Алоуддин Абу Бакр Косонийнинг ҳаёт йўли

11:50 02.11.2017 1468

Ватандошимиз, буюк фақиҳ, шореҳ, муҳаддис ва усулий олим имом Алоуддин Абу Бакр Косоний дунёга машҳур шахсият ҳисобланади. У кишининг илму иқтидори ҳақида гапирмоқчи эмасман. Зотан, у зотнинг ким бўлганликлари деярли барчамизга маълумдир. Мен у кишининг шахслари ўзида мужассам этган ва ўз ҳаётларида ҳам ифода ва инъикосини топган ғайриоддий табиатларидан сўзламоқчиман.

У зот ниҳоятда жасоратли ва журъатли бўлган экан. Ўзи тўғри деб билган ишни дангал бажарадиган, одамларнинг гаплари ва ҳатто аҳли илмларнинг ҳасад ҳамда маломатларидан қўрқмайдиган, бир қолип ва муҳрга тушмайдиган тарзда ажойиб, эркин ҳаёт кечирган экан. У вақтда аҳли илмларнинг аксарияти тавозеълик юзасидан эшак ва нари борса хачир минадиган пайтлар бўлган. У киши эса ҳеч қачон бундай нарсаларни минмас ва фақат ва фақат отнинг эркаги бўлмиш айғир минар экан. Айримлар вараъ ва тақво важҳи билан гўштдан парҳез қилсалар, у киши гўштнинг энг сара жойинигина ейишни маъқул кўрган. Энг чиройли ва қимматбаҳо либослар кияр, хуллас, ўзини жуда ҳурмат қилган инсон бўлган экан. Албатта, бу нафсининг сўзига кирганидан эмас, балки, одамларнинг аксари фақат зоҳирий маънода тушуниб олган зоҳидлик каби тушунчаларнинг асл моҳиятидан хабардор эканидан ва ҳақиқий олим бўлганидандир.

Олимлар у кишининг ўзига ниҳоятда эътибор бериб, яхши кийиниши ва отларнинг ҳам энг зўрини минишини таъна қилсалар, ажойиб ҳазиломуз гаплар билан жавоб бераркан. Ривоят қилинишича, у пайтда олимлар ўзларини паст олиб, от минмас, минсалар ҳам бия, яъни отнинг урғочисини минар эканлар. Айғирларни эса фақат подшолар, амирлар ва аскарларгина минар эдилар. Косоний эса минсалар фақат айғир от минар эканлар. Бир куни у кишига бу ишлари борасида танбеҳ бериб, "нима учун сиз фақат айғир отни минасиз", десалар, ҳазил аралаштириб: "لا يركب الفحل إلا الفحل" яъни, "айғирни фақат эр кишилар минадилар", дея тушунчаси тор бўлган "парҳезкор" ва "зоҳид"ларни мот қилар экан.

Шунингдек, таомларнинг ҳам сарасини еб, ўзларини ҳеч хафа қилмас эканлар. Ҳатто, шу сабабли умрларининг охирроғида "подшолар хасталиги" деган ном билан танилган ниқрис (подагра) дардига ҳам чалинган эканлар. Агар у инсоннинг ҳаётига назар солсак, ажойибу ғаройиб воқеаларга тўла эканлигига гувоҳ бўламиз. У киши кўп нарсада, таъбир жоиз бўлса жуда ҳам омади чопган инсон бўлган. Мисол учун уйланиши масаласини олайлик, у кишининг қайноталари ва устозлари Алоуддин Самарқандийнинг Фотима Самарқандийя исмли ниҳоятда гўзал, оқила ва олима қизлари бўлган. У қиз илмда шу даражага етганидан ҳатто подшоҳлар фатво сўраган. Шу қизига подшоҳлар хонадонидан, ўша пайтда ислом оламининг кўп ерига ҳукмрон бўлган салжуқийлар хонадонидан кўп совчилар юборилган, қўли сўралган, лекин, Алоуддин Самарқандий барига рад жавобини берган.

Вақт ўтиб, Косоний бу кишига шогирд тушиб, илмда ниҳоятда пешқадам бўлиб, ҳатто у кишининг "Туҳфа" номли китобларига "Бадоиъус саноиъ фий тартиб аш-шароиъ" номли ажойиб шарҳ битганларидан сўнг шу китобни маҳр ўлароқ баҳолаб, қизларини у кишига никоҳлаб берган эканлар. Шундан сўнг илм аҳли орасида "Шароҳа туҳфатаҳу ва тазавважа ибнатаҳу" яъни, "Туҳфа"сини шарҳлаб, қизига уйланиб олди" деган гап машҳур бўлиб кетган. Фотимаи Самарқандийя бирор фатво чиқарсалар унга ўзлари, эрлари ва оталарининг муҳрини қўйиб чиқарар эдилар. Косоний ҳам фатвога мутасадди инсонлардан эдилар. Ва ўзлари шундай катта олим бўлишларига қарамасдан кўп масалаларда аёлларининг фикрини ўрганиб, сўнг фатво берар ва ҳатто  баъзи ҳолларда аёллари у кишининг янглишаётган жойларини айтиб, тўғри йўлга солиб қўяр эди.

Рум, яъни ҳозирги Туркияда яшаган пайтларида бу мамлакатнинг энг катта олими бўлмиш Шаъроний билан бир масалада тортишиб қоладилар. У ҳам бўлса, икки мужтаҳид бирор масалада икки хил фикрда бўлиб, шунга кўра икки қавл айтса, уларнинг ҳар иккиси тўғри бўладими, ёки ҳақ уларнинг бирида бўлиб, наригиси хатоси учун ҳам ажр оладими, деган масала эди. Шаъроний: "Абу Ҳанифа (р.ҳ.)дан манқулким, ҳар бир мужтаҳид мусибдур (ҳақни топгандир)!", деди. Шунда, Косоний "Сен нотўғри айтяпсан. Абу Ҳанифа (р.ҳ.)дан ривоят қилинган қавлларнинг саҳиҳига кўра, (бир масалада икки хил қавл айтган) мужтаҳидларнинг бири мусиб, иккинчиси эса мухтиъ (масалада ҳақни топмаган) бўлади. Ҳақ эса фақат бир тарафда бўлади. Сен айтаётган нарса эса (яъни, ҳақнинг ҳар икки тарафда бўлиши) мўътазилийларнинг қавлидир", дея Шаъронийга раддия берди. Бу иккиси орасида мужодала кучайиб кетди ва натижада Косоний ўз ҳассасини Шаъронийга ўқталиб, қаттиқ оҳангда уни хато сўзларидан қайтарди.

Бу хабар Салжуқий султонга етказилганда ниҳоятда ғазабланади, чунки, Шаъроний мазкур мамлакатнинг биринчи рақамли олими ва муфтийси эди. Бироқ, Косонийнинг халқ ичидаги обрўси ундан кам бўлмаганлиги учун унга қандай муомала қилишни билмай, боши қотди ва охири у кишини чиройли муомала билан Шомга "сургун" қилишга азм этди. Зеро, вазирлар "агар Косонийдан қутулмасак, у бизнинг обрўимизни ер билан битта қилади" дея султонни қўрқитиб қўйишган эди. Шундан сўнг, Султон Косонийни Шомга Нуруддин Маҳмуд Занкийнинг ҳузурига юборади. Косоний Ҳалабга келиб, у ернинг волийлари ва аҳолисидан катта эҳтиром кўради. Ва подшоҳнинг қарори билан ҳалавийя мадрасасига раҳбар этиб тайинланади.

Косоний учун ўша пайтнинг одати бўйича, махсус тадрис (дарс бериш) гилами тўшалди ва у мазкур гилам устида атрофига тўпланган кўп сонли олимлар, мударрислар ва фақиҳларга дарс айта бошлади. Косоний кўп сафарларда юрарди. Салжуқийлар Султони ҳам баъзан уни ўз мамлакатига таклиф этиб турарди. Шундай пайтларда ҳам, яъни ўзи сафарда бўлган вақтларда ҳам у дарс берадиган кунлари унинг сажжодаси ўша жойга тўшалар ва унинг ҳурмати учун атрофида олиму мударрислар тўпланиб, ўтирар эдилар. Косоний нафақат фиқҳ ва унинг асослари балки, ҳадис илмида ҳам дасти баланд ва пешқадам олим эди. Ҳафтанинг маълум кунлари Ҳалабдаги жомеъ масжидда ҳадис ва унинг илмларидан сабоқ берарди.

Имом Косоний 587 ҳижрий сана, Ражаб ойининг ўнинчисида, якшанба куни дорулбақога рихлат этди. Ва Ҳалаб шаҳрининг юқори тарафидаги ҳанафий олимлар учун махсус тайёрланган "мақоми Иброҳим" деб аталувчи мақбарага дафн этилди. Ибнул Адим ривоят қилади: Зиёуддин Муҳаммад ибн Хамис ал-Ҳанафийдан шу сўзларни эшитдим: "Шайх Косоний ўлим тўшагида экан, унинг ҳузурига келдим. У киши бирдан Иброҳим сурасини ўқишни бошладилар ва "يثبت الله الذين آمنوا بالقول الثابت في الحياة الدنيا وفي الآخرة" яъни, "Аллоҳ таоло иймон келтирган зотларни дунё ҳаётида ва охиратда собит сўз ила собит қилур" оятини ўқишлари билан руҳлари таналарини тарк этди".

Алишер СУЛТОНХЎЖАЕВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!