Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Алвидо, Ватан! Коммунистлар ҳийласи

1834

КОММУНИСТЛАР ҲИЙЛАСИ

Кейин худди масхарабоздек ҳаракатлар билан ёниб тугаган паранжи-чачвонларнинг чўғига улоқтирди. Сўнг томоғини йиртгудек бўлиб қичқирди:

– Шаҳрисабз халқи аҳд қиламизки, бундан буён хурофотчиликларнинг юксалишига йўл қўймайди! Бухоро, Самарқанд ҳамда Фарғонада “руҳоний”ларнинг марказларини ишғол қилганимиздек, аҳоли ўз ихтиёри билан “руҳоний”ларнинг ҳийла-найрангларини ошкор қилганидек янада қаттиқроқ ҳаракатда давом этамиз! Менинг қувватим сабру бардошимдан ғолиб келиб, ўрнимдан ирғиб туриб бу очиқдан-очиқ бўҳтонларга жавоб бермоқчи бўлган эдим ҳамки, Темурбек мендан олдин унга раддия билдирди:

– Сен яҳудий боласисан! Бу мусулмонлар маҳалласи! Шаҳарда сенларнинг олтита ибодатхоналаринг бор, аввал шуларга ўт қўй, токи коммунистлигинг билинсин. “Фарғона, Бухоро каби бошқа шаҳарларда уламолар ҳамда халқ коммунизмни розилик, хурсандлик билан қабул қилишяпти”, деган сўзинг барчаси ёлғон ва уйдирма! Мана бу йигит менинг сўзларим ҳақиқат эканига гувоҳ, дея менга ишора қилди.

Ўрнимдан ирғиб турдим-да, тўлқинланиб сўзлай бошладим:

– Бу кишининг барча сўзлари ёлғон! Фарғона ҳамда бошқа ҳудудлардаги уламолар коммунистларнинг туҳмату бўҳтонларига қарши якдиллик билан курашмоқдалар!

Сўзимни тугатмасимданоқ вазият ўзгариб кетди. Шаҳрисабзлик боҳиммат мусулмонлар ул бадбахтларнинг устига ёпирилиб кела бошлашди. Тезда аскарлар етиб келишди ва мажлис тамом бўлганини билдириб, одамлардан уйларига тарқалишларини талаб қилди.

“Қизил”ларнинг қон тўкмай, қирғин қилмай тарқалишни талаб этишлари ҳайратланарли эди. Аслида, бунинг бошқа сабаби бор экан: коммунистлар бу каби мажлисни бошқа масжидларда ҳам уюштиришган. Мусулмонлар эса қўзғолон қилиб, бир неча масжидларда улар билан тўқнашувлар бўлган, ёрдамга етиб келган қизил аскарларнинг қуролларини тортиб олиб, ўзларига ҳужум қилишган. Тарқоқ ҳолда қолган аскарлар кучларини йўқотиб, бизнинг масжид аҳлини қирғин этишга жазм қилолмаган. Эртаси соат ўн иккиларга яқин қизил аскарлар қароргоҳларига қараб равона бўлгач, тоғам турган қалъа ҳам озод бўлди. Бу ниҳоятда кутилмаган ҳодиса эди. Дарҳақиқат, коммунистлар тажриба ўтказган эди. Мақсадлари халқнинг онги, тушунчаларини таҳлил этиш, содир бўлаётган охирги жараёнлар борасидаги муносабатларини билиш, мамлакатда юз бераётган воқеалардан хабардорми ёки қудуққа тушган бақа каби ғафлатдами, шуни билиш, уларнинг ўз динларига бўлган муносабати, ўз ақидалари ва аҳкомларини ҳимоя қилиш даражалари, авом халқнинг асл ақидалари, дин уламолари ҳамда халқнинг заиф нуқтасини билиб олиб, ушбу маълумотлардан халқнинг зарарига фойдаланиш эди.

Улар ўз тажрибаларини ҳар хил жойларда қўллашар, аввал янги, тажрибасиз югурдакларини аввалги қаторга қўйишар, мабодо халқ томонидан норозиликлар кучайса: “Бу ишларга коммунистлар ҳукуматининг ҳеч қандай алоқаси йўқ, балки бир неча тарбиясиз ходимлар содир этган ишлар”, деб эълон қилишар, ҳатто баъзи бирларини “халқ душмани” деб дорга осишгача боришар эди. Барчаси авом халқни ҳукуматдан хотиржам ва беташвиш қилиш учун қилинган чора-тадбирлар эди. Бу тадбирлар уларнинг янги макр-ҳийла тузишига имконият яратиб берарди.

Аскарлар қайтиб, шаҳар тинч ва осойишта бўлиб қолди. Темурбек билан очилиб суҳбатлашдик. У тоғамнинг сиёсий маслаҳатчиларидан бўлиб, Бухоро, Самарқанд ва Тошкентга бир неча марта бориб келган экан. Кечаги воқеаларни эслаб: “Улар яна бошқа бирор режаларини тажрибадан ўтказади”, деди. Сўнг тоғамдан хабар олиш учун қалъага кетди. Бир оз вақт ўтиб, чеҳраси ёришган ҳолда шундай хабар билан келди:

– Маҳалладаги бир неча яҳудий коммунистларининг шикоятига биноан қизил аскарлар Ҳазрат Ҳўқандийнинг уйини тинтув қилишибди. Уларнинг шикояти: “Бу Пир авом халқнинг қонини сўриб ётибди, шунингдек, халқни фирқага қарши тайёрлайди”, деган туҳматдан иборат эди.

Тинтув вақтида Ҳазратнинг ҳужраларидан фақат икки дона ювилган кўйлак, бир жуфт оёқ кийим, ошланган бўри териси, бир қалин кўрпача, бир чойдон ҳамда мис чойнак чиқибди. Булар Ҳазратнинг жами уй анжомлари эди. Меҳмонхонадан эса сарф-харажат ҳисоби битилган дафтар топишибди. Унда нима қаердан келди, қаерга сарфланди, ким олиб келди, ким қабул қилди каби барча муомалалар қайд этилган эди. Буни кўрган аскарлар зобити ҳайратда қолиб, аскарларни қайтариб олиб кетибди. “Лекин бу ишнинг бошланиши. Уларнинг ҳийласи бекор бўлди. Энди улар Ҳазратни йўқотиш учун янги режа қўллашлари аниқ”, деди Темурбек.

Орадан бир ҳафта ўтиб, Шаҳрисабздаги барча мажлис ўтказилган жойларга: “Ўтган ҳафта коммунистлар партиясининг баъзи ўзбошимча ходимлари томонидан содир этилган бемаъниликларда айбдор бўлганларга жазо берилди. Ҳукуматнинг бу ишларга алоқаси йўқ. Ҳукумат фуқаронинг диний, мазҳабий муомалаларига аралашмайди. Лекин бирор киши ўз хоҳиши билан фирқага аъзо бўлса, ҳукумат уни мутаассиб мулла ҳамда пирлардан ҳимоя этади”, деган эълонни жарчилар жар солиб тарқатишди.

(давоми бор)

Ушбу рукн «Azon kitoblari» нашриёти билан ҳамкорликда тайёрланди

 

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Катта фиқҳ энциклопедияси: битта мажлисда талоқнинг такрорланиши

266 22:05 24.01.2022

Динимни ўрганаман: қазо рўза узлуксиз тутиладими ёки бўлиб-бўлибми?

425 20:10 24.01.2022

Динимни ўрганаман: қазо рўза бузилса каффорат бериладими?

546 20:10 23.01.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Эҳромда жимоъ фидясининг киришиб кетиши

757 22:05 22.01.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Эҳромда иттиҳодул мажлис бўла туриб қилинган жиноят фидясининг бир-бирига киришиб кетиши

501 22:05 21.01.2022

Динимни ўрганаман: рамазонда тутилмаган рўза учун каффорат бериладими?

542 20:05 21.01.2022
« Орқага