(1-қисм бу ерда)
ЖАСОРАТ ЁКИ ҲИЖРАТ САБАБИ
Ўрис инқилобидан олдин чор Русияси даврида замонавий таълим-тарбия фақат номигагина бўларди. Чунки таълим рус тилида бўлар, иккинчидан, бу таълимий идораларнинг бошқаруви ҳамда интизоми католик попларнинг қўлида бўлиб, аксар вақт устозлар айнан улардан тайин этиларди. Уларнинг таълим бериш мақсадларидан бири мусулмонларнинг фарзандларини насронийлаштириш ҳамда бу таълимгоҳнинг ҳар бир битирувчисини ўз динидан маҳрум этиб, ўрисларнинг ҳаёт тарзини ҳимоя қилувчи этиб тарбиялаш эди.
Шунинг учун аксар мусулмонлар бу идоралар билан ўз алоқаларини узишган эди. Туркистон бўйлаб эса мингларча диний таълим марказлари мавжуд бўлиб, у ерда туркий тилда таълим берилар эди. Бирор шаҳар ёки қишлоқ бу диний дарсхоналардан ҳоли эмас эди.
Саховатли, бой-бадавлат мусулмонлар мадрасаларнинг таъминоти учун ўз ерларини вақф этишар, таълим эса толиби илмларга бепул ўргатилар эди. Лекин озиқ-овқат, ўқув дарсликлари толибларнинг ўз ёнларидан бўлиб, улар ўн икки-ўн олти йиллик таълим харажатларини ўз зиммаларига олишар эди. Битирувчи талабалар вилоятларда турли вазифаларда ишлашарди. Баъзилари тижорат ишлари билан шуғулланар эдилар.
Бу таълимгоҳлар ўзи бир олам бўлиб, сиёсат майдони бутунлай тарк қилинган, уламолар бу майдонни динсизлар қўлига топшириб қўйган эдилар. Туркистондаги ижтимоий ҳаётни Исломдан узишга ҳаракат қилинарди. Ҳар бир шахс ўзича шоир, ҳаваскор эди. Йилнинг ярми сайру саёҳат, хурсандчилик, овчилик билан ўтказилар, обрў орттириш учун мол-дунёни беҳисоб сарф қилиш бизнинг фахримиз ва имтиёзий шаънимиз ҳисобланар эди. Кўп уламоларимиз тор назар билан фаръий масалаларда низолашишар, бу билан Ислом ҳақида чуқурроқ мулоҳаза этишдан ғафлатда қолишар эди. Тасаввуф илми ривожланган бўлиб, баъзи бир машойих ва сўфийлар дунё ишлари ва халқнинг амалий масалаларидан юз ўгириб, хонақоҳларга шўнғиб кетишганди.
Муроқаба, кашфи қубур, узлат, риёзат, чилла ва ваҳдатул вужуд борасидаги баҳсу мунозаралар уларнинг машғулотига айланиб қолган эди. Муридларга ҳам шундай талқин этиларди. Агар бирор киши уларнинг ўзаро масала талашишлари ва халқдан юз ўгирганларини танқид этса, улар:
– Бизга бирор душман ҳамла этяптими?! Агар шундай бўлса, биз бунга тайёрмиз. Хонақоҳларимизнинг тарбиятидан ҳақиқий мақсад ҳам аслида, шу, – дея жавоб беришарди.
Туркистон мусулмонларининг кеча-кундузи шу тарзда ўтар эди.
1917 йил февралида Русияда инқилоб юз берди. Оқ пошшо ҳукумати ағдарилиб, Керенский раҳбарлигида эркпарастлар муваққат ҳукумат тузишди. Бундан фой-даланиб, Туркистон ҳам ўз озодлигини эълон қилди.
Қўқон Туркистон пойтахти этиб тайинланди. Муваққат ҳукумат раҳбарлари ҳам Туркистон озодлигини қабул қилди. Лекин муваққат ҳукумат қўл остида “Миллий муҳофиз”лардан бошқа қувватли армия йўқ эди. Туркистон ҳукуматининг раҳнамолари озодликни мустаҳкамлаш учун кеча-ю кундуз тинимсиз меҳнат қилишди. Уламолар ҳам бу ишда катта ёрдам кўрсатишди. Қонуншунослик мажлиси барпо этилиб, қонунчилик дастури тезлик билан тузила бошлади.
Шу вақтда Ленин бошчилигидаги коммунистлар Керенский ҳукуматини ағдариб, бутун Русияни ўз қўлларига олишди. 1918 йилнинг февралида Туркистонга ваҳшийларча ҳамла қилиб, унинг бир неча кунлик озодлигини ўлим жарига қулатдилар. 1918 йилнинг декабрида Бухоро ва Хивага чанг солинди. Коммунистлар Туркистонни қўлга киритиши билан боғлар, ерлар, дўкон ва корхоналарни зўравонлик ила тортиб ола бошлашди. Бу талончилик ва қароқчилик янгича “маданият” услуби бўлиб, диндорларни Аллоҳнинг итоатидан ўз итоатларига бўйсундириш йўлидаги ҳийла эди. Деҳқонлар, савдогарлар, уламолар каби аҳолининг етакчи қатламини гарчи ўқиш-ёзишни билмасалар ҳам, ҳуқуқи шаҳрият – фуқароликдан маҳрум этишди. Исломнинг буюк арконлари намоз ва рўза улкан “жиноят” деб ҳисобланди. Ҳажга бориш ман этилди. Масжидлар беркитила бошланди. Масжидларни беркитишга бир неча ҳийла ўйлаб топишди:
- Аввал масжид, мадрасаларнинг вақф ерлари тортиб олиниб, улар ўз таъминотларидан маҳрум этилди.
- Масжидларни очиқ қолдирилишига шарт қилиб, катта миқдорда солиқ солинди. Сўнг эса саховатли кишилар хайру садақа йиғиб солиқни адо этишаётганини кўришгач, хайрия этувчиларга ҳам солиқ сола бошладилар. Буни ошкора эълон қилишди: “Кимки масжид солиқларини тўлар экан, биз уларни ўз хазиналарини яшириб қўйишда айблаймиз. Улардан мол-мулкини тортиб оламиз!” (Бировнинг мулкини зўравонлик билан тортиб олиш ҳақиқий қароқчилик эмасми?)
- Агар бу солиқлар ўз вақтида адо этилмаса, бир ҳафтадан сўнг масжидга яна зиёда солиқ солинарди. Шу шаклда, кундан кунга солиқ миқдори кўпайиб борар эди.
- Ҳаттоки, намозхонларга “Намоз солиғи” солинди.
Натижада, одамлар уйларида намоз ўқишга мажбур бўла бошлашди. Бунинг оқибатида масжидлар ҳувиллаб қолди. Масжидлар бу ҳолатга тушгандан сўнг коммунистлар тўпланиб: “Фалон масжид бекор қолди, у ерда ҳеч ким намоз ўқимайди, ҳукумат уни бирор корхона ихтиёрига топшириши керак”, деб қарор қабул қилишарди. Эртасига уларнинг бу қарори ўз газеталарида чоп этилар эди. Хуллас, улар масжидни эгаллаб, отхона, клуб ва маданият уйларига айлантиришар ёки бузиб ташлашарди.
Коммунистик партиянинг ташвиқот идоралари ҳар бир маҳаллада очилиб, диннинг хилофига фасод сўзларни тарқатишар, динни масхаралаб, уни йўқотиш йўлларини ўргатишар эди.
Улар: “Одамларнинг бирор иш қилишлари учун ҳукумат тарафидан ижозатнома олишлари зарур”, дея янги қарор чиқардилар. Ижозатномасиз деҳқончилик, косиблик, ҳунармандлик ва савдогарлик, ҳаттоки мардикорликка ҳам рухсат йўқ эди. Диний, миллий ҳамда қавмий анъаналарни ҳурмат қилувчи кишилар учун бундай ижозатнома олиш тобора қийин бўла бошлади. Уни олиш учун эса дину имондан юз ўгириш лозим эди. Аввал салла, сўнгра дўппи, соқол, паранжи, кейинроқ эса иффат, ҳаё ҳамда ор-номусни тортиб олиш, энг охирида имонга тажовуз қилиш коммунистларнинг муддаоси эди.
Бир томондан қотиллик, зўравонлик, босқинчилик авжига чиқди. Диндор, намозу рўзага мустақим кишиларга ошкора ҳужумлар бошланди. Лекин шундай “адолатли” ҳукумат томонидан бирор қотил ушланиб, жазо берилмас эди. Мусулмонларнинг эса қилган ишларидан қийиқ ахтариб аёвсиз жазолар эдилар. Шу тариқа минглаб мусулмонлар қатл этилдилар.
1927 йилдан кейин бу қотиллик ва хунрезликлар мусулмонларга нисбатан душманчилик тарзида янада авжига чиқди. Коммунистлар Исломга қарши бўҳтонлар уюштиришар, Қуръон ва ҳадисни, дин пешволарини масхаралаб суратлар чизишар, бу суратларни йўл бўйига, масжид деворларига ёпиштиришар эди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг номи муборакларига лой чаплашар, театр ва киноларда масхараомуз драмалар ижро этишар эди. Бу таҳқирлардан юз ўгириш, назарни сақлаш “жиноят” ҳисобланар эди. Коммунистларнинг зулму ситами ва ҳақоратлари шу даражага етдики, улар Пайғамбар алайҳиссаломнинг фаразий ҳайкалларини ясаб, чорраҳаларга ўрнатиб қўяр ва ўтган-кетган йўловчиларни ушлашиб, мажбуран унга қаратишар эди.
Бундай зулмлар инсонларга юртдан бош олиб кетишдан бошқа йўл қолдирмас эди.
Мисол учун бир воқеани айтиб бераман: Кунларнинг бирида қишлоғимизнинг жоме масжидида коммунистларнинг мажлиси ташкил қилинди. Барча қишлоқ аҳли йиғилишга қатнашиши кераклиги, иштирок этмаганларга жазо берилиши эълон қилинди. Одамлар мажбуран тўпланишди. Масжид лиммо-лим тўлгандан кейин мажлис бошланди. Мажлис раисининг биринчи эълони: “Руҳонийлар мажлисдан чиқиб кетсин”, деган сўзи бўлди. Туркистонда динга эътиқодли кишиларни “руҳонийлар” деб аташар эди. Бу эълондан сўнг кўпчилик туриб, чиқиб кетди. Масжидда фақат заиф мусулмонлар, баъзи фосиқ-фожирлар ва ёш болалар қолди. Чиқиб кетганларнинг номлари ёзиб олинди. Масжид бир муддат сукунатга чўмди. Сўнгра баланд товушда қўнғироқ чала бошладилар. Ҳа, ҳа… Масжиднинг ичида шундай қилдилар. Таҳқирлаш ва камситиш шу даражага етган эди. Қўнғироқ чалингандан кейин мажлис янада жонланди. Бир киши минбарга яқинлашди, уни “ислом фай-ласуфи” деб таништирдилар. У шахс Исломнинг зиддига тинмай оғзидан кўпик сочиб, ноўрин, бўлмағур сўзларни айтди. Унинг бундай қабиҳ, ҳақоратомуз сўзларини ёзишга кимнинг ҳам тоқати етарди?! Қисқача шундай эди: “Исломнинг мақсади авомнинг дилига Худонинг тасаввурини киритиб, уларни ўзларига бўйсундириш. Бу тасаввурни киритиш сармоядорлар ва муллоларнинг ўз манфаатлари учун кўзлаб чиқарилган ихтироларидир. Аллоҳ, Расул, жаннат, дўзах, Қиёмат, Ҳашр, фаришта ва бошқа барча эътиқодлар уйдирмаю хурофотлардир (Аллоҳ сақласин! – муаллиф). Коммунистлар партияси бу тасаввуротларни яксон қилиб, авому меҳнаткашларни “руҳоний”ларнинг макр-ҳийла тузоқларидан халос қилишга қатъий қарор қилди”.
Аммо Аллоҳга ҳамду санолар бўлсинки, коммунистларнинг содда, илмсиз мусулмонлар учун қўллаган қабиҳ режалари узоққа етмай, оддий бир супурги ўргимчак уясини вайрон этганидек вайрон бўлиб, уларнинг ҳақиқий башаралари очилди. Улар ўзларини меҳнаткашларга ҳомийдек кўрсатар, ваҳшиёна мақсадларини эса “халоскорлик ёрдами” дея ниқоблардилар. Аммо халқимиз айтганидек: “Ҳақиқат – эгилади, букилади, лекин синмайди!”
“Нотиқ” ўз баёнотидан масрурланиб: “Саволингиз борми?” деб қичқирди. Бу кимсанинг бўҳтонларини эшитиб, қоним қайнаб кетди. Ҳаяжон билан ўрнимдан турдим ва уларга тик қараб баралла овозда: “Бўҳтонларингга жавоб берадиганларни чиқариб юбориб, энди уларнинг руҳларига хитоб қиляпсанми?!” дедим.
Ҳаяжонланганимдан яна нималарни сўзладим, билмайман, лекин шуни сездимки, масжидга ваҳимали сукунат чўмган эди. Сукунат ичра фақатгина менинг овозим баралла янграрди. Тўсатдан: “Ушла, ушла!” деган овозлар янгради. Тўрт томонимдан қуршаб олиб, тепки ва муштлар ёғдира бошлашди. Камзулим йиртилиб, кўйлагим пора-пора бўлди. Сўнгра “назорат ходим”лари уриб-сўкиб ташқарига қувишди. Уйга бордим. Онам, опа-сингилларим аҳволимни кўриб, ниҳоятда паришон бўлдилар.
Онажонимнинг ғамгинлигини тасаввур этиб бўлмас эди. Кўз ўнгларида ўғиллари эмас, уммати Ислом ҳақоратланган, калтаклангандек эди. Бундан бизнинг хонадонимиз ҳам чеккада эмасди...
НКВД ходимлари амаким, икки тоғам, поччам, икки холаваччам ва бир неча азиз қариндошларимни “диний пешво” деган ном билан уйларидан ушлаб кетишган эди. Ҳозиргача уларнинг қисматлари маълум эмас.
Онам: “Ўғлим, онанг сенга қурбон бўлсин, бу кўйга сени ким солди?” деб сўрадилар: Мен ҳарчанд ҳийла қилиб, алдашга уринмайин, онамнинг қистовлари зиёда бўлди. Охири мажбур бўлиб, ҳамма воқеани сўзлаб бер-дим. Эшитгач, Онаизорим йиғладилар. Сўнгра: “Болам, кўзимнинг нури! Бу одамлар жоҳил, динсиз. Афсус, ҳукумат шуларнинг қўлида қолди... Уларнинг хурофоту туҳматлари дини-исломга қилинган очиқ бўҳтондан бошқа нарса эмас! Энди сен ҳақингда ўйлаш фурсати етди. Юр, олдин таомланиб ол”, дедилар.
Қалбим шунчалик безовта ва сиқилган эдики, бирор нарса ейишни хоҳламас эдим. Онажоним ўз қўллари билан мажбуран бир неча луқма едирдилар. Кечанинг аксари ўтиб кетган эди. Онам ва укаларим менинг орқамда хуфтон намозини ўқишди. Онажоним мени ўз ҳужраларига олиб кетдилар ва бир китоб бериб: “Ол, ўғлим, ўқи”, дедилар. Китоб Қозонда чоп этилган “Сийратун набий”нинг аввалги жилди эди. Онам кетганларидан кейин мутолаага шўнғиб кетдим. Туни билан мутолаадан бош кўтармадим. Субҳидамда онам келиб китобни қўлимдан олдиларда, “Ўғлим, энди озгина дам олгин”, дедилар. Бир неча дақиқа ухлаганимдан сўнг, онажоним иккинчи бор келиб, намози бомдодга уйғотдилар. Субҳ намозини ҳам жамоат бўлиб адо этдик. Кун чиқиши билан боғ ишларига машғул бўлдим. Икки укам мактабга кетди. Улар пешиндан кейин уйга келиб, онамдан сўрай бошлашди:
– Онажон, коммунистлар диннинг душманими? Улар ошкора душманчилик қилишяпти-я?!
Маълум бўлдики, мактабда театр қўйиб, унда намоз, рўза ҳамда бошқа диний арконларни масхаралашган экан. Онам укаларимнинг гапини эшитиб, қаттиқ ғазабланди ва коммунистларни қарғай бошлади. Эртасига мактабда ўқувчилардан драма ҳақидаги ота-оналарининг фикрини сўрашибди. Шу сабабдан онамни фуқаролик ҳуқуқидан маҳрум этишди.
Шунда онам: “Имонимиз синаладиган вақт келди. Бу ифлос, разилтабиат, фосиқ инсонлар ушбу заминда Исломга мойил бирор кишини тирик қўймайди”, дедилар. Сўнгра мени четга чорлаб: “Ўғлим! Душман мени қачон қатл ёки сургун этиши маълум эмас. Бу ерда мусулмон бўлиб яшаш имкони қолмади. Сенга юртни тарк этишинг учун рухсат бераман. Бирор мусулмонобод мамлакатга бориб исломий ҳаёт кечиргин”, дея ижозат бердилар.
Шундан сўнг, кўпинча вақтимизни махфий маслаҳат билан ўтказар эдик. Менга ота-боболаримдан қимматбаҳо ва ноёб китоблар мерос қолган эди. Онамнинг маслаҳатлари билан марҳум отам қурган меҳмонхонанинг олти газ қалинликдаги деворини ўйиб токча қилдимда, ҳамма китобларни токчага териб, лой билан сувоқлаб чиқдим. Ҳукумат биздан бу иморатларни тортиб олиб, бузмасдан бирор корхонага тортиқ қилишига ишончимиз комил эди. Онамнинг фуқаролик ҳуқуқидан маҳрум этилганларидан йигирма кун ўтиб, сафарга чиқдим.
(давоми бор)
Аъзам Ҳошимийнинг «Алвидо, Ватан!» китобидан олинди