Иймон

Аллоҳнинг раҳмат эшиги ва... таксист

1252

Ашраф Али Таҳонавийнинг охирги халифалари Аброрулҳақ роҳматуллоҳи алайҳимнинг муриди ҳикоя қилади:

«Мен, бир биродаримиз ва устозимиз Аброрулҳақ роҳматуллоҳи алайҳ билан бир устознинг зиёратига бормоқчи бўлиб, уйдан чиқдик. Борадиган жойимиз унчалик узоқ эмасди, лекин Аброрулҳақ роҳматуллоҳи алайҳ кексайиб қолганлари учун таксига минсакмикин деб, уй олдида бир оз тўхтаб қолдик. Ўн-ўн беш қадам нарида бир такси ҳайдовчиси эса бизни кузатиб турарди. Маслаҳатлашиб, таксида борадиган бўлдик. Ҳайдовчи у томон юрганимизни кўриб, машинасининг эшикларини очиб, бизни кутиб олди. Машинага ўтиргач, Аброрулҳақ роҳматуллоҳи алайҳ «Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган кишисини (пайғамбарликка) танлаб олур ва Унга илтижо қилувчи кишини ҳидоят қилур» деган оятни ўқиб, шундай дедилар:

«Аллоҳ таоло пайғамбар, расул ва баъзи валий бандаларини улардан бирор ҳаракат бўлмай туриб ҳам Ўзига дўст қилиб олади. Шу тариқа улар Аллоҳ таолонинг муқарраб бандаларига айланадилар. Бироқ, яна баъзи бандаларни Аллоҳ таоло мана шу ҳайдовчи каби кузатиб туради. Агар улар Аллоҳ таоло томон юрсалар, ҳайдовчи бизга машинасининг эшикларини очгани каби, Ўзининг раҳмат эшигини очади, Ўзи томон интилган бандаларни мақсадларига эриштиради. Агар бошқа йўлни ихтиёр қилишсалар, уларни ўз ҳолига ташлаб қўяди», дедилар…

Кун иссиқ эди. Ҳайдовчи машинанинг кондиционерини ёқиб қўйди, лекин машинанинг салони ҳадеганда совийвермади. Ҳайдовчи йўлдан кўзини узмай: «Бирортангиз томондаги ойна очиқ шекилли, илтимос, беркитиб қўйинглар», деди. Ростдан ҳам, шеригимиз томондаги ойна очиқ экан, уни беркитиб қўйдик.

Ойналар ёпилгач, машинанинг ичи яна ҳам исиб кетгандек бўлиб, бироз беҳаловат бўлдик. Бироқ, сал ўтмай машинанинг ичи салқин бўлиб қолди, жонимиз кириб, баданимиз роҳатланди. Шунда Аброрулҳақ роҳматуллоҳи алайҳ Раъд сурасидаги «Иймон келтирган ва Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топганлар. Аё, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топмасми?» оятини ўқидилар, сўнг «Иссиқ кунда ҳамма сўлим-салқин жойга қочади. Бироқ, Аллоҳнинг зикри қалб учун салқин жойданда роҳатлироқдир. Зикр – гўё иссиқдан беҳаловат бўлган қалбнинг кондиционеридир. Лекин 

العينان نافذتا القلب 

«Кўзлар қалбнинг деразаларидир» дейилган. 

Агар инсоннинг кўз деган ойнаси ҳаромдан, қулоқ деган ойнаси беҳуда гап-сўзу шайтоннинг нағмаларидан, оғиз деган ойнаси ғийбату бефойда сафсаталардан ёпилмас экан, зикр қалбга ором бағишлай олмайди», дедилар».

Қудратуллоҳ Аҳмад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Даҳрий дўстим билан баҳс(биринчи қисм)

1715 21:00 21.02.2020

Аллоҳнинг лашкарлари билан ҳазиллашманг!

1643 07:30 21.02.2020

«Инсон жаннат учун яратилган (учинчи мақола)

596 16:00 19.02.2020

«Аллоҳнинг олдида икки қиёминг бор...»

726 15:00 18.02.2020

«Инсон жаннат учун яратилган (иккинчи қисм)

488 13:40 18.02.2020

Фолбинлар - фирибгардирлар ёки оқ товуқ-қора товуқ

817 08:45 17.02.2020
« Орқага