АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен кеча, 3 март куни мамлакатининг ташқи сиёсатидаги асосий йўналишларни маълум қилди.
«Америка овози»нинг хабар беришича, Блинкен Вашингтоннинг ўзбошимча ҳаракат қилмаслигини, балки халқаро ҳамжамият, иттифоқчилар ва ҳамкорлар билан маслаҳатлашган ҳолда қадам ташлашини айтган. “Зарур бўлганда, кескин қарорлар қабул қилинади, куч ҳам ишлатилади, аммо Америка халқини огоҳ қилган ҳолда ва қонунларга асосланган шаклда”, – деди у.
Шунингдек, Блинкен Америка ўзини қиммат ҳарбий ҳаракатлардан асрашини маълум қилди. “Узоқ муддатли тинчлик ва фаровонликка куч билан эришиб бўлмаслигини тушунамиз”, – дея изоҳлади Давлат котиби.
Энтони Блинкен Америка ўз фуқароларини бошқа давлатларда ҳукуматларни янгилаш учун сафарбар этмаслигини ҳам билдирди: “Биз демократияни ҳарбий йўллар билан тарғиб қилмаймиз. Авторитар режимларни куч билан ағдариш йўлидан бормаймиз”.
Давлат котиби Хитойни АҚШ учун энг йирик геосиёсий синов деб атади. Коронавирус билан боғлиқ дезинформациядан тортиб, савдо ва хавфсизликкача, барча жабҳаларда Пекин ва Вашингтон орасида зиддиятлар кескин.