Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Алвидо, Ватан! Аллоҳ суйган кишилар

1962

(1-қисм2-қисм3-қисм4-қисм5-қисм6-қисм7-қисм8-қисм9-қисм10-қисм11-қисм, 12-қисм, 13-қисм 14-қисм, 15-қисм 16-қисм)

Бир неча фурсат ўтиб йигит қайтиб келди. Шеригимга ижозат бериб, мени ўзи билан қалъа томон олиб кетди. Қуёш ботишига яқин қалъага етиб бордик. Отимнинг устига қаттиқ оқ мато ташлаб қўйишди. Шунинг учун бўлса керак, ҳеч тўсқинликсиз кетиб борар эдик. Йўлнинг икки томонига қуролланган кишилар қўйилган, уларнинг қўриқчи эканини сезиш мумкин эди. Қалъанинг махфий эшикларидан бири орқали ичкарига кирдик. Узун йўлакли катта ҳовлида бизни ўрта яшар, узун қоматли, салобатли бир киши кутиб олди. Ҳол-аҳвол сўрагандан сўнг:

– Темурбек яхши бўлиб қолдими?

– деб сўради.

– Ҳа.

– Нима касал эди?

– Тишлари оғриётган эди.

– Аллоҳ унингдек инсонларни паноҳида асрасин.

– Омийн!

– дедим баланд овозда.

Ҳовлида тахминан ярим минг чоғли йигит бўлиб, ҳаммалари ўрис бешотари билан қуролланган эдилар. Мени ҳайратга солган нарса, уларнинг тартиби ва ҳар бир нарсадан огоҳликлари эди. Мен бу ерга етиб келмасимдан аввал бутун юриш-туришим, шакл-шамоилимдан тўлиқ маълумот етиб бўлган экан. Мамлакатдаги ҳар бир юз бераётган катта-кичик воқеалардан бохабар бўлиб туришар ва ҳар бир гуруҳ марказ ҳамда ўз раҳнамолари билан мустаҳкам алоқа ўрнатган эдилар. Қайси вилоятларда аҳвол жуда танг бўлса, тоғлардан бўрондек ёпирилиб, коммунистларга ҳамла этишар эди. Бу йигитларнинг барчаси моҳир мерган ва чавандоз эдилар. Қалъада мингга яқин жангчи бор эди. Пурвиқор тоғлар Афғонистонга уланиб кетган эди.

Бироқ Афғонистон чегараларига қизил аскарлар жойлашиб олиб қўриқлашар эди. Шунинг учун озодлик курашчилари қамалда қолган эдилар. Қалъанинг амири Бухоро мадрасасини битириб чиққан олим ва Анвар Пошо билан “Туркистон Озодлиги” жангларида иштирок этган ҳақиқий ботир эди. Бу йигитлар жангчи бўлиш билан бирга уста ҳунарманд ҳам экан. Улар ёнғоқ, чинор каби дарахтлардан қимматбаҳо ва нафис қаламдонлар ясашар ва Самарқанд, Бухоро, Афғонистон бозорларида юқори баҳоларга сотишар эди. Улар тинчлик замонларида шу каби ҳунарлари билан тирикчилик қилишган экан. Бомдод намозидан сўнг мени тўлиқ таништирдилар. Сўз орасида амир ажиб бир нотаниш сўз айтди. Бу сўздан сўнг ҳамма ўрнидан туриб, баланд овозда “Аллоҳу акбар” деб наъра тортди.

Сўнгра амир “Калимаи тоййиба”ни ўқиди. Барча унга жўр бўлди. Бу ҳолат уларнинг Аллоҳ йўлидаги қийинчиликларга бардош беришга, жонларини қурбон қилишга аҳдларини янгилаётган вақтлари экан. Сўнгра дастурхон ёзилди. Отнинг сути ва толқондан тайёрланган таом тортилди. Бу кечки таомнинг ўзгинаси эди. Амир мени ўз ёнига ўтқизди, таом орасида: “Энди нима қилмоқчисиз?” деди. Жавобга оғиз жуфтлаган эдим, қўққисдан:

– Қарши бекатида киссавурлар билан тўқнашув бўлган эдими?

– деб қолди. Ҳайрон бўлиб қолганимни кўриб кулганча, елкамга қоқиб: “Тўразода, бу мусибатлар ўзимизнинг ва бузрукларимизнинг куфрони неъматлари натижасида нозил бўляпти. Кўрайлик-чи, Аллоҳ кечирармикан ёки узун жазо берармикан?”

– деди-да, сўнг “Ғийлонга борасизми?”

– деб сўради.

– Азиз ватанимизнинг ҳар бир қисмига бораман,

– деб жавоб бердим.

(давоми бор)

Ушбу рукн «Azon kitoblari» нашриёти билан ҳамкорликда тайёрланди

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Алвидо, Ватан! Афросиёб мажлиси

1609 20:05 11.10.2021

Алвидо, Ватан! Аҳдга вафо этамиз

2986 20:10 10.10.2021

Алвидо, Ватан! Аҳдга вафо этамиз

2359 20:10 09.10.2021

Алвидо, Ватан! Аслаҳа таққан шайх

1680 20:05 08.10.2021

Алвидо, Ватан! Аллоҳ суйган кишилар

1942 20:05 06.10.2021
« Орқага