Аллоҳнинг китоби муборакдир

22:00 20.02.2019 557

У(Қуръон)дан ким бурилса, (бир йўла) буриб қўйилур. (Қуръондан бурилиб, бошқа нарсани тутмоқчи бўлган, ҳеч қачон нажот топмабди. Чунки, бир йўла залолатга бурилиб қолган бўлади.) (“Зарийат” сураси, 9-оят)

Ҳидоятдан бурилган инсонни Аллоҳ таоло Қуръондан буриб қўяди. Қуръондан бурилиб, ундан бошқа нарсани тутмоқчи бўлган киши залолатга бурилиб кетади ва барча яхшиликлардан маҳрум бўлади.

Шундай экан:

- Ким Қуръон ёдлашни бошламаган бўлса, бошласин!

- Ким ёдлаган Қуръонини такрорлашни бўшаштирган бўлса, уни мукаммал қилиб олсин!

- Кимнинг Қуръондан кундалик ўқийдиган вазифаси бўлмаса, йўлга қўйсин!

Қуръонни ёдлаш ва уни кечаю-кундуз тиловат қилишда ўзига хос лаззат бор бўлиб, бу лаззат барча қийинчиликларни унуттириб юборади. Шундай экан, машаққатларни унутиб, вақтингизнинг кўпроғини Қуръон тиловатига ажратинг!

Қуръон тиловати сабабли, Аллоҳ таоло уни ўқиган кишининг ақлини доно, хотирасини эса ўткир қилиб қўяди.

- Абдулмалик ибн Умайр айтади: “Инсонларнинг ақли энг боқий (бутун) қолувчироғи Қуръон ўқувчиларидир”.

Бошқа ривоятда: “Инсонларнинг энг ақли ўткири Қуръон ўқувчиларидир”, дейилган.

- Имом Қуртубий айтади: “Ким Қуръон ўқиса, у юз ёшда бўлса ҳам, ақли фойда келтираверади”.

Қуръонни ёдлаш ҳамда уни тиловат қилиб юриш сабабли хотира ўткир бўлиши илмий исботлаган.

- Имом Иброҳим Мақдисий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг шогирди Аббос ибн Абдуддоимга насиҳат қилиб шундай деган: “Қуръон тиловатини кўпайтир, уни асло тарк қилма! Чунки Қуръондан ўқиган миқдорингга қараб, талаб қилган нарсангга эришасан”.

- Ҳакимлардан бири шундай деган экан: “Ақл ва руҳни озиқлантиришда, жисмни муҳофаза қилишда ҳамда бахт-саодатни таъминлашда Аллоҳ таолонинг Китобига давомли назар солишдан кўра фойдалироқ бирор нарсани кўрмадим”.

Қуръонга боғланинг, барака топасиз! Зеро Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган: “Биз сенга нозил қилган Китоб муборакдир. Ақл эгалари унинг оятларини тадаббур қилишлари ва эслашлари учундир. (Қуръон оятларидан ақлли киши эслатма олади)” (“Сод” сураси, 29-оят)

Баъзи муфассирлар айтган экан: “Биз Қуръон билан машғул бўлган эдик, шу дунёнинг ўзидаёқ хайр ва баракаларга кўмилиб кетдик”.

Эй Аллоҳ, эй Раҳмон, эй Роҳийм, Сенинг жалолинг ила сўраймиз! Китобингни Ўзинг буюрганингдек ёдлашни бизга муяссар айла! Қуръонни Сени биздан рози қиладиган тарзда тиловат қилишни, тадаббур қилишни ҳамда унга амал қилишни бизга насиб эт!

* Қуръондан бўлган кундалик вазифангизни асло тарк қила кўрманг. Чунки кунингиздаги бараканинг асосий манбаси мана шудир!

Қудратуллоҳ Сидиқметов

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!