Илм

"Амалларни ёзувчи фаришталардан уял..." (Жийлоний ҳикматлари)

616

“Амалларни ёзувчи фаришталардан уял. Уларга, айтишинг жоиз бўлмаган гапни ёздирма. Уларга, ўзинг қиёматда ўқиб у билан хурсанд бўладиган амалларнигина ёздир. Уларга тасбеҳни, Қуръон қироатини, ўз манфаатинг ва халқ манфаати учун айтилган сўзларни ёздир. Кўз ёшларинг билан уларнинг сиёҳларини зиёда қил. Тавҳидинг билан қаламларини шонли қил. Сўнгра уларни эшик олдида қўйиб, ўзинг Раббинг ҳузурига кир... Ўлимни ҳар лаҳзада эсла. Биродарингни кўрсанг, у билан хайрлашаётганда унга охирги саломингни бер. Уйидан чиқиб кетаётган инсон ҳам ўз аҳли оиласи билан қалбан хайрлашсин. Чунки уйига қайтиб келолмаслиги, йўлда ўлим фариштаси унга йўлиқиши мумкин. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч бирингиз ёстиғи остида васиятини ёзиб қўймасдан ҳаргиз тунамасин» деганлар.

Агар бирортангизнинг бўйнида қарзи бўлиб, уни адо қилишга қодир бўлса, уни тезда адо қилсин, кечиктириб юрмасин. Чунки у вафот этса, қарзини ундан кейин биров тўлайдими йўқми, буни билмайди. Кимки қарзини тўлашга имкони бўлатуриб уни адо қилмаса, у золим ҳисобланади. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бой инсон (қарзини бермасдан) вақтни чўзиб юриши зулмдир» дедилар.“

Абдулқодир Жийлоний

Аллоҳ бизни кузатиб турганини, адолатини исботлаш учун ёнимизга амалларимизни ёзиб борувчи фаришталарни бириктириб қўйганини ҳис қилиб яшашимиз – тақво йўлидир. Биз ҳеч қачон ёлғиз бўлолмаймиз, доимо назоратдамиз, шуни яхши англашимиз керак. Қалбларнинг тубидаги яширин сирлардан ҳам хабардор Роббимиз кузатуви остидамиз. Биз инсоннинг кузатувидан қўрқиб, улардан ҳижолат бўлиб гуноҳу маъсиятдан тийилмаймиз. Чунки банданинг кузатиши маълум жойгача. Биз Раббимизнинг кузатувига иймон келтирганмиз. Эрта қабрда, қиёмат куни маҳшаргоҳда барча амалларимиз, ҳа, инсонлар учун ҳам номаълум бўлган барча амалларимиз ошкора қилинишига ишонамиз. Раббимиз қайтарган ишлар билан машғул бўлиб, У зотнинг ғазабини жалб қилишдан, У зотнинг назаридан қолишдан қўрқамиз. Ҳар лаҳзада ўлим фариштаси келиб омонатни қайтариб олиши мумкинлиги, кейин эса дунёдаги имтиҳон тугаб, унинг жавоби учун боқий дунёга сафар қилишимизни, қоронғу қабрда ёлғиз қолишни ҳеч қачон унутмайлик!

Улуғбек Насриддин ўғли

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Яхши амал қилганларнинг юзи

505 17:00 21.11.2019

«Сен Ҳақнинг ғазабига учрайсан...»

829 17:00 16.11.2019

«Насибангни биров ея олмайди!»

578 10:08 04.11.2019

"Кел, биз билан нажот кемасига чиқ" (Жийлоний ҳикматлари)

1518 20:00 01.11.2019

"Эй мўмин, тезроқ ўт. Сенинг нуринг менинг алангамни ўчирди" (Жийлоний ҳикматлари)

1581 12:00 01.11.2019

«Унинг Худоси  – ўзи»

625 19:00 30.10.2019
« Орқага