи куфрон(и неъмат) қилгувчидир.
Сизни қуруқликнинг бир томонига ютқазиб юборишидан ёки устингиздан тошли шамол юборишидан, сўнгра ўзингизга қутқарувчи топа олмай қолишингиздан хотиржаммисиз?!
Ёки сизни у(денгиз)га яна бир марта қайтариб, устингиздан шиддатли шамол юбориб, куфр қилган нарсангиз сабабли ғарқ қилиб юборишидан ва сиз ўзингизга Биздан ўч олувчи топа олмай қолишингиздан хотиржаммисиз
»?!  ("Исро" сураси, 67-69-оятлар).

Бу барчаларингиз биладиган исломий шахснинг айтиб бераётган бир воқеасидир. Бунинг тасдиғини Аллоҳ илоҳий баёнот ила гўзал ва ажойиб жумлаларда расман эълон қилиб қўйган, эй Аллоҳнинг бандалари.

Энди инсонга Аллоҳ таоло берган ушбу ақидадан тўсиқ пайдо қиладиган нарса нима? Инсонни ёшлигидан унинг вужудига Аллоҳ азза ва жалла жойлаб қўйган бу хазинадан тўсувчи нарса нима? Нима учун тўсилади?

Дўстларим! Мен берилган бу саволнинг жавоби ибрат олишимиз учун ёшлигимизда Аллоҳ таоло аввалдан бериб қўйган ушбу хазинани муҳофаза этиш йўлида бизга дарс бўлишидан умид қиламан.

Инсонни бу ақидадан балки Аллоҳ таоло унинг табиатига ўтқазиб қўйган ушбу хазинадан тўсиб қўядиган нарса ҳавойи истаклардир. Қўзғалиб, қўзғалиб, кейин ақл ва вужудни бошқарадиган шаҳватлардир. Инсонни ақл ва мантиқ ўлчовига кўра тўйинтиришга бошлайдиган муросасозликдир. Миллатчилик, ўзини кимгадир мансуб деб билиш, ақл қарори ва унинг ҳукмидан ўзимизни устун кўрадиган қилиб қўядиган шахсий манфаатлардир. Мана шулар илоҳий хазинанинг маркази бўлган инсон қалбининг тўсилиб қолишини пайдо қилади.

Аллоҳ ўз сўзини тўғри айтган: «.. ва билинки, албатта, Аллоҳ киши билан унинг қалбини ажратиб қўяди». ("Анфол" сураси, 24-оят). (Аллоҳ инсон билан қалбининг орасини ажратгандан кейин, у ўзини ўнглай олмай қолади. Инсон ўз қалбига молик бўлмай қолмайди. «Тафсири ҳилол».)

Бу Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг сўзи. Роббимиз субҳанаҳу ва таоло бу сўзни муросасозликка бориб ҳавойи истакларга юз тутганимизда бизни огоҳлантириб айтган. Лекин нима учун ажратиб қўяди?

«Аллоҳ киши билан унинг қалбини ажратиб қўяди»...

Чунки у ушбу хазинадан ва уни ҳимоя қилиш йўлларидан юз ўгиради ҳамда мен сизларга айтганимдек, ҳавойи истаклари, шаҳватлари ва уни бошқарадиган муросасозликларига таслим бўлади.

Дуо қилинглар, эй Аллоҳнинг бандалари. Биз Аллоҳнинг ҳузурига йўл олганимизда, ушбу хазина қалбимизда тўлиб-тошган ҳолда бўлсин. Мудраб ётса-да, ўлик бўлмасин.

Бунга қандай қилиб эришилади? Албатта муросасозликдан, бир руҳий ҳолатдан қарама-қарши руҳий ҳолатга ўтиш (реакция)дан қутулиш билан, ҳавойи истаклар, ўзимизни устун кўрадиган қилиб қўядиган шахсий манфаатлардан озод бўлишимиз билан эришамиз. Бу бугун биз бошимиздан ўтказаётган нарсанинг давосидир, эй Аллоҳнинг бандалари.

Ушбу сўзимни айтиб Аллоҳдан мағфират сўрайман.

 

Муҳаммад Саид Рамазон БУТИЙ
Абдуллоҳ Ғуломов таржимаси


 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!