Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Алвидо, Ватан! Аслаҳа таққан шайх

1680

(1-қисм2-қисм3-қисм4-қисм5-қисм6-қисм7-қисм8-қисм9-қисм10-қисм11-қисм, 12-қисм, 13-қисм 14-қисм, 15-қисм 16-қисм 17-қисм)

Эртаси субҳ вақтида рухсат олиб, икки суворий ҳамроҳлигида йўлга тушдик. Кун бўйи юриб, кечга яқин бир тоғнинг этагига етиб бориб, кечани шу ерда ўтказдик. Бомдод намозидан сўнг сут ва толқон тановул қилиб, сафаримизни давом эттирдик. Аста-аста “Тахта қорача”нинг баланд тоғларига кўтарила бошладик. Тоғнинг нариги тарафида қизил аскарларнинг қароргоҳи жойлашган бўлиб, аҳёнан уларнинг кузатув марказларига жуда ҳам яқин келиб қолардик. Мумкин қадар овоз чиқармасликка тиришиб, эсон-омон шом вақтида бир кўкаламзорга етиб бордик. Раҳбаримиз: “Нима дейсизлар, тахминан икки соатлик масофа қолди. Шу ерда тунаймизми ёки давом этамизми?” деб маслаҳат солди.

Сафарни давом эттиришга келишиб, ойнинг ёруғида йўлга тушдик. Тўлин ойнинг нури бутун атрофни янада гўзаллаштириб юборди. Хуфтон намозидан ўтиб манзилимизга етдик. Бир манзилга тушиб таом сўрадик. Хизматчи зоғора нон билан бир косада сут ҳамда чой келтириб олдимизга қўйди. Биздан бошқа эллик чоғлик киши бор эди. Одат бўйича, келган ҳар бир меҳмон ўзини таништириб, келиш мақсадини ҳам билдирар экан. Биз кичик бир мактубни ичкарига киргизиб юбордик. Бир оз вақтдан сўнг бир нуроний, қурол-аслаҳа таққан шайх кириб келди. Ҳамма билан бирма-бир саломлашгандан сўнг, мен томонга келди. Ному насабимни суриштирди, бир оз ҳол-аҳвол сўрагандан кейин ўзи билан ичкарига олиб кириб кетди. Ичкаридаги хона қурол-яроғ омбори бўлиб, шайхга ибодатхона вазифасини ҳам ўтар эди. Шайх Бухоро мадрасасида таҳсил кўрган, чамаси эллик ёшлар атрофидаги бир киши эди. Шайхнинг хонасида исломий мамлакатларнинг биридан келган бир бузрук ҳам бор экан. Мени унга таништириб:

– Бу йигит Ҳўқандий ҳазратларининг жиянлари бўлади. Кўп ибратомуз кечмишлари бор, – деди. Шайх мендан Фарғона ҳолатларидан сўради.

Мен уч ой ичида Самарқанд, Бухоро, Қарши, Шаҳрисабз ҳамда бошқа жойларда гувоҳи бўлган воқеаларимни батафсил сўзлаб бердим. Иккала бузрук ҳам жим қолганча охиригача тингладилар. Сўнгра шайх: “Аз мо астки, бар мо аст”, яъни “Биздан бўлган бизникидир”. Ҳамма бўлаётган нарсалар ўз амалларимизнинг жазосидир. Бу жазо куфр ва даҳрийлик зулматига тўла бўлган азоб-уқубатлар кечасидур”, деди. Келган меҳмон ўзининг бу ерлардан умиди узилганини билдириб, Афғонистон ёки бошқа бирор юртга ўтиб кетиб, осуда ҳаёт кечиришни маслаҳат берди. Шайх эса: “Мақсад менинг ёки Ватан учун жанг қилаётган бир неча кишининг оромида эмас, балки бутун мусулмонларнинг дин-имонини сақлаш ва ҳимоя қилишдир.

Туркистон уламолари мусулмонларни ёлғиз ташлаб кетмасликка қарор қилишган. Юрт озодлиги учун жанг қилаётганлар Эрон, Афғонистон, Туркия, Арабистон, ҳатто Ҳиндистоннинг катта-катта жамоатларидан мадад сўраб номалар жўнатишди, лекин исломий биродарлик ва ҳамдардликнинг амалий нишонаси кўринмади. Ҳеч бўлмаса ўрисларнинг зулми, одамларнинг қурбон бўлаётгани ҳақида оламни огоҳ этинглар, дея талаб қилдик. Афсуски, бу талабимиз ҳам қондирилмади.

Энди айтинг-чи, қайси ҳимматли мусулмон юрти қолдики, бизга бошпана бўлса? Бундан ташқари, баъзи юртларнинг ҳурриятсевар фирқаларининг доно раҳбарлари қизил босқинчиларни кўкларга кўтариб мақтаб юришибди. Катта-катта қўмондонларимиз, иқтидорли намояндаларимиз Афғонистонга ҳижрат этишди, ҳатто Бухоро амири ҳозирда “назарбандий”ликда ҳаёт кечиряпти, бизга паноҳ берадиган биронта юрт қолмади. Энди бизлар фақат Аллоҳгагина юзландик. Ҳеч қайси юртдан паноҳ ҳам, ёрдам ҳам сўрамаймиз”, деб хомуш бўлди. Меҳмоннинг кўзларидан ёш қуйиларди. Ҳужра ичига чўккан ғамгин сукунат узоқ вақт давом этди.

(давоми бор)

Ушбу рукн «Azon kitoblari» нашриёти билан ҳамкорликда тайёрланди

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Алвидо, Ватан! Афросиёб мажлиси

1609 20:05 11.10.2021

Алвидо, Ватан! Аҳдга вафо этамиз

2987 20:10 10.10.2021

Алвидо, Ватан! Аҳдга вафо этамиз

2359 20:10 09.10.2021

Алвидо, Ватан! Аллоҳ суйган кишилар

1963 20:10 07.10.2021

Алвидо, Ватан! Аллоҳ суйган кишилар

1942 20:05 06.10.2021
« Орқага