Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Аллоҳнинг ғазабини кетказувчи амал 

1329

Аксарият одамлар садақа қилиш фақатгина бой-бадавлат одамларга хос деб ўйлайдилар. Йўқ, асло ундай эмас. Аслида ҳар ким имкониятидан келиб чиқиб хайр-садақа қилиши мумкин. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Яримта хурмо бериб бўлса ҳам дўзахдан сақланинглар”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Қолаверса, садақа фақатгина бирор камбағал, мискин ёки кам таъминланганга моддий ёрдам бериш билан чегараланмайди. Ҳадисларда садақа қилишнинг жуда кўп турлари баён қилинган.

  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Яхши сўз садақадир", дедилар (Имом Бухорий ривояти).

  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ҳар бир яхшилик садақадир", дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Йўлдан азият етказовчи нарсаларни олиб ташлаш садақадир", дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Биродаринг юзига табассум билан қарашинг садақадир", дедилар (Имом Термизий ривояти).

  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш (Амру маъруф ва наҳий аънил мункар) садақадир", дедилар (Имом Термизий ривояти).

  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўлидан адашганга йўл кўрсатиш садақадир", дедилар (Имом Термизий ривояти).

  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Банда ёмонликдан тийилсин. Зеро, мана шу нарса унинг учун садақадир”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилиш садақадир", дедилар.

Демак, пул сарфламасдан ҳам садақа қилиш мумкин экан. 

Садақа

Севимли Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг сахийи эдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларидаги бор нарсани Аллоҳ учун инфоқ, эҳсон қилардилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳунайн куни озод қилинган кишиларнинг қалбларини Исломга мойил қилиш учун ҳадялар улашдилар, юзталаб туяларни бериб юбордилар.

Сафвон ибн Умайя мусулмон бўлмасидан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганида, унга икки тоғ орасидаги қўйларни садақа қилдилар. Шунда у қавмининг олдига бориб: “Эй қавмим, Исломга киринглар. Муҳаммад фақирликдан қўрқмас экан”, деди.

Садақа – бурҳон (ҳужжат)дир

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам садақа молни камайтирмаслигига қасам ичганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзларига қатъий ишонган саҳобалар розияллоҳу анҳум баъзан молиявий эҳтиёжга жуда муҳтож бўлсалар биласизми қандай йўл тутардилар? Улар фақат Аллоҳга юзланардилар. Оз бўлсада қўлларидаги бор маблағларидан хайр-эҳсон, садақа қилардилар. Ва шак-шубҳасиз Аллоҳ унинг ўрнини кўпайтириб қайтаришига ишонардилар. Ҳа, уларнинг қалбида садақа билан бойлик камаймаслигига тўла ишонч бор эди.

Садақа қилишнинг одоблари

Садақа қилишнинг бир қанча одоблари бор. Банда уларга амал қилгани сари Аллоҳнинг берадиган савоби ҳам ортиб бораверади. Садақа қилган банда 10 баробар, 700 баробар, ҳатто битмас-туганмас ажру мукофотларга эга бўлиши мумкин. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади:

مَّثَلُ ٱلَّذِينَ يُنفِقُونَ أَمۡوَٰلَهُمۡ فِي سَبِيلِ ٱللَّهِ كَمَثَلِ حَبَّةٍ أَنۢبَتَتۡ سَبۡعَ سَنَابِلَ فِي كُلِّ سُنۢبُلَةٖ مِّاْئَةُ حَبَّةٖۗ وَٱللَّهُ يُضَٰعِفُ لِمَن يَشَآءُۚ وَٱللَّهُ وَٰسِعٌ عَلِيمٌ ٢٦١

"Молларини Аллоҳнинг йўлида сарфлайдиганларнинг мисоли, худди бир дона донга ўхшайди. Ундан етти бошоқ ўсиб чиқади, ҳар бошоқда юзтадан дон бор. Ва Аллоҳ кимга хоҳласа, яна кўпайтириб берадир. Ва Аллоҳ қамраб олувчи ва билувчи зотдир" (Бақара сураси, 261-оят).

Аллоҳ Ўзи истаган бандасининг қилган садақаси, инфоқ-эҳсони учун 700 баробардан ҳам ортиқ савоб беради. Аллоҳ таолонинг бандаларига нисбатан фазли ва ажру мукофотларининг чегараси йўқ.

Садақа камбағалнинг қўлига тушгунча Аллоҳга етиб боради

Қилинган хайр-эҳсон ёки садақа муҳтожнинг қўлига тушмасидан олдин Аллоҳ таолога етиб боради.

Хайр-эҳсон қилишнинг яна бир одобларидан бири – уни махфий тарзда беришдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Махфий садақа Аллоҳ таолонинг ғазабини ўчиради”, деганлар.

Махфий садақа беришнинг бир қанча йўллари, услублари бор. Масалан, баъзилар кечаси мискинларнинг уйига бориб, эшигининг олдига озиқ-овқатларни ташлаб келадилар. Айримлар бозорга бориб, камбағал сотувчини топиб, унинг нарсасини савдолашмасдан сотиб оладилар. Бошқалар ночорроқ сотувчилардан 100 сўмлик нарсани 200 сўмга сотиб олишади.

Садақа махфий қилинса, риёкорликдан холи бўлинади. Энг муҳими – садақа олувчи хижолат қилинмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Маҳфий қилинган иш ошкора қилинган ишдан афзал, агар ошкора қилинган иш унга эргашишлари учун қилинган бўлса, у афзалдир”, деганлар (Ҳаким Термизий ривояти).

Демак, садақани ошкора берса ҳам, махфий берса ҳам яхши. Муҳими ният холис Аллоҳ учун бўлсин. Одамларнинг мақтови ёки риёга олиб борувчи амаллардан эҳтиёт бўлиш лозим.

Хайрия қилиш, садақа беришнинг яна бир муҳим одобларидан бири бу уни бажаришга шошилишдир. Яъни қалбингизда бир кишига 1000 сўм садақа қилишни ният қилдингизми дарҳол ўша куни беринг! Агар эртага эрталаб бераман деб кечиртирсангиз, эртаси куни "500 сўм берсам бўлар" деб камайтиришингиз мумкин. Пешинга бориб "100 сўм берсам ҳам бўлади" дейсиз. Кечга бориб "фалончининг бу пулга ҳожати йўқ, бермай қўя қоламан" дейишингиз мумкин. 

Банданинг берган садақаси 70 та шайтоннинг жағини синдириб, тилка-пора қилиб ташлайди. Чунки 70 та шайтон бандани садақа бермасликка пичирлаб васваса қилади. Агар садақани берсангиз 70 та шайтоннинг жағини синдирган бўласиз. Шундай экан, садақа беришга шошилиш лозим.

Садақа кимларга берилади?

Инфоқ-эҳсон, хайрия қилувчи киши садақа олишга муносибларни қидириб топиши керак. Садақани сўрашликдан ўзини тийиб, иффатини сақлаб турадиганлар садақа олишликка энг муносиблар саналади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бир хурмо, икки хурмо ёки бир луқма, икки луқма олиб қайтадиган мискин эмас, балки мискин сўрамасдан ўзини иффатли қилган кишидир", дедилар (Имом Муслим ривояти).

Ҳақиқий мискин ўзи муҳтож бўлсада одамлардан сўрашга уялади, бунга ахлоқи йўл қўймайди. Ана шундай муҳтожларни қидириб топиб, уларга хайр-эҳсон, садақа қилинса ажру савоби янада кўп бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қиёмат куни сизлардан менга энг маҳбубингиз ва энг яқинингиз ҳусни хулқлигингиздир", деганлар.

Хайр-садақа қилганда миннат қилмаслик ҳам жуда муҳим. Берган садақаларини миннат қилувчилар, қилган эҳсонлари сабабли одамларга озор берадиганлар ҳеч қандай савобга эга бўлмайдилар. Аллоҳ таоло:

يَٰأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ لَا تُبۡطِلُواْ صَدَقَٰتِكُم بِٱلۡمَنِّ وَٱلۡأَذَىٰ…….. ٢٦٤

"Эй иймон келтирганлар, садақаларингизни миннат ва озор билан ботил қилманг", деб марҳамат қилган (Бақара сураси, 264-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мискин ёки камбағал одам бирор нарса сўраса, унга қўлларидаги бор нарсани берардилар, агар беришга ҳеч нарсалари йўқ бўлса мулойимлик билан таскин берувчи сўзларни айтардилар.

Садақани гўзал хулқ билан бериш лозим. Қўпол муносабатда бўлмаслик керак. Муҳтожга очиқ чеҳра билан эҳсон ёки садақа қилинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам камбағалларнинг ҳам азиятларига сабр-бардошли эдилар. Кунларнинг бирида бир аъробий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларини тўсиб, ридоларидан ушлаб, қаттиқ силтади. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бўйинларининг орт томонига кийимнинг изи тушиб қолди. Сўнгра у: "Эй Муҳаммад! Менга ҳам ҳузурингдаги Аллоҳнинг молидан берилишига амр қил!" деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам табассум қилдилар ва унга ато беришга амр қилдилар (Имом Муслим ривояти).

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ҳожар онамиз чўри бўлганми ёки малика?

1664 17:35 01.06.2023

Белгород ўққа тутилди: ўн киши яраланган

1038 15:50 01.06.2023

Саудия Арабистони аҳолиси 32 миллиондан ошди

852 14:19 01.06.2023

Аср намозига 30 дақиқа қолган бўлса пешин ўқилмайдими?

2619 10:45 01.06.2023

Қозоғистон: Россия-Украина чегарасига тинчликпарвар кучларни юбориш ҳақида мудофаа вазирлиги муносабати

2497 09:25 01.06.2023

Ўшда халқаро муаззинлар танлови бўлиб ўтди

1463 08:48 01.06.2023
« Орқага