Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Алвидо, Ватан! Киссавурлар

4999

(1-қисм2-қисм3-қисм4-қисм5-қисм, 6-қисм)

КИССАВУРЛАР

Бухородан Когонга кичик поезд қатнаркан. Лекин шу кунларда қатнов йўқ эди. Шунинг учун пиёда боришга тўғри келди. Когонда катта темир йўл бекати жойлашган бўлиб, бу ердан Тошкент, Фарғона, Термиз, Ашхобод, Москва ва бошқа тарафларга поезд қатнарди. Бекатга бориб билдимки, Қаршига йўловчи поезд ҳафтада бир марта бўлиб, қолган барча поездлар аскарий бўлинмалар учун топширилган. Бекатнинг яқинидаги тожиклар ошхонасига кириб, кўк чой буюрдим. Ўрта яшар бир хизматчи келиб, чойнакни хонтахта устига қўйди-да, тожикчалаб менга эшиттириб пичирлади: “Эй Худо, ҳар нарса Ўзингдан, Ўзинг сақла...” Мен қўрқув билан унга назар солдим. У чойнакни қўйиб кетди.

Бир оздан сўнг қайтиб келиб, астагина:

– Ҳой тоғлик бола, форсийни биласанми? – деб сўради.

– Оз-моз! – дедим.

– Фарғоналикмисан? Топдимми? – деди.

– Шаҳрисабз ҳам Фарғонага ўхшаш очиқ баландликда жойлашган гуллар шаҳри. Шояд, шу сабаб мени фарғоналик деб ўйлаётгандирсиз, – деб жавобни бурдим.

Хизматчи кетиб, озгинадан сўнг бўлка нон кўтариб келди. Беихтиёр: “Уларнинг нонини емайман!” деган сўз оғзимдан чиқиб кетди.

Тўрвамдан Самарқанд кулчаларининг бўлагини чиқардим. Бу нонларни Майман қишлоғидаги домла Бухорий Самарқанддан жўнаб кетаётганимда берган эдилар.

Хизматчи кулча синиқларига диққат билан назар солди-да, у ёқ-бу ёққа қараб, оҳиста:

– Бу бўлаклар Қиличбозорнинг олдида ейилганга ўхшайди. Тўғрими? – деди.

У бу сўзи билан, “Сен озодлик курашчиларининг дастурхонида бўлгансан”, демоқчи эди. Мен ўзимни гўлликка солиб:

– Мен форсийни унча яхши билмайман, – дедим. Шунда хизматчи кулди:

– Ўғлим, бу кулчалар домла Бухорийнинг дастурхонидан. Нима, у ердан олганинг йўқми? – деди.

– Домла Бухорий ким ўзи?! У киши билан менинг нима алоқам бор?

– Самарқанднинг шимоли-шарқ томонидаги Майман қишлоғида яшайдиган домла Бухорий-да! Нима, сен у зотни танимайсанми? Ҳозир Шаҳрисабзга тоғангнинг олдига кетмаяпсанми? – деб жилмайди.

Жилмайиши бутун чеҳрасига ёйилди. Ўйга толиб қолдим. Бу киши ё жосус ёки эрк учун курашаётганлардан экани аниқ эди.

У кулганича чойнакни кўтариб кетди. Беш-олти дақиқадан кейин қайтиб келиб:

– Кеча Бухорода ниҳоятда оғир кунлар бўлди, сон-саноқсиз кишиларнинг ёстиғи қуриди. Бу ҳали бошланиши, қараб тур, охири қандай бўларкин?! – деди-да, қўққисдан:

– Хуфтон намозини ўқидингми? – деб сўради.

Мен “ҳа” ишорасини қилдим.

– Бугун тунда йўловчи поезд Қарши тарафга жўнайди, шунда кетаверасанми? – деб сўради.

Унинг ҳамма гаплари ҳайратланарли эди. У гўё сафаримнинг ҳар бир воқеасидан хабардордек эди. Жавоб бериш ўрнига ер остидан унга разм сола бошладим. Сўнг чиқиб кетди. Бир ярим соатлардан кейин қўлимга бир қоғоз тутқазиб, деди:

– Буни ол, Қаршига чипта, – деди. Мен энди хотиржам бўлдим. У ҳақидаги хулосам шубҳасиз, тўғри эди. Хаёлга ғарқ бўлдим. Бухородаги таржимон ҳам юрт озодлиги учун жанг қилаётганлардан экан. Хизматчи кулча синиқларидан таниб олганидек, эҳтимол, бирор аломатимдан билиб олгандир? Шунинг учун ниҳоятда бетакаллуфлик билан муомала қилди. Хаёлан ўн йиллардан бери коммунистлар билан жанг қилаётган курашчиларнинг тоғдаги қароргоҳига чиқиб кетдим. Хизматчи юзимдаги ўзгаришларга хомушлик билан термилди.

Хаёллар дунёсидан қайтиб журъат қилиб:

– Домла Бухорийнинг аҳволлари қандай? – деб сўрадим.

Хизматчи жилмайиб:

– Қори Олмос дурустми? – деб сўради.

Сўнгра босиқлик билан сўзлай бошлади:

– Қарши, Ғузор, Китоб ҳамда Шаҳрисабз ҳолати ҳозирча яхши. Қаршида бекат яқинида бир “қизил чойхона” бор, борганингда ўша чойхонага туш. Ўғрилардан омонда бўласан.

Патта ва чой хаққини бердим, хизматчи олаётиб: “Бу сенинг ҳисобингдан”, деб хайрлашди. Кечаси соат чоракам учларда бекатга етиб келдим. Бекат мусофирлар билан тўлганидан чиптахонанинг олдида узун қатор бўлиб туришарди. Менинг чиптам борлиги учун кутиш жойига қараб юрдим. Дарвоза олдидаги аскар:

– Ҳужжатингни кўрсат, қаерга кетяпсан? – дея дўқ урди. Мен ўзимни ҳеч нарса билмагандек тутиб, чиптамни кўрсатдим. Аллоҳ ўзи мадад қилди. Қоровул аскарнинг текширишга тоқати етмай, чиптани ҳужжат деб ўйлади шекилли, киришга рухсат берди. Поезд роппа-роса соат учда етиб келиб, беш дақиқа тўхтади.

Ҳар бир вагон эшигида биттадан қизил аскар милтиқ кўтариб турарди. Ҳар бир чиптага поезд рақами ёзилар экан, меники эса рақамсиз эди. Чиптам рақамсизлиги учун ҳеч бир аскар поездга минишга рухсат бермади. Поезд ўрнидан силжиб эшиклар беркитила бошлаганида, бир аскарнинг ёнига бориб илтимос қилдим, раҳми келиб чеккароққа чиқиб турди, лип этиб ичкарига ўзимни урдим. Орқамдан олти нафар рус киссавурлари ҳам таёқлари билан поездга осилишди.

Поезднинг юриши тезлашгандан сўнг киссавурлар ичкарига киришди. Вагонда шарқий Бухорога мансуб ҳайбатли, узун бўйли, катта бошли, бармоқлари билакларимдек семиз-семиз, узун тўн, калта салла ўраб олган учта ўзбек ўтирарди.

Тўсатдан киссавурлар менга ёпирилиб ҳамла қилиб, юкларимни тортиб олишди-да, ўзимни ташқарига улоқтирмоқчи бўлишди. Ёрдам сўраб бақира бошладим, лекин ўзбеклардан бирортаси қимирлаб ҳам қўймади. Улар мени аёвсиз савалашар, мен эса чинқирардим. Киссавурларнинг олтови ҳам семиз ва жуссали кишилар эди. Улардан бири бор кучи билан бўйнимга мушт солди. Бошим айланиб, кўзларим тиниб кетди. Беихтиёр: “Эй Аллоҳ, Ўзинг мадад қил!” деб бақириб юбордим. Худонинг номини эшитиб, бадбахт киссавурлар қайтадан ташланишди. Онамни беҳаё сўзлар билан сўкиб, мени эса “Руҳоний ит!” дея устимга кетма-кет тепки ва мушт ёғдиришарди. Ҳаттоки, “Динингга, Худойингга, Қуръонингга” каби сўзлар билан сўкишарди (Астағфируллоҳ! – муаллиф).

Ҳарчанд ҳаракат қилмайин, уларга бас кела олмадим. Қўл оёқларимдан ушлаб, ташқарига улоқтирмоқчи бўлиб туришганди, қўққис қўшни вагон эшиги очилиб, қўлида шам ушлаган назоратчи пайдо бўлди. Улар назоратчини кўриб, қўшни вагон томон қочиб кетишди. Назоратчига воқеа тафсилотини билдирдим. Баданим қўрқув ҳамда оғриқдан титрар, оғзим қонга тўлган эди. Мендан можаронинг сабабини сўрашди, уларга ҳам воқеани эшиттирдим. Маълум бўлишича, бу ишлар рус ўғри ва киссавурларининг кундалик одатига айланиб, талон-тарож кенг ёйилган, баъзиларини талашар, баъзиларни эса поезддан улоқтиришар экан. Дод-фарёд қилувчилар “гуноҳкор” ҳисобланар, мазлумни ҳимоя қилишга ҳеч кимда ҳиммат топилмас эди. Вагондаги ҳамсафарлар шундай маслаҳат беришди: “Сен ўзингни комсомол қилиб кўрсат, шундай қилмасанг ўзингни айбдор қиладилар”. Мен: “Бундай қилолмайман”, дедим. Озгина фурсат ўтиб, икки аскар ва кондуктор киссавурлардан уч кишини тутиб кириб келишди. Воқеа баён қилингач, мени руҳонийликда айблаб, уларни қўйиб юборишди...

(давоми бор)

Ушбу рукн «Azon kitoblari» нашриёти билан ҳамкорликда тайёрланди

УЛАШИНГ:

Теглар:
« Орқага