Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз!

10:48 07.11.2017 2251

Меҳрибон Роббимиз ўзининг каломида марҳамат қилади: “(Эй, Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: “Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз![1]

Умид – кишиларни ҳаётда баъзи машаққат ва қийинчиликларга чидаб, матонат билан яшашида, бошига тушган кулфатларга мардонавор туриб бардош беришида уларга мадад бўладиган маънавий қувват манбаидир. Халқимизда “Ноумид шайтон” деган ажоиб нақл бўлиб, бошига оғир мусабат тушган, нима қиларини билмай қолган кишиларга тасалли бериш, ҳали олдинда уни ёруғ кунлар кутаётганига ишонтириш, машаққат-у қийинчиликларга қарамай олға юришга ундаш мақсадида айтилади. Баъзи ҳолларда эса умид узиш кишига тасалли ва  хотиржамлик беради. Бир сўз билан айтганда, умид тушкунликка тушган кишининг йўлчи юлдузидир.

Хўш, ана шу йўлчи юлдуз борасида Ислом шариати, Ислом фиқҳида нима дейилган? Сиз азиз ўқувчиларнинг ҳукмига ана шу борадаги қисқача маълумотларни ҳавола қиламиз.

Баъзи нарсаларни юзага келишидан умид узиш жоиз. Бунинг ҳеч қандай зарари йўқ. Балки амалга ошиши қийин бўлган ишларда умид узиш қалбни ором олишига сабаб бўлади. Ҳадиси шарифда ҳам: “Одамларнинг қўлидаги нарсадан тўлиқ умид узинг[2], дейилган.

Мусулмон инсон Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид бўлиши жоиз эмас. Ризқ, бола кўриш ва йўқолган нарсани топиш, касалликдан тузалиш ёки гуноҳкорнинг мағфиратдан ноумид бўлиши кабилар Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид бўлишга мисолдир.

Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид бўлиш қайтарилган амаллардан саналади. Уламолар уни гуноҳи кабирлар қаторида санашган. Ибн Ҳажар Маккий раҳматуллоҳи алайҳ уни гуноҳи кабира эканига иттифоқ қилинган амаллардан бири деб ҳисоблаган. Чунки у ҳақда қаттиқ ваъид келган. Чунончи, Аллоҳ таоло бу ҳақда Юсуф сурасининг 87-оятида: “Зеро, Аллоҳнинг раҳматидан фақат кофирлар қавмигина ноумид бўлур”, деган. Ҳижр сурасининг 56-оятида эса: “У деди: “Парвардигорининг раҳматидан фақат гумроҳ кимсаларгина ноумид бўлурлар”, деган.

Ибн Абу Ҳотам ва Баззор раҳматуллоҳи алайҳларИбн Аббос розияллоҳу анҳумадан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Гуноҳи кабиралар нима?”, деб сўралди. У зот: “Аллоҳ таолога ширк келтириш, Унинг раҳматидан ноумид бўлиш ҳамда Аллоҳнинг макридан хавф қилмаслик. Шу гуноҳи кабираларнинг энг каттасидир[3], дедилар. Ҳадиснинг мавқуф экани тўғрироқ. Абдурраззоқ ва Табароний раҳматуллоҳи алайҳларнинг ривоят қилишича, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу унинг гуноҳи кабира эканини айтганлар. Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ: “Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид бўлиш қатъий насс билан собит бўлган нарсани ёлғонга чиқариш бўлгани боис гуноҳи кабира саналади”, деган. Қолаверса, ноумидлик сабаб бундан ҳам ёмонроқ ҳолат пайдо бўлиши мумкин. Яъни, бундай киши ўзига Аллоҳнинг раҳмати етишидан умид узади. Аллоҳ таолонинг: “Агар унга ёмонлик етиб қолса, у умидсизликка, тушкунликка тушувчидир[4] оятидаги қунут-тушкунлик мана шудир. Баъзан Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидсизликка тушганлар “Энди менга Аллоҳнинг раҳмати бўлмайди ва кофирлар каби азобланаман”, деган ҳаёлга бориб қолади. Мана шу Аллоҳ таоло ҳақида ёмон гумон қилишдир[5].

Ризқ масаласида ноумид бўлишдан қайтарган ҳадислар ҳам мавжуд. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Холиднинг Ҳабба ва Савоъ номли икки ўғлига: “Сизларнинг бошларингизни жунбушга келтирса ҳам ризқдан ноумид бўлманглар[6], деганлар.

Фақирлик, ҳожатмандлик ва мусибат сабабли тушкунликка тушмаслик борасида қуйидаги оят нозил бўлган: “Қачонки, Биз одамларга бирор марҳамат тоттирсак улар бундан шодланадилар. Агар ўз қилмишлари сабабли уларга бирор ёмонлик (мусибат) етса, бирданига улар ноумид бўла бошлайдилар. Аллоҳнинг хоҳлаган кишилар ризқини фаровон қилиши ва (бошқалар ризқини) танг қилишини кўрмадиларми?! Албатта, бунда имон келтирувчи қавм учун аломатлар бордир![7].

Гуноҳларнинг мағфират этилишидан ноумид бўлмаслик борасида Аллоҳ таоло бундай дейди: “(Эй, Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: “Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. Албатта, Унинг Ўзи мағфиратли ва раҳмлидир[8].

Гуноҳларни мағфират қилиш Аллоҳ таолога қийинчилик туғдирмайди. Унинг раҳмати барча нарсадан кенгдир. Шунинг учун ҳар бир ҳолатда Аллоҳ таолога қайтиш матлуб иш саналади. Бандалар модомики ўлимдан аввалги ғарғара ҳолатига бориб қолмаган экан, Аллоҳ таолодан гуноҳларини кечиришини сўрашлари мумкин.

Машҳур қавлга кўра, ўлим ҳолатига келиб қолган муҳтазар кишининг тавбаси мақбул эмас. Бу худди ўша ҳолатда имон келтирган кишининг имони қабул бўлмаганига ўхшайди. Бу жумҳур уламоларнинг қавлидир. Баъзи ҳанафийлар ўлим ҳолатидаги кишининг тавбаси билан имони орасини фарқлашган. Уларнинг айтишича, агар у тавба қилса, тавбаси қабул бўлади. Лекин имон қабул бўлмайди[9]. Бу борада кўпроқ маълумот олиш учун фиқҳ асарларининг “Иҳтизор” ва “Тавба” бўлимларига қаранг.

Ким кофир ҳолатда вафот этса, у ҳақиқатда Аллоҳ таолонинг мағфирати ва раҳматидан ноумид бўлади. Зеро,  Аллоҳ таоло бундай деган: “Аллоҳнинг оятларини ва У билан мулоқотда бўлишни инкор қилган кимсалар, айнан ўшалар Менинг раҳматимдан ноумид (маҳрум) кимсалардир ва улар учун аламли азоб бордир[10]. Имон билан кетган киши борасида Аллоҳ таолонинг раҳмати умид қилинади.

Хулоса ўзингиздан.

Зияуддин БЕКМУҲАММАД тайёрлади.

 

[1]Зумар сураси, 53-оят

[2]Мазкур ҳадисни Имом Аҳмад “Ал-Муснад”да Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган. “Маймания” нашри. 5-жилд, 412-бет. Бусайрий “Завоид”да, шунингдек, Ибн Можанинг “Таълиқот”ида ҳам (“Ҳалабий” нашри, 2-жлд, 1396-бет) заиф деган. Лекин, Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг ҳадис уни қувватлайди. Уни Имом Ҳоким ривоят қилган ва “Саҳиҳ” деган (“Доиратул маъориф Усмония” нашри, 4-жилд, 326-бет). Заҳабий ҳам у кишига мувофиқ келган.

[3] Баззор ва Табароний ривоят қилган. “Ал-Мажмаъ”. 4-жилд, 104-бет, “Мақдисий” нашрёти. Унинг ровийлари ишончли.

[4] Фуссилат сураси, 49-оят.

[5]“Завожир ъан иқтирофил кабоир”. Ибн Ҳажар. 1-жилд, 82 ва 83- бетлар.

[6]“Ал-Муснад”. Имом Аҳмад. 3-жилд, 469-бет, “Маймания” нашри. “Ас-Сунан”. Ибн Можа. 2-жилд, 1394-бет, “Ҳалабий” нашри. Бусайрий: “Унинг исноди саҳиҳ”, деган.

[7] Рум сураси, 36 ва37-оятлар.

[8] Зумар сураси, 53-оят.

[9]“Роддул мухтор”. Ибн Обидин. 1-жилд, 571-жилд ҳамда 3-жилд, 289-бет.

[10]Анкабут суроаси 23-оят.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!