Таҳлил

Америкада Ҳэллоуин: бу шунчаки байрам эмас

4152

Ҳар йили 31 октябрда АҚШда анъанавий равишда турли хил махлуқлар ниқобидаги кўплаб болалар шом қоронғисида тўпланиб, эшикма-эшик ширинлик сўраб юришади. Бу барчага маълум Ҳэллоуин байрами, уни Америкадаги энг қувноқ шодиёна деб атайдилар. 

Аслида ҳаммаси шунчалик оддий эмас. Бу «беғубор» байрам ортида анча узоқ йилларга бориб тақалувчи ҳамда бугунги Америка сиёсати манзарасини кўрсатиб берувчи даҳшатли фактлар ётибди.

Энг бошига кайтсак: махлуқлар билан боғлиқ асотирлар бу мамлакатдаги қўрқувнинг акси демакдир, чунки Америка национализмида одамларни рангига кўра фарқлаш ва ажратиш улкан ўрин тутади. Шу нуқтаи назардан, мусулмон бўлган болалар ва қора танлиларни махлуқлар сифатида тасвирлашнинг тарихий илдизлари мавжуд.

Ғарбда мавжуд бугунги кўплаб қўрқинчли афсоналарнинг аксарияти ўрта асрларга бориб тақалади. Диншунос София Розе Аржана «Мусулмонлар ғарбликлар тасаввурида» китобида таъкидлаганидек, айнан европаликлар мусулмонларни йиртқич махлуқлар сифатида тасвирлашган. 

Улар исломни сатанизмга тенглаштирди ва мусулмон эркакларни шафқатсиз жинлар деб таърифлади. Мусулмонларни одоб-ахлоққа таҳдид деб ҳисоблаш орқали европаликлар ўзлари учун этник тозалаш ва қотилликлар учун асос яратган.

Аржананинг таъкидлашича, усмонийлар империясининг ўсиб бораётган кучи ва унинг таъсири Европага ҳам тарқалиши мумкинлиги ҳақидаги қўрқув мусулмон демографик таҳдидидан хавотирга тушишга йўл очди. Ушбу телбанамо мантиқсиз қўрқув сабабли насронийларни тишлаб, қонини булғовчи махлуқлар ҳақидаги афсоналар яратилган. Пировардида аборогенлар ва вампирлар ҳақидаги ҳикоялар пайдо бўлди.

Мусулмонларни нафақат хавфли, балки йиртқич ҳайвон қилиб кўрсатиш орқали европаликлар ўзларининг мусулмон халқларини бошқариш ва уларга тегишли ерларни қўлга киритишга бўлган уринишларини оқлашга ҳаракат қилишган. Алал-оқибат эса бу каби афсоналар моҳиятан ирқ ва динга боғланган ҳолда бутун дунёга тарқашда давом этмоқда.

Кейинчалик Голливуд бу афсоналардан кенг фойдалана бошлади ҳамда йиртқич ҳайвонларнинг ирқий тасвирлари акс этган сон-саноқсиз фильмлар яратилди. «Кинг Конг» (1931), «Бўри одам» (1941) ва «Қора Лагун» (1954)да тасвирланган жонзотлар амалда Американинг ирқий ташвишларидан бошқа нарсани акс эттиргани йўқ. Учала фильм ҳам моҳиятан барчадан фарқ қилувчи йиртқич ҳайвонлар образини тасвирлайди, улар оқ танли аёлларга кўнгил қўйишади, бироқ бирортаси ҳам Ғарб цивилизацияси билан тинч-тотув яшай олмайди.

Бундан ташқари, ушбу фильмлардаги оқ танли бўлмаган одамлар тасвири ҳам жуда салбий. Мисол учун, қора танли кишилар кўпинча жиноятчи сифатида, араблар ва мусулмонлар эса анъанавий тарзда террорчи қилиб кўрсатилади. Бу каби фильмлар сўнгида томошабинлар ўз жамиятларига ёт бу унсурлар мағлубияти ё ўлимини қийқириқлар билан кутиб оладилар.

Ҳатто болаларга мўлжалланган мультфильмлар ҳам ирқий тафовутни йиртқичлик билан боғлайди. Масалан, 90-йилларнинг мультфильмлари Диснейнинг Гаргойллари (1994-97) ва «Фокснинг Х-эркаклари» (1992-97)нинг барчасида шу ғоя олиб чиқилган. Таъкидлаб ўтиш жоиз, улардаги мафкура Ўрта аср Европасида мусулмонлар ҳамда бошқа ирқ вакилларига бўлган қарашдан у қадар ҳам фарқ этмайди. Бугун эса мазкур стереотиплар Ҳэллоуин байрами кўринишида давом этмоқда. 

Бу турдаги мантиқсиз қўрқувлар Америка сиёсати учун ҳам ёт эмас. Инчунун, сиёсий мунозаралар ва ОАВда мунтазам равишда оқ танли бўлмаган одамлар инсонийликдан маҳрум ва шафқатсиз жиноятчи сифатида кўрсатилиб келинмоқда. Улар гўёки оқ танлилар жамиятига нафас олиб турган таҳдиддан бошқа нарса эмас.

Узоққа бормайлик: АҚШ президенти Дональд Трамп ўзининг бутун сиёсий карьерасини «мусулмон террорчилар» ёки «қора босқинчилар» сингари “таҳдидларга” қарши кураш ҳамда чақириқлар асосида қурган эмасми? У ҳам ўзигача бўлган Америка сиёсатчилари каби одамлар онгига йиллар давомида сингдирилган бошқа ирқ вакиллари ва мусулмонларга нисбатан қўрқувдан ғайриинсоний сиёсатни оқлаш учун фойдаланди.

Жумладан, Лотин Америкасидан келганларнинг гиёҳванд моддалар сотувчиси ва тажовузкорлар сифатида кўрсатилиши АҚШ – Мексика чегарасида ҳарбийлаштирилган чегара назорати сиёсатини легитимлаштирди, натижада 76 минг нафар вояга етмаганлар ҳибсга олинган ва ўнлаб болалар нобуд бўлган.

Мусулмонларни террорчи ўлароқ таъриф этиш АҚШ ҳукуматига мамлакатда ислом динига эътиқод қилувчилар тақиқини ўрнатишга йўл очиб берди. Натижада уруш бўлаётган мусулмон мамлакатларидан қочиб келаётган одамлар АҚШдан бошпана сўраш ҳуқуқидан маҳрум бўлди, минглаб болалар ота-оналаридан айро қолди.

Умуман олганда, қора танлиларни қароқчи сифатида талқин этиш ҳамда жиноятларда уларни айблаш доимий равишда катта миқдордаги ҳибсга олишларни ҳамда этник истилони қонунийлаштириб, оқлаб беришга хизмат қиларди. Бу одамларнинг фарзандлари ҳам, афсуски, мазкур сиёсатнинг қурбони бўлишлари муқаррар. Чунки бутун Америка наздида улар ҳам бўлажак йиртқич махлуқлардан бошқа ҳеч ким эмас.

Ҳэллоуин шуниси билан характерлики, баъзи болалар ғам ва қайғусиз ҳолда махлуқлар кийимини кийиб, бу байрамни нишонлар экан, бошқалари фақат танасининг ранги учунгина бутун умри давомида унга худди шу махлуқнинг ўзидек муносабатда бўлишлари билан курашишига тўғри келмоқда.

Манба: Ал-Жазира

УЛАШИНГ:

Теглар:
« Орқага