Илм

Амалсиз илм мевасиз дарахт кабидир

609

Илм – илмига амал қилмаган олимнинг зарарига хужжат экани борасидаги набавий ҳадислар.

Албатта, илмига амал қилмаслик, охир оқибат илм соҳибини ҳалокатга ва дўзахга тушишига сабаб бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтиладики, дўзах оловида биринчи бўлиб ёндириладиганлар уч нафар бўлиб, улардан бири риёкор олимдир. Ибн Раслон аш Шофеъий ўзининг “Аз-Забад” номли назмий тўпламининг муқаддимасида шундай дейди:

Олим ўз илмига амал қилмас гар, 

Бутпарастдан олдин азобга гирифтор бўлар.

Имом Табаронийнинг “Муъжам”ида ва Абу Нуъаймнинг “Хиля”сида, Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллолоҳу алайҳи ва саллам: “Забониялар (жаҳаннамдаги азоб фаришталари) бутпарастлардан кўра олдинроқ фосиқ ҳомилул-Қуръон (қуръонни ёдлаган, илмли кишилар)ларга тезроқ (азоб берувчи)дирлар. Шунда улар: “Бутпарастлардан олдин бизлардан бошланадими(яъни азоб берилиши)?” деб сўрайдилар. Уларга: “Биладиганлар  билмайдиганлар каби эмас” деб жавоб берилади”- дедилар.(“Канзул Уммол” 10/345)

Ваҳоланки, қуйидаги дуо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларидан эди:

“Аллоҳим, фойда бермайдиган илм ва қўқмайдиган қалбдан паноҳ сўрайман”. Бу ҳадисни Саҳиҳи Муслимда (4/2088) Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳу ривоят қилганликлари ёзилган.

Шу ўринда мана шу тоифа ҳақидаги набавий ҳадислардан бир нечтасини келтираман, лекин, уларни келтиришдан олдин, сиз азиз ўқувчиларга шуни айтмоқчиманки: “Сиз, бу ҳадисларнинг баъзиси заиф” деманг. Чунки жумҳур уламолар мазҳабида заиф ҳадислар (амалларнинг) фазилатлари борасида ривоят қилинади ва унга амал қилинади. Ва илм аҳлининг кўпчилиги, ҳадис, фиқҳ ва усул аҳллари ҳам бу нарсага ижмо қилишганини айтган. Каминани бу масала бўйича “Муҳаддис ва фақиҳлар наздида заиф ҳадисга амал қилиш ҳукми. Солиштирма тадқиқот” сарлавҳаси остида алоҳида изланишим каминанинг “Мазҳабга эргашиш. Мазҳабга эргашишга боғлиқ масалалар бўйича фундаментал (асосларга таянган) тадқиқот” номли китобимнинг бўлимларидан бири бўлган.

Энди сизларга илмга амал қилишнинг зарурлиги ва амалсиз илм ўз эгасининг фойдасига эмас, балки зарарига хужжат бўлиши ҳақидаги ҳадислар туркумини тақдим этаман.

Имом Табаронийнинг “Муъжамул Кабир”(6/165) китобида келтирилади. Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

“Инсонларга яхшиликни ўргатиб ўзини унитадиган олимнинг мисоли, гўёки инсонларга зиё таратиб, ўзини ёндирган чироқ кабидир”. Табароний ушбу ҳадисни Абу Барза  Асламийдан ҳам ривоят қилганлар.

Имом Термизийнинг “Сунан” ларида (4/612): Абу Барза Ал Асламийдан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “ Қиёмат кунида банда тўрт нарсадан сўралмагунча унинг қадами жойидан жилмайди; умрини нимага сарфлагани, олган илмига қандай амал қилгани, молини қаердан топиб, қаерга сарфлагани ва жисмини нимага ишлатгани ҳақида” дедилар. Имом Термизий: “Бу ҳасан саҳиҳ ҳадис” деганлар.

Ва яна Табаронийнинг “Муъжамус сағир”(1/305) китобида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Қиёмат кунида азоби энг қаттиқ бўладиганлар, илми манфаат бермаган олимлардир”-дедилар.

Табаронийнинг “Муъжамул кабийр”ида(22/55) келтирилади, Восила ибн Асқоъ ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Ҳар бир бино ўз эгаси учун ҳалокатдир, магар мана бундоқ бўлган бундан мустаснодир деб кафтлари билан ишора қилдилар, ва ҳар бир илм ўз соҳиби учун ҳалокатдир, агар илмига амал қилмаган бўлса.”-дедилар.

Имом Байҳақийнинг “Шуъабул иймон” китобларида (2/383) келади, Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Исро кечаси бир қавмни олдига олиб борилдим. Уларни лаблари оловдан бўлган қайчилар билан кесилаётганини кўрдим. Кесилгандан кейин яна ўз ҳолига келиб қолади. Сўнг Жаброил (а.с)дан сўрадим: “Эй Жаброил булар кимлар?” У: “Умматингизнинг ўзлари амал қилмаган нарсани айтадиган ва Қуръон ўқиб унга амал қилмайдиган хатибларидир”-деди. Дедилар”.

Хатиб Бағдодий яна “Иқтизоул илмил амала” китобида (65-бет) ривоят қилади:

“Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади - билишимча(бу ровийнинг сўзи) У(Ҳузайфа ибн Ямон) шундай деди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

“Билмайдиган кишига вайл бўлсин ва яна билиб сўнг амал қилмаган кишига ҳам вайл бўлсин” деб уч марта такрорладилар.”

Ва яна У шу китобида (66-бет) ривоят қилади: “Аббос розияллоҳу анҳунинг мавлолари Сулаймон ибн Робеъдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллолоҳу алайҳи васаллам: “Билмайдиган кишига вайл бўлсин, агар Аллоҳ хоҳлаганда унга билдирарди, ва яна билиб туриб амал қилмаган кишига етти марта вайл бўлсин” - дедилар”. Бу ҳадиснинг Абу Дардодан ҳам ривоят қилинган шоҳиди бор, уни Хатиб шу ҳадисдан кейин ривоят қилган.

Ва яна Хатиб (6-бет) ривоят қилади: Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши Расулуллоҳдан: Ё Расулуллоҳ жоҳилликдан (илмсизликдан) нима қайтаради?” деб сўради. У Зот: “Илм” -дедилар. У киши: “Илмимга нима хужжат бўлади” –деб сўради. У Зот: “Амал”-дедилар”.

У яна (7-бет)да ривоят қилади, Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Эй Уваймир, қиёмат куни сенга (Аллоҳ тарафидан) (дунёда) билганмидинг (илм ўрганганмидинг) ёки билмаганмидинг? - деб сўралса, нима деб жавоб берар эдинг (қандай ҳолга тушасан)? Агар “билгандим” десанг, сенга “билган бўлсанг қандай амал қилдинг?” -дейилади, агар “билмагандим” десанг, сенга “билмаслигингни нима узри бор эди? Таълим олсанг бўлмасмиди?-дейилади” - дедилар”.

Яна Хатиб ўша китобида (9-бет) ривоят қилади: Муоз ибн Жабалдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Билишни хоҳлаган нарсангизни ўрганинг, аммо, Аллоҳ билган нарсангизга амал қилмагунингизча сизларга бирор манфаат бермайди.” - дедилар.

У (Хатиб Бағдодий) яна (75-бет) ривоят қилади: Мансур ибн Зозондан ривоят қилинади, у шундай дейди: “Баъзи нарсалардан билдирилдимки, дўзахга ташланадиганларнинг баъзи бирлари дастидан дўзах аҳли азият чекади. Шунда унга: “Холинга вой! Нима амал қилган эдингки, шу аҳволга тушдинг?

Кўраётган азобимиз кам эдимики, энди сенинг сассиқ ҳидинг билан балоландик”. У бўлса, шундай жавоб беради: “Мен олим эдим, лекин илмимга амал қилмадим дейди”.
 
Муроджон МИРСОАТОВ таржимаси

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Алломанинг китобга бўлган рағбати...

1240 21:47 30.05.2020

Сув ичишнинг одоблари

800 07:24 30.05.2020

Aллoмa Муҳaммaд Aввoмa билaн суҳбaт: Умматнинг аҳволи, замонамиз уламолари ҳақида (давоми)

163 16:30 29.05.2020

Aллoмa Муҳaммaд Aввoмa билaн суҳбaт: Таҳсил, таълиф ва ижозалар ҳақида (иккинчи қисм)

536 20:28 28.05.2020

Aллoмa Муҳaммaд Aввoмa билaн суҳбaт: Таҳсил, таълиф ва ижозалар ҳақида (биринчи қисм)

737 10:30 28.05.2020

Қуръони каримда зикри келган ҳайвонлар:

1350 13:30 27.05.2020
« Орқага