Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Алвидо, Ватан!

2801

Ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида, мустабид шўролар даврида кўплаб ватандошларимиз ўз она юртларидан бегона ўлкаларга ҳижрат қилишга мажбур бўлган. Ана шундай ватандошларимиздан бири Аъзам Ҳошимий бўлиб, у кишининг “Самарқанду Бухоронинг қонли кечмишлари” номли асари “Azon kitoblari” нашриётида “Алвидо, Ватан!” номи билан чоп этилган эди. Муаллиф асарда ўз бошидан ўтган ватандан жудо бўлишнинг аламли азобларини қаламга олади.

Azon.uz таҳририяти ушбу асарни сайтимиз орқали бериб боришни мақсад қилди.

АЛВИДО, ВАТАН!

Аъзам Хошимий

ҲИЖРАТ

У кеча менинг ёдимдан ўла-ўлгунча унутилмайди. Бу воқеага ҳам ўттиз саккиз йил тўлибди. Аммо ўша кечанинг ҳар бир лаҳзаси хотирамга нақшдек ўйилган. Ҳатто минглаб кеча-кундузларнинг ўтиши ҳам бу ёрқин хотиралардан бирор нарсани ўчиролмайди. Баъзан шундай ҳолатни ҳис этаманки, гўё ҳозир ҳам онам ўша тундагидек, девор ёнида мени кузатаётиб: “Ўғлим! сени Аллоҳ сақласин! Насиҳатларимни унутма! Агар унутсанг, сендан рози эмасман”, деяётгандек туюлади.

Воқеа 1931 йил февралининг охири ёки март ойи бошларидаги ҳодисалардир. Ётоғимда ухлаб ётган эдим. Онажоним оҳиста овоз билан мени уйғотди. Уйғониб, кўзларимни ишқаларкан, ҳамма нарсага тушундим. Бир неча кунлардан бери она-бола маслаҳатини қилиб юрган ишимизнинг амалга ошиш вақти етган эди.

– Тур, ўғлим, таҳорат қил, – дедилар онам, кўзага сув тўлдира туриб.

Таҳорат олдим. Сўнгра она-бола иккимиз даргоҳи илоҳийга эгилиб, икки ракатдан намоз ўқидик.

Онам аврод ҳамда махсус оят, дуоларни ўқиб, дам солдилар. Кейин ошхона тарафга кетиб, ўн беш-йигирма дақиқалардан сўнг дастурхон кўтариб кириб келдилар, қўлларида сихлик кабоб бор эди. Кабобни ўз қўллари билан едирдилар.

Таомдан сўнг:

– Жигаргўшам, турақол, ука-сингилларингнинг дийдорларига охирги марта тўйиб ол, – дедилар.

Аста юриб, уларга яқинлашдим. Бу маъсум “фаришта”лар дунёдан бехабар ҳолда ухлашар, чеҳраларида беғуборлик барқ урарди. Мен қайта-қайта пешоналарига қўлимни қўйиб, уларнинг ҳаққига Аллоҳ таолодан хайру офият тиладим.

Бу – сабримга келган имтиҳон эди... Муҳаббат ва меҳр-шафқат сарчашмалари юрагимдан тоша бошлади. Эҳтимол, бундан кейин уларни қайта кўрмасман? Ўйлаган сари кўзимдан ёш қуйила бошлади. Бироқ, кўз ёшларимни тўхтатишга уринардим. Бу пайтда онам олтмишдан ошган бўлишларига қарамай, ҳимматлари навқирон йигитлардан ҳам зиёда эди. Онам менга бир зум қараб туриб: “Буёққа юр, ўғлим!” дедилар. Овозларида титроқ сезилди. Ҳолатларидан ўз туйғуларини яширмоқчи эканлари билинарди. Кичикроқ тугунчани кўтарганча ҳовли томон юрдилар. Ҳужрадан чиқиб, ҳовли саҳнига етдик. Дарвозани очдим, ҳовли саҳнидан боғ тарафга ўтдик. Она-бола мусаффо осмон остида хилма-хил мевалар ўртасида турар эдик.

Онам пешонамдан ўпиб: “Ўғлим! Сен орзу-умидларим таянчисан. Лекин кўриб турганингдек, ўз Ватанимизда яшаб, мусулмон ҳолатингда менга хизмат қилолмайсан. Шу сабаб сенга имонсизлик таъсир этмасидан аввал, бошқа бир дину диёнатли озод мамлакатга кетишингга ижозат бераман. Аммо бир шартим бор, мумкин қадар дунё мусулмонларига Туркистон мусулмонларининг қувватсизлиги, юрт хароб қилиниб, дини Ислом хорланаётганини етказасан. Ўғлим, сени бирор марта таҳоратсиз эмизмадим. Сенга ҳаром луқма едирмадим. Борди-ю, сўзларимни унутсанг, сендан ҳеч қачон рози бўлмайман. Ваъдага вафо инсонийлик ҳамда улуғлик белгисидир!” деб тугунни бердилар-да:

– Буни яхшилаб сақла, ичидаги Қуръони каримни руҳингнинг бир ҳиссаси қилиб ол. Кўзлаган манзилингга етгач, жилдини кўчириб, ўз қўлинг билан янги муқова қилгин. Ёдингдан чиқарма, эски муқовани албатта, ўз қўлинг билан кўчир, сўнг уни ёқиб, кулини дарё ёки сувсиз қудуққа ташлаб юбор, – дедилар.

Сўнг алоҳида таъкидладилар:

– Она ватанингдаги ҳеч бир нарса сени ғафлатда қолдирмасин. Ҳамдардларга ёндош бўлишни унутма! Аллоҳнинг душманлари ва мулкни зўравонлик ила тортиб олгувчи босқинчилар сенга ҳеч қачон дўст ҳам, хайрихоҳ ҳам бўлмайдилар!

Кимки, “Қўрқоқ ҳеч қачон ўз мақсадига ета олмайди”, “Имондан улуғроқ неъмат йўқ”, “Йигит сўзидан қайтмас” дейилган мақолларга амал қила билса, ғафлатга тушмайди... – Онам узоқ насиҳат қилдилар.

Бу ваҳимали кечанинг тонгга яқин қисмида гоҳ-гоҳида хўрозларнинг қичқириғи эшитилар эди. Ой ёришиб, дарахтларнинг сояси ёйилиб қолганди. Боғдан чиқиб, деворнинг қуйи томонига етдик. Онам қўл кўтариб дуо қилдилар. Сўнгра бошимни силаб, елкамга қоқиб:

– Қани, отлан! Ўғлим, Аллоҳ сен билан, Ўзи сенга мададкор бўлсин! – дедилар.

Мен охирги марта уйга, боғимизга нигоҳ ташладим. Бу боғдаги қанчадан-қанча ниҳолларни ўз қўлим билан ўтқазиб, парвариш этиб, меҳнат қилган, пешона терим билан суғорган эдим.

Ушбу уйда туғилдим, униб-ўсдим, улғайдим. Бу хонадон бизнинг аждодлар тарихига гувоҳ эди. Ҳаттоки, ҳар бир тоши ўтмишнинг достонлари ва менинг болалик хотираларим билан пайваста эди.

Буларни эслаб, бир оз хўрсиндим. Онаизорим билан хайрлашиб, девордан ошиб кўчага чиқдим. Боғимиз ва катта кўчанинг ўртасида қабристон бор эди. Қабристонга сукунат чўккан, бузилган қабрларни, тупроқлардан бунёд қилинган паст-баланд гумбазларни кўриб юра-гимга қўрқув оралади. Ўзимни қўлга олиб, қабристонга кирдим. Қўлимда онам берган тугунча. Бир неча қадам босган эдим ҳамки, боғимиз тарафдан ногаҳон онамнинг чинқириғи эшитилди. Тезда бурилиб боққа қайтдим. Онамни девор остида беҳуш ҳолда топдим. Оғизларига сув томизган эдим, кўзларини очдилар ва мени кўриб:

– Нега қайтиб келдинг? Манзилингга етишда беҳимматлик қилма! Бизнинг ҳимоячимиз ҳар нарсага Қодир Зотдир. Унинг мавжудлигига имон келтириш ҳар бир ақл ва илм эгасининг ҳаёт сармоясидир! – дедилар.

Онамни шу ҳолда ташлаб, номаълум манзил сари равона бўлишга мажбур эдим.

ЎТМИШ

Мен уйдан нега ўғридек яшириниб чиқдим? Кейин нималар бўлди? Бу саволларга жавоб бериш учун ўтмишга қайтиш зарур...

1915 йили Фарғона вилояти (ҳозирги Ўзбекистон-нинг машҳур вилоятларидан бири)нинг Андижон музофотидаги Қайқи номли кичик қишлоқда таваллуд топдим. Падари бузрукворимнинг исмлари Хўжахон домла, бобомнинг исмлари эса Шайх Иззатуллоҳ эди.

Волидамизнинг қиблагоҳлари Ғиёсиддин эшон Намангоний номи билан машҳур эди. Бу зотлар ўз замонасининг буюк дин олимларидан эдилар. Айниқса, Ғиёсиддин бобом бутун Туркистонда “Устозул асотиза” (устозлар устози) куняси ила шуҳрат қозонган бўлиб, ниҳоятда кўп шогирдлар етиштирган эди.

Отамнинг насаблари тўрт отага қадар олимлар ҳамда тариқати нақшбандия билан боғланар эди.

Менинг насабим онам тарафидан ҳазрат Ҳусайн розияллоҳу анҳуга боғланар эди. Бобокалонларим ҳазрат Қутайба ибн Муслим (раҳимаҳуллоҳ) билан дин равнақи учун Туркистонга ҳамроҳ бўлиб келиб, шу жойда яшаб қолган эканлар. Ўша даврдан бери бу хонадондан улуғ шайхлар, буюк уламолар етишиб чиққан экан. Уларнинг қабрлари мен ҳижрат қилган вақтда ҳам бор эди.

Ёвуз ўрис босқинчилари Туркистон заминига тажовуз этганида бобом Ғиёсиддин эшон ва онамнинг тоғаси Ботирхон тўра Намангоний босқинчиларга қарши чиққанларнинг аввалги сафида бўлдилар. Бу “гуноҳ”лари учун улар ушлаб олиниб, умрбод зиндонбанд қилинди. Мисл-сиз етказилган азоблар натижасида, бу бевафо имтиҳон ҳовлисидан ғолиб бўлиб, очиқ юз билан Раббимиз ҳузурига сафар қилдилар.

Менинг Абдулҳамидхон тўра, Абдуррашидхон тўра ва Муҳйиддинхон тўра исмли уч тоғам бўлиб, ниҳоятда тақводор, зоҳид, парҳезкор эканликларидан барча авому хос уларга мурожаат этишарди.

Ўн бир нафар ака-ука, опа-сингилдан иборат хонадонимиз каттагина эди. Беш акам ва икки опам бор эди. Хонадонимиздаги аёллар араб-форс тилларида билимдон бўлиб, онам ҳамда тўрт холам етук олима эди.

Тирикчилигимиз деҳқончилик ва савдо-сотиқ билан ўтар, тахминан беш гектарча еримиз бор бўлиб, ярми лалмикор эди. Хуллас, кунларимиз серфайз, хушҳол ўтарди. Туркистон деҳқончилик низоми хусусида нотўғри тушунмаслик керак. Деҳқон ҳақиқий ер ҳокими ва хў-жайини саналар эди. Деҳқончилик ривожланган, лекин деҳқонлар ҳаққига кўз олайтирилмас, уларга меҳнатларининг ҳосили тўлиқ ундириб бериларди. Ўз ери бўлмаган деҳқон камдан-кам топиларди. Ерлар Ҳиндистон ва Покистондаги сингари заминдор бойлар тасарруфи остида эмасди.

Хонадонимиз эркаклари деярли барчаси шаҳид бўлиб кетишди. Онам илмли бўлгани учун таълимни онамнинг раҳнамоликларида бошладим. Бошланғич таълимни ўз қишлоғимизда, давомини эса Қўқон, Наманган, Самарқанд ва Шаҳрисабзда яширинча давом эттирдим. Чунки большовойлар Туркистонни ишғол қилгандан сўнг диний таълим ўрганишни ман этгандилар. Дин етказиш ҳамда тарқатиш ниҳоятда улкан “гуноҳ” ҳисобланар, диний илм ўрганиш ўз хоҳиши билан мусибат талаб этишдек маънода тушунилар эди.

(давоми бор)

УЛАШИНГ:

Теглар:
« Орқага