Аллоҳнинг қудратига далолат қилувчи оятлар

20:00 02.04.2018 1550

Қуръони Каримни тадаббур билан ўқиган киши Аллоҳнинг каломи илми-ю қудратига, тамоми ҳикмати-ю раҳматига далолат қилувчи оятларга шоҳид бўлади. Осмонлар-у ерда қанчадан-қанча Унинг буюклиги ва азаматини кўрсатиб турувчи аломатлар бор.

Қуёш, ой, юлдузлар, дархтлар, ҳайвонлар, дарёлар-у денгизлар ва бошқа махлуқоту-мавжудотлар…

Буларни барчасини мукаммал тарзда, тамомила тўлиқ низом ила олти кунда яратди. Агар истаса борлиқдаги барча нарсани бир лаҳзада халқ қилишга ҳам қодир эди. Лекин Аллоҳ таолонинг ҳикмати олти кунда яратишни тақозо қилди.

{ وَرَبُّكَ يَخْلُقُ مَا يَشَاءُ وَيَخْتَارُ }

Раббингиз Ўзи истаган нарсани яратур ва (хоҳлаган ишни) ихтиёр қилур (Қасас сураси 68-оят).

{ إِنَّمَا أَمْرُهُ إِذَا أَرَادَ شَيْئًا أَنْ يَقُولَ لَهُ كُنْ فَيَكُونُ }

Бирор нарсани  (яратишни) ирода қилганда, Унинг иши фақатгина: “Бўл!”- дейишдир. У (нарса) эса бўлур (вужудга келур) (Ёсин сураси 82-оят).

{ وَمَا أَمْرُنَا إِلَّا وَاحِدَةٌ كَلَمْحٍ بِالْبَصَرِ }

Бизнинг фармонимиз фақат биргина (“Бўл”, – деган сўз) дир. (Муддати) кўз очиб юмгунчадир (Ар-Раҳмон сураси 50-оят).

Аллоҳ таоло ўзининг азалий китоби бўлмиш Қуръони Каримда эслатма олувчилар учун ибрат, ҳақиқий чинакам имон эгаларига мўъжиза бўлгудек, ҳайратга соладиган ажойиботларни баён қилди.

Исо ибн Марям Аллоҳнинг изни билан туғма кўрларни кўзини очар, моҳов билан касалланганларни муолажа қилиб уларни дарддан фориғ этар эдилар. Вафот этган одамнинг олдига келиб уни Аллоҳнинг изни билан тирилтирар, ҳатто ўликларни  Аллоҳнинг изни билан қабрларидан чиқарар эдилар.

﴿ وَتُبْرِئُ الْأَكْمَهَ وَالْأَبْرَصَ بِإِذْنِي وَإِذْ تُخْرِجُ الْمَوْتَى بِإِذْنِي ﴾

Менинг изним билан кўр билан песни тузатдинг. Менинг изним билан ўликларни (қабрларидан тирик ҳолда) чиқардинг (Моида сураси 110-оят).

Қуръони Каримнинг Бақара сурасида бешта ҳодиса зикр қилинган. Уларнинг барчасида Аллоҳнинг изни билан ўликларни қайта тирилиши баён этилади.

1) Аллоҳ таоло “Аллоҳни ошкора кўрмагунимизча, сенга ҳеч ҳам ишонмаймиз” деб саркашлик қилган  Бани Исроилнинг қиссасида айтади:

{ وَإِذْ قُلْتُمْ يَامُوسَى لَنْ نُؤْمِنَ لَكَ حَتَّى نَرَى اللَّهَ جَهْرَةً فَأَخَذَتْكُمُ الصَّاعِقَةُ وَأَنْتُمْ تَنْظُرُونَ }{ ثُمَّ بَعَثْنَاكُمْ مِنْ بَعْدِ مَوْتِكُمْ }

“Эй, Мусо, Аллоҳни ошкора кўрмагунимизча, сенга ҳеч ҳам ишонмаймиз”- дейишингиз билан кўз ўнгингизда сизларни чақмоқ урганини ҳам эслангиз. Сўнгра шукур қилурсизлар, деб, ўлганингиздан кейин яна сизларни тирилтирдик (Бақара сураси 55-56-оятлар).

2) Аллоҳ таоло сигир қиссасида шундай дейди:

Мусо алайҳиссалом замонида бир бой киши бўлиб, унинг ягона  қашшоқ амакиваччасидан бошқа меросхўри йўқ эди. Унинг ўлимини пойлаб тоқати тоқ бўлади ва бойни ўлдириб қўшни қишлоққа элтиб ташлайди. Ўзи эса бир неча бегуноҳ кишиларга туҳмат қилиб, гўё бойни ўшалар ўлдирган, деб даъво билан Мусо алайҳиссаломга арз қилади. У зот Аллоҳдан муаммони ҳал қилишда ёрдам сўрайдилар. Аллоҳ таоло уларга бир сигирни сўйиб, уни бир бўлагини олиб, бойнинг мурдасини у билан урсалар, у тирилиб, ўз қотилини айтиб беради, деб буюради.

{ فَقُلْنَا اضْرِبُوهُ بِبَعْضِهَا كَذَلِكَ يُحْيِي اللَّهُ الْمَوْتَى وَيُرِيكُمْ آيَاتِهِ لَعَلَّكُمْ تَعْقِلُونَ }

Дедик: “Уни (ўлдирилган одамни) унинг (сўйилган сигирнинг) бир бўлаги билан уринглар”. Аллоҳ ўликларни (худди) шу каби (осонгина) тирилтиради ва ақл ишлатишларингиз (фикр юритишларингиз) учун сизларга ўз аломатларини кўрсатади (Бақара сураси 73-оят).

3) Вайрон бўлган қишлоқдан ўтаётган Узайр алайҳиссаломнинг қиссаларида:

أَوْ كَالَّذِي مَرَّ عَلَى قَرْيَةٍ وَهِيَ خَاوِيَةٌ عَلَى عُرُوشِهَا قَالَ أَنَّى يُحْيِي هَذِهِ اللَّهُ بَعْدَ مَوْتِهَا فَأَمَاتَهُ اللَّهُ مِائَةَ عَامٍ ثُمَّ بَعَثَهُ قَالَ كَمْ لَبِثْتَ قَالَ لَبِثْتُ يَوْمًا أَوْ بَعْضَ يَوْمٍ قَالَ بَلْ لَبِثْتَ مِائَةَ عَامٍ فَانْظُرْ إِلَى طَعَامِكَ وَشَرَابِكَ لَمْ يَتَسَنَّهْ وَانْظُرْ إِلَى حِمَارِكَ وَلِنَجْعَلَكَ آيَةً لِلنَّاسِ وَانْظُرْ إِلَى الْعِظَامِ كَيْفَ نُنْشِزُهَا ثُمَّ نَكْسُوهَا لَحْمًا فَلَمَّا تَبَيَّنَ لَهُ قَالَ أَعْلَمُ أَنَّ اللَّهَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ (259)

Ёки таг-туги билан вайрон бўлган қишлоқдан ўтаётганни кўрмадингизми? У: «Аллоҳ бу харобани қандай жонлантираркин?» деди. Шунда Аллоҳ уни юз йилга ўлдирди, сўнг тирилтириб: «Қанча ётдинг?» деди. У: «Бир кун ё ундан ҳам озроқ ётдим», деди. «Йўқ, юз йил ётдинг, таом ва ичимлигингга қара, бузилмаган, энди эшагингни кўр. Бу сени одамларга ибрат қилиш учун. Суякларни қандай тиклаб, уларга гўшт қоплашимизни кўр», деди. Булар аниқ бўлгач: «Аллоҳ ҳамма нарсага қодирлигини билдим», деди (Бақара сураси 259-оят).

Бу воқеа Узайр алайҳиссалом билан содир бўлган эди. Аллоҳ таоло Ўз қудратини кўрсатиш учун унинг жонини олди ва эшагини ҳам ўлдирди. Кейин юз йил ўтказиб тирилтирди. Узайр алайҳиссалом анжир ва шароби бузилмай турганини, лекин миниб келган эшаги ўлиб, чириб кетганини кўрди. Аллоҳ таоло Узайр алайҳиссалом кўз ўнгида эшагига жон ато этди, уни миниб янги тикланган шаҳарга кирди. Бу воқеани ҳамма кўриб ҳайратда қолди. Узайрнинг ўзида ҳам мушоҳада илми пайдо бўлиб, Аллоҳ таолонинг ҳамма нарсага қодирлигига яна бир бор иймон келтирди.

4) Душмандан қўрқиб  яшаб турган диёрларини ташлаб чиққан бир жамоа ҳақида Аллоҳ таоло шундай дейди:

أَلَمْ تَرَ إِلَى الَّذِينَ خَرَجُوا مِنْ دِيَارِهِمْ وَهُمْ أُلُوفٌ حَذَرَ الْمَوْتِ فَقَالَ لَهُمُ اللَّهُ مُوتُوا ثُمَّ أَحْيَاهُمْ إِنَّ اللَّهَ لَذُو فَضْلٍ عَلَى النَّاسِ وَلَكِنَّ أَكْثَرَ النَّاسِ لَا يَشْكُرُونَ (243)

(Эй Муҳаммад,) ўлимдан қўрқиб, диёрларидан қочиб чиққан минглаб одамларни кўрмадингизми? Аллоҳ уларга «Ўлинглар!» деди, сўнг уларни тирилтирди. Аллоҳ, албатта, одамларга фазл қилувчидир, лекин уларнинг кўпчилиги шукр қилмайди (Бақара сураси 243-оят).

Аввалда ўтган умматлардан бир жамоа (уларнинг адади бир неча минг эди) душмандан хавфсираб, уй асбоблари ва зарур ашёларини олган ҳолда яшаб турган диёрларини ташлаб чиқишди. Душманга қарши курашиш ўрнига жонларини қутқариб қолишни афзал кўришди. Улар Аллоҳ таолонинг тақдирига кўнишмади, Унга таваккул қилишмади, қадарга ишонишмади. Маълум бир масофа йўл юришганида Аллоҳ таолодан «Ўлинглар!» деган ҳукм келди. Ҳамма бир лаҳзада ўлди, ҳеч ким омон қолмади. Кейин пайғамбарлари дуоси туфайли Аллоҳ таоло тавба қилишлари учун яна ҳаммаларини тирилтирди. Бу воқеадан ибрат шуки, Аллоҳ таоло йўлида жанг қилиш ё мол сарфлашдан ҳеч ким ҳаргиз четланмасин. Чунки жон ҳам, мол ҳам ёлғиз Аллоҳ таолонинг мулкидир. Истаса, ўликка жон ато қилади, хоҳласа, ғариб-мискин кишини подшоҳ этиб кўтаради. Олгиси келса, соғнинг ҳам жонини олади, подшоҳни гадога айлантиради. Ҳеч ким камбағаллашиб қоламан, дея Аллоҳ таоло йўлида қарзи ҳасана (чиройли қарз) беришдан хавфсирамасин. Ризқни камайтириб, тор қилувчи ҳам, уни кенгайтириб, мўл қилувчи ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзидир.

5) Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳдан ўликларни қандай тирилтиришини кўрсатишини сўраганларида:

وَإِذْ قَالَ إِبْرَاهِيمُ رَبِّ أَرِنِي كَيْفَ تُحْيِي الْمَوْتَى قَالَ أَوَلَمْ تُؤْمِنْ قَالَ بَلَى وَلَكِنْ لِيَطْمَئِنَّ قَلْبِي قَالَ فَخُذْ أَرْبَعَةً مِنَ الطَّيْرِ فَصُرْهُنَّ إِلَيْكَ ثُمَّ اجْعَلْ عَلَى كُلِّ جَبَلٍ مِنْهُنَّ جُزْءًا ثُمَّ ادْعُهُنَّ يَأْتِينَكَ سَعْيًا وَاعْلَمْ أَنَّ اللَّهَ عَزِيزٌ حَكِيمٌ (260)

Иброҳим: «Эй Парвардигорим, ўликларни қандай тирилтиришингни кўрсат!» деганида, У: «Ишонмадингми?» деганини эсланг. У: «Ишондим, лекин дилим хотиржам бўлиши учун», деди. Аллоҳ: «Тўртта қушни олдингга тўпла-да, уларни бўлаклаб, ҳар бўлагини турли тоғларга жойла, кейин уларни чақирсанг, тезда олдингга келишади ва билки, Аллоҳ, албатта, қудратли ва ҳикматлидир», деди (Бақара сураси 260-оят).

Ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳ таоло ҳукми билан тўрт парранда (товуқ, қарға, товус ва кабутар) олиб келгач, уларни боқиб ўзларига ўргатдилар. Паррандалар ҳам у зотни таниб қолишди, қачон чақирсалар, чопиб келишарди. Кейин ҳаммасини сўйиб, бир тоғ устига қушларнинг бошини, бошқасига танасини, яна бир тоққа оёқларини ташлаб келдилар. Ўзлари ўртада туриб, паррандалардан бирини чақирдилар. Унинг боши учиб келиб, ҳавода турди, кейин тани келиб қўшилди, сўнг қаноти ва оёқлари келиб бирикди, олдиларига югуриб келди. Қушларнинг қолган учтаси ҳам шу тарзда тирилиб келишди.

Тошкент тумани “Холмуҳаммад ота” жомеъ масжиди имом-хатиби
Авазхўжа БАҲРОМОВ манбалар асосида тайёрлади.

Манба: ЎМИ Тошкент вилояти вакиллиги расмий сайти

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!