Илм

Аллоҳнинг йўлига чақириш одоблари

1177

Тоқати етган даражада Аллоҳнинг йўлига чақириш ҳар бир мусулмоннинг зиммасидаги амаллардан ҳисобланади. Бунда даъватчи даъват одобларига риоя қилиши лозимдир. Қуйида биз қисқача қилиб унинг одобларидан энг зарурларини зикр қилиб ўтамиз:

 

Биринчи одоб – ихлосли бўлиш.

Қилинаётган амаллар Аллоҳнинг ҳузурида қабул бўлиши учун ихлос шарт қилингандир. Яъни даъватчи ҳақиқий даъватчи бўлиши ҳамда амали Аллоҳнинг ҳузурида қабул бўлиб, унга савоб олиши учун ихлос муҳим ўрин тутади. Агар амалда ихлос бўлмаса, у самара бермайди ва оқибати ёмон бўлади. Аммо ихлос билан қилинган амаллари учун банда улкан ажрларга эга бўлади.

 

Иккинчи одоб – илмли бўлиш.

Даъватчи нимага даъват қилаётган бўлса, ўша нарсанинг илмини аввал ўзи билиши лозим. Агар у одамларни ўзи билмаган нарсага даъват киладиган бўлса, унинг фойдасидан кўра зарари кўпроқ бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилиб шундай дейди:

«Бу – менинг йўлимдир. Мен Аллоҳга ишонч ила чақираман ва менга эргашганлар ҳам. Аллоҳ покдир. Ва мен мушриклардан эмасман», деб айт» (Юсуф сураси, 108-оят).

Даъватчи қачон даъват қилишни, кимни даъват қилишни ва қандай даъват қилишни билиши учун шаръий илмни, хусусан, даъват илмини пухта эгаллаган бўлиши лозим. Чунки илм амалнинг йўлбошчисидир. Кўпчилик даъватчилар бу нарсалардан бехабар бўлган ҳолда даъват қилишади ва уларнинг фойдасидан сўра зарари кўпроқ бўлади. Натижада улар одамларни Исломдан нафратлантириб қўйишади.

 

Учинчи одоб – тингловчиларнинг ҳолини ҳисобга олиб дават қилиш.

Аллоҳнинг йўлига чақирувчи киши даъват қилинаётган инсонларнинг ҳолатини ҳисобга олиши лозим. Шунга кўра у муносиб ва манфаатли услубни ихтиёр қилсин. Мисол учун, оддий халқни даъват қилишда фойда берган услуби подшоҳларни даъват қилишда фойда бермаслиги мумкин. Шунинг учун Аллоҳ таоло Мусо ва Ҳорун алайҳиссаломларни Фиръавнга юбораётганида уларга қуйидагича йўл кўрсатган:

Бас, унга юмшоқ сўз айтинглар. Шояд, эсласа ёки қўрқса» (Тоҳа сураси, 44-оят).

Шунингдек, чайқовчилик билан шуғулланувчи савдогарларга манфаат берган услуб китобхонлар ва ақлий меҳнат билан шуғулланувчи зиёлиларга фойда бермаслиги мумкин. Даъватчи киши одамларнинг касби-кори ва фикр юритиш доирасидан келиб чиқиб, жамиятнинг турли қатламига турлича услуб билан даъват қилиши лозим бўлади. Бундан мақсад ҳар бир инсонга у тушунадиган услубда ва унинг тилида даъват қилишдир. Қуръони Каримда шундай дейилган:

«Қайси бир расулни юборган бўлсак, баён қилиб бериши учун, ўз қавми тили ила юборганмиз. Бас, Аллоҳ кимни хоҳласа, залолатга кетказур, кимни хоҳласа, ҳидоятга соладир. У ўта иззатлидир, ўта ҳикматлидир» (Иброҳим сураси, 4-оят).

 

Тўртинчи одоб – мумкин бўлган имкониятдан фойдаланиб қолиш.

Даъватчи фурсат бўлиши билан уни ўтказиб юбормасдан, барча қулай имкониятлардан фойдаланиб қолиши лозим. Масалан, одамлар жанозага ҳозир бўлишса, шу фурсатдан фойдаланиб олсин. Яъни одамлар қаерда бирор воқеа-ҳодиса сабабли жам бўлишса, қаерда даъватга имконият бўлса, уларни одоб-ахлоққа чақириб, уларга яхшиликни насиҳат килиб олиши керак. Юсуф алайҳиссалом зиндондаги вақтини ҳам беҳуда ўтказмади. У зот бу фурсатни ғанимат билди. У ердаги ҳамзиндон бўлган йигитларни тўғри йўлга даъват қилди. Қуръони Карим бу ҳақда шундай хабар беради:

«У айтди: «Сизларга ризқ бўладиган таом келгунига қадар унинг қандай эканининг хабарини берурман. Бу менга Роббим ўргатган нарсалардандир. Албатта, мен Аллоҳга иймон келтирмайдиган ва охиратга кофир бўлган қавмнинг миллати(дини)ни тарк этганман. Ва оталарим Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқубнинг миллатига эргашдим. Биз учун Аллоҳга бирор нарсани шерик қилиш мумкин эмас эди. Бу Аллоҳнинг бизга ва одамларга бўлган фазлидир, лекин одамларнинг кўплари шукр қилмаслар. Эй ҳамзиндон ўртоқларим, турли-туман робблар яхшими ёки ягона, Қаҳҳор Аллоҳми? Сизлар Ундан ўзга, ўзингиз ва ота-боболарингиз номлаб олган, Аллоҳ улар ҳақида ҳеч қандай ҳужжат туширмаган исмларга ибодат қилмоқдасиз. Ҳукм фақат Аллоҳнинг Ўзига хосдир, У фақат Ўзигагина ибодат қилишингизни амр этди. Ана ўша тўғри диндир, лекин одамларнинг кўплари билмаслар» (Юсуф сураси, 37 — 40-оятлар).

Даъватчи ҳар бир фурсатдан мана шундай фойдаланиб қолмоғи лозим.

 

Бешинчи одоб – даъват қилиш учун турли ҳолат ва вақтларни ҳисобга олиш.

Даъват қилинувчи кишининг ҳолатини ҳисобга олиб даъват қилиш керак. Масалан, ухлаб ётган кишини уйғотиб даъват қилинмайди. Ёки ғазаби қайнаб турган киши ҳам даъват қилинмайди. Бунда у жаҳл билан ҳақни инкор қилиб юбориши ва катта гуноҳга мубтало бўлиши мумкин. Агар сокин ҳолида даъват қилинса, у даъватга қулоқ осади. Шунинг учун даъватга муносиб вақтни, муносиб ҳолатни ва шу пайтда гапириш муносиб бўлган гапларни ихтиёр қилиши лозим.

 

Олтинчи одоб – даъватни Аллоҳ таоло бошлаган даъват билан бошлаш.

Аллоҳ таолонинг пайғамбарлари ўз қавмларини даъват қилишда даъватни аввал тавҳиддан, Аллоҳга ихлос ила ибодат қилишдан ва тавҳид калимасининг ҳақиқий маъноси нима экани ҳақида таълим беришдан бошлашган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай дейди:

«Батаҳқиқ, ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг», – деб расул юборганмиз. Бас, улардан Аллоҳ ҳидоят қилганлари ҳам бор ва устиларига залолат ҳақ бўлганлари ҳам бор. Бас, ер юзида юриб, ёлғонга чақирувчиларнинг оқибати қандай бўлганига назар солинг» (Наҳл сураси, 36-оят).

«Сендан илгари юборган ҳар бир расулга: «Албатта, Мендан ўзга илоҳ йўқ. Бас, Менга ибодат қилинг», – деб ваҳий қилганмиз» (Анбию сураси, 25-оят).

Нуҳ алайҳиссалом даъватни шундай бошлаган: «Батаҳқиқ, Нуҳни ўз қавмига юбордик. Бас, у: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинглар. Сизлар учун Ундан ўзга илоҳ йўқ. Албатта, мен сизлар учун буюк Куннинг азобидан қўрқаман», – деди» (Aъроф сураси, 59-оят).

Шунингдек, Ҳуд алайҳисссалом: «​​​​​​​Ва Одга ўз биродари Ҳудни (юбордик). У: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинглар. Сизларга Ундан ўзга илоҳ йўқ. Тақво қилмайсизларми?!» – деди» (Aъроф сураси, 65-оят).

Солиҳ алайҳиссалом ҳам ўз қавмларини: «​​​​​​​Ва Самудга ўз биродарлари Солиҳни (юбордик). У айтди: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинглар. Сизлар учун Ундан ўзга илоҳ йўқ. Сизга Роббингиздан очиқ-ойдин ҳужжат келди. Мана бу сизларга оят (белги) бўлган Аллоҳнинг туясидир. Уни тек қўйинг, Аллоҳнинг ерида еб юрсин. Унга ёмонлик етказмангки, у ҳолда сизни аламли азоб тутгай!», дея даъват қилганлар (Aъроф сураси, 73-оят).

Шуайб алайҳиссалом ҳам: «​​​​​​​Ва Мадянга ўз биродарлари Шуъайбни (юбордик). У айтди: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг. Сиз учун Ундан ўзга илоҳ йўқ. Батаҳқиқ, сизга Роббингиздан очиқ-ойдин ҳужжат келди. Бас, ўлчов ва тарозини тўлиқ адо этинг, одамларнинг нарсаларини камайтириб қолманг ва ер юзида у ислоҳ қилинганидан кейин бузғунчилик қилманг. Агар мўмин бўлсангиз, ана шу ўзингиз учун яхшидир», деганлар (Aъроф сураси, 85-оят).

Иброҳим алайҳиссалом еса: «​​​​​​​Ва Иброҳимни ҳам (расул қилиб юбордик). Ўшанда у ўз қавмига деди: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга тақво қилинглар. Агар билсангиз, мана шу ўзингиз учун яхшидир» (Анкабут сураси, 16-оят).

Ҳаммамизга маълумки, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватлари ҳам энг аввал якка Аллоҳга ихлос ила ибодат қилишга чақириш бўлган. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларга ҳам худди шу нарсани таълим берганлар. Қуйидаги ҳадис шунга далил бўлади:

Ибн Aббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга юбораётганларида: "Сен аҳли китоб бўлган қавмга боряпсан, уларни даъват қиладиган биринчи нарсанг Aллоҳга ибодат қилишга чақириш бўлсин. Улар Aллоҳни танисалар, Aллоҳ уларнинг зиммасига бир кеча-кундузда беш вақт намозни фарз қилганини айт. Aгар улар буни бажарсалар, Aллоҳ уларнинг зиммасига молларидан закот олиниб, камбағалларига берилишини фарз қилганини айт. Aгар улар бунга итоат қилсалар, улардан (закотни) ол ва уларнинг нафис, сара молларини олишдан эҳтиёт бўл», дедилар» (Бухорий ривоят қилган).

Ушбу ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни аввал тавҳид, сунгра намоз, сўнгра даъват қилишга буюряптилар. Бундан бошқа нарса билан бошланган даъватнинг натижа бериши амримаҳолдир. Яъни даъватчининг асосий мақсади даъват қилинаётган кишига тавҳиднинг таълимини бериш бўлсин. Қолган амаллар шунинг устига бино бўлади.

 

Еттинчи одоб – даъватни тартиб билан, аввал энг муҳим ишлар билан бошлаш.

Юқорида ўтган одоблардан маълум бўладики, даъватчи тартиб билан, аввал энг муҳим ишлардан бошлаши керак. Пайғамбар алайҳиссалом ҳам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга даъватни аввал тавҳид, кейин намоз, сўнгра закотга буюриш билан бошлашни амр қилганлар. Шунинг учун даъватчи тартиб билан, аввал энг муҳим ишлардан бошлаши мақсадга мувофиқ бўлади.

 

Саккизинчи одоб – даъват муваффақиятли бўлишига ёрдам берадиган барча имкониятлардан фойдаланиш.

Даъватчи даъвати муваффақиятли бўлишида барча воситалардан унумли фойдаланиши керак. Масалан, диннинг соғлиқ учун манфаатли экани борасида, наслни ҳимоя қилишида тиббий статистик маълумотлар келтириб даъват қилсин. Шунингдек, телевизор, радио, интернет каби ахборот воситалари, китоб, газета ва журнал каби матбуот хизматларидан ҳам фойдаланиши лозим бўлади.

 

Тўққизинчи одоб – ҳикмат ва гўзал мавъиза билан даъват қилиш.

Даъватчи ҳикмат ила даъват қилиши лозим. Чунки бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларидир. Қуръон ва Суннатга мувофик даъват қилиш ҳикмат ила даъват қилиш дейилади.

Шунингдек, мавъизада мисоллар, ҳикоялар ва воқеий қиссалар келтириб, Аллоҳ таолонинг неъматларини эслатиб, гўзал тарзда мавъиза қилса, мавъиза манфаатли бўлади. Қўполлик билан мавъиза қилишдан сақланиш лозим. Чунки қўполлик яхшилик олиб келмайди. Аллоҳ таоло Куръони Каримда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида шундай деган:

«​​​​​​​Аллоҳнинг раҳмати ила уларга мулойим бўлдинг. Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингда, атрофингдан тарқаб кетар эдилар. Бас, уларни афв эт. Улар учун мағфират сўра ва улар билан ишда машварат қил. Қачонки азму қарор қилсанг, Аллоҳга таваккул қил. Албатта, Аллоҳ таваккул қилувчиларни севадир» (Оли Имрон сураси, 159-оят).

Даъватчи қўполлик, шиддат, қаттиққўллик ва уришиб бериш кабилар орқали даъват қилса, унинг даъвати хунуклашади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мулойимликни лозим тутиш ҳақида шундай деганлар:

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси нарсада мулойимпик бўлса, уни зийнатлайди. Қайси нарсадан мулойимлик ажратиб олинса, уни шармисор қилади», дедилар» (Муслим ривоят қилган).

У зот яна шундай деганлар:

Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким мулойимликдан маҳрум бўлса, барча яхшиликдан маҳрум бўлади», дедилар» (Муслим ривоят қилган).

Шунинг учун даъватчи Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари билан зийнатланган бўлиши керак. Бу хулкларнинг энг улуғи мулойимликдир. Даъватчи даъват йўлида турли азиятларга рўбарў келиши мумкин. Бундай азиятларни мулойимлик хулқи билан қарши олиши лозим бўлади.

 

Ўнинчи одоб – даъватда ҳақоратли сўзларни ишлатмаслик.

Даъватда ҳақоратли сўзларни ишлатиш тингловчиларнинг нафратланишига сабаб бўлади. Даъватчи ҳеч қачон ўзини улардан устун қўйиб, ажралиб олмаслиги лозим. Балки ҳар бир тингловчини ўзига биродар деб билиши, унутилиб бораётган ишлар хусусида насиҳат қилаётганини эслатиши керак. Тингловчиларни залолат ва маъсиятда айбламасдан, балки уларда яхшилик борлигини, мақсади фақатгина айрим камчиликарни бартараф қилиб, баъзи хулқлар билан хулқланишлари лозимлигини билдириб қўйиш эканини айтиши лозим. Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга шундай хитоб қилган:

«Сизга осмонлару ердан ким ризқ беради?» деб айт. Айтгин: «Аллоҳ. Ва албатта, биз ёки сиз ҳидоят узра ёхуд очиқ-ойдин залолат ичрамиз» (Сабаъ сураси, 24-оят).

Бу оятда мушрикларга нисбатан «сизлар аниқ залолатдадирсиз дейилмади. Балки, уларга «Шак-шубҳасиз ё бизлар ёки сизлар ҳидоят устида ёки очиқ залолатдадир» деб, лутф ила муомала қилинди. Даъват шундай услуб билан қилинадиган бўлса, тингловчининг нафсонияти олдида даъватни қабул қилишга қарши турган тўсиқ завол топади.

 

Ўн биринчи одоб – даъватчи даъват қилинаётган шахсга ўзини тенг қилиб кўрсатиши.

Агар даъват қилинаётган шахс тортишмоқчи бўлса, даъватчида эса унинг ҳужжатлари нотўғри эканини исбот қиладиган қарши ҳужжат бўлса ҳам, то у далил-исботини келтириб бўлгунича шошмасдан, унга имконият бериши лозим. Унинг далил-исботини тинглаб бўлиб, кейин унинг ҳужжатлари нотўғри эканини исботласин. Бунда даъватчи баъзи масалаларда гўё ўзини у билан бир хил фикрда қилиб кўрсатиб, сўнгра ўзидаги ҳужжатлар билан унинг сўзи ва далиллари нотўғри эканини исбот қилсин. Иброҳим алайҳиссаломнинг қавми билан тортишганига назар солайлик.

«​​​​​​​Уни тун ўраб олганида, юлдузни кўриб: «Мана шу Роббимдир», – деди. У ботганида эса: «Ботувчиларни суймасман», – деди. Чиқаётган ойни кўрганда: «Мана шу Роббимдир», – деди. У ботганида: «Агар Роббим мени тўғри йўлга бошламаса, албатта, адашувчилардан бўлгайман», – деди. Чиқаётган қуёшни кўрганда: «Мана шу Роббим. Бу каттароқ», – деди. У ҳам ботиб кетганида айтдики: «Эй қавмим, албатта, мен сиз келтираётган ширкка алоқадор эмасман» (Анъом сураси, 76-78-оятлар).

Бу услуб даъват ва мунозарада фойдали бўлган услубдир.

 

Ўн иккинчи одоб – даъват қилинаётган шахс даъватни қабул қилиш ёки қилмасликда ихтиёрли эканини билдириб қўйиш.

Даъватчи даъват қилинаётган шахсни иймонга чақираётган бўлса, унга даъватни қабул қилишда дунёда мажбур эмаслиги, балки ихтиёрли эканини, лекин қабул қилмаса, охиратда оқибат ёмон бўлишини билдириб қўйиши лозим. Агар даъватни эшитишни истамаса, тўхтатиши мумкинлигини ҳам билдириб қўйсин.

Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу Усайд ибн Ҳузайр ва Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳумони даъват қилганида, улар Мусаъбни давомли даъват қилишдан қайтаришди. Шунда Мусъаб улардан ҳар бирига: «Ўтириб, эшитиб кўр, агар маъқул бўлса, қабул қил, агар хоҳламасанг, сен хоҳламаётган нарса сенга айтилмайди», деди. Шунда у иккиси Мусъабнинг сўзига қулоқ солишди ва Аллоҳ таоло уларнинг қалбини очиб, улар иймонга келишди. Сўнгра уларнинг кетидан қавмлари ҳам Исломни қабул қилишди. Бу услуб ҳам даъватда жуда манфаатли услубдир. Айниқса, бугунги кунда, инсонлар ҳурфикрлиликни даъво қилаётган, ахлоқий таназзулга юз тутган ва фисқу фасод урчиган замонда бу услуб даъватнинг энг манфаатли услубларидан биридир.

 

Ўн учинчи одоб – даъват қилаётган шахслардан етган озорга сабр қилиш.

Аллоҳнинг йўлига даъват қилувчилар хоҳ сўз билан бўлсин, хоҳ қўл билан бўлсин ёки имо-ишора билан бўлсин, турли азиятларга дуч келиши мумкин. Даъватчининг азиятларга сабр қилишдан ўзга чораси йўқ. Акс ҳолда даъватни тарк қилишга тўғри келади.

Аллоҳнинг йўлида етган азиятларга сабр қилиш улкан ажр-савобли амаллардан ҳисобланади. Чунки бу нарса пайғамбарларга ҳам етган ва улар ҳам сабр қилганлар. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

«​​​​​​​Батаҳқиқ, сендан олдин ҳам расуллар ёлғончига чиқарилганлар. Бас, улар то нусрат келгунича ёлғончига чиқарилганларига ва берилган озорларга сабр қилганлар. Аллоҳнинг сўзларини ўзгартирувчи йўқ. Батаҳқиқ, сенга расулларнинг хабаридан келган» (Анъом сураси, 34-оят).

Шунингдек, Aллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга қарата шундай марҳамат қилган:

«​​​​​​​Бас, азиймат соҳиби бўлган расуллар сабр қилгандек сабр қил, уларга (азоб етишига) ошиқма! Улар ваъда қилинган нарсани кўрганларида, худди (бу дунёда)кундуздан бир лаҳзагина турганга ўхшарлар. Бу етказишдир! Бас, фақат фосиқ қавмлар ҳалок қилинур, холос!» (Aҳкоф сураси, 35-оят).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам даъват йўлида бошкалар сабр қила олмаган нарсаларга сабр қилиб, то Аллоҳнинг нусрати келгунга қадар бу йўлда ўзгалар кўтара олмаган нарсаларни кўтарганлар.

 

Ўн тўртинчи одоб — узоқ муддат даъват қилишдан малолланмаслик.

Аллоҳнинг йўлига чақирувчи шахс ҳеч қачон даъватдан малолланмаслиги лозим. Айниқса, узоқ вақт такрор-такрор даъват қилса ҳам, даъват қилинаётган инсонлар уни инкор қилиб, даъватини қабул қилишмаса, даъватчининг нафси даъватни тўхтатишни хоҳлаб қолади ва бунга уларнинг ижобат қилмаётгани, аксинча, тўсқинлик қилаётгани каби турли баҳоналарни излайди. Лекин даъватнинг одоби умидсиз бўлмасликни, малолланмасликни тақозо қилади. Бундай ҳолларда даъватчи Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва бошқа пайғамбарларнинг суннатига эргашиб, малолланмасдан, аксинча, қатъиятли ва матонатли бўлмоғи лозим. Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссалом ҳақида шундай деган:

«Ва, батаҳқиқ, Биз Нуҳни қавмига расул қилиб юбордик. Бас, у улар ичида эллик йили кам минг йил турди. Сўнгра уларни золим бўлган ҳолларида тўфон олди» (Анкабут сураси, 14-оят).

Нуҳ алайҳиссалом умидни узмасдан, қавмини турли усуллар билан даъват қилди. Бу ҳақда оятда шундай дейилган:

«​​​​​​​У деди: «Роббим, мен ўз қавмимни кечаю кундуз даъват қилдим. Менинг чақириғим уларда қочишдан бошқани зиёда қилмади. Ва албатта, қачонки мен уларни Сен мағфират қилишинг учун чақирсам, улар бармоқларини қулоқларига тиқдилар ва кийимларига бурканиб олдилар ҳамда бардавом бўлдилар ва ниҳоятда такаббурлик қилдилар. Сўнгра, албатта, мен уларни ошкора даъват қилдим. Сўнгра, албатта, мен уларга ошкора ва яширин (даъват) қилдим» (Нуҳ сураси, 5 – 9-оятлар).

Шу қадар узоқ йиллар давомида ва турли услублар билан даъват қилсалар-да, қавмидан оз сонли кишиларгина иймонга келишди. Бу ҳақда Куръони Каримда шундай дейилган:

«​​​​​​​Ниҳоят, амримиз келиб, таннур фаввора отганда: «У(кема)га ҳар бир(тур)дан бир жуфтдан ҳамда аввал у ҳақида сўз кетган кимсадан бошқа аҳлингни ва иймон келтирганларни ол», – дедик. У билан бирга фақат жуда озчилик иймон келтирган эди» (Ҳуд сураси, 40-оят).

Бундан келиб чиқадики, даъватчи қанча вақт даъват қилмасин, зинҳор малолланмаслиги керак. Шунингдек, унга эргашганлар ва уни ижобат қилганлар қанчалик оз бўлмасин, бунинг учун у тушкунликка тушмаслиги лозим. Зеро, солиҳ кишилар ҳамма замонда оз сонли бўлганлар.

 

Ўн бешинчи одоб - гўзал намуна бўлиш.

Даъватчи ўзининг одоб-ахлоқи ва муомаласида гўзал намуна бўлиши керак. Агар ўзи ана шундай ахлоқлар билан зийнатланган бўлмаса, у одамларни ўзининг даъватидан ва Аллоҳнинг динидан нафратлантириб қўяди. Чунки одамларда «Агар бу айтаётган гапларда фойда бўлганида, аввал ўзи фойда олган бўлар эди», деган фикр уйғонади. Демак, даъватчининг айтаётган сўзи ва қилаётган иши ўзи чақираётган нарсага мувофиқ бўлиши керак. Ана шунда унинг даъвати таъсирли бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайхи васаллам барча ҳолатларда энг гўзал намуна эдилар:

«​​​​​​​Ва албатта, сен буюк хулқдасан» (Қалам сураси, 4-оят.)

Биз эса у зотдан намуна олишга буюрилганмиз:

«​​​​​​​Батаҳқиқ, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди» (Аҳзоб сураси, 21-оят).

Шунга кўра даъватчининг сўзи қилаётган ишига хилоф бўлмасли ҳамда даъвати таъсирли бўлиши учун ўзи ҳам гўзал хулқ ила хулклаши лозим.

 

Ўн олтинчи одоб – даъватчи ўзидаги барча яхшиликларни Исломга нисбат бериши.

Даъватчи кишиларга Ислом динини яхшиликлар, хайр ва баракалар дини деб тушунтирмоғи лозим. Шунинг учун агар одамлар даъватчининг хулқида бирор мулойимлик ёки омонатдорлик каби гўзал ахлокларни кўриб, ҳавас қилишса, у шу ахлоқларни ўзи даъват қилаётган динга нисбат бериб, «Бу – динимнинг таълимоти, диним шунга чақиради», дейиши керак. Бир киши Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳи алайхга унинг динга қилган хизматларини юқори баҳолаб: «Исломга қилган хизматларингиз учун Аллоҳ сизни яхшилик ила мукофотласин», деди. Шунда Умар ибн Абдулазиз: «Йўқ, бизга килган хизмати учун Аллоҳ таоло Исломни яхшилик ила мукофотласин», деб жавоб берди. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

«​​​​​​​Аллоҳга даъват қилган, солиҳ амалларни қилган ва «Албатта, мен мусулмонларданман!» деган кишидан кўра гўзал сўзли ким бор?!» (Фуссилат сураси, 33-оят).

Даъватчининг сўзи таъсирли бўлишида айтганига ўзи ҳам амал қилиши катта аҳамият касб этади. Даъватчидаги барча яхшиликлар Исломга мансубдир. Унинг айтаётган гўзал сўзлари, қилаётган барча хайрли ишлари унинг мусулмонлиги сабаблидир. Одамлар уни кўрганда Исломнинг қандай манфаатли самара беришини англаб етишади. Даъватчининг бундай хулқлар билан музайян бўлиши бошқа кишиларни Ислом динини қабул қилишга ундайди ва бунга сабабчи бўлади.

"Ислом одоблари энциклопедияси" китобидан

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

«Сал пастроқ тушинглар! Ҳидоятга ташна, даъватга муҳтож одамларни унутманг!»

1860 11:13 08.06.2019
« Орқага