Америкада қулликда яшаган африкалик уламо Умар ибн Саид қисмати

11:30 24.04.2018 1470

Умар ибн Саид ёки Умар Б. Саййид 1770 йилда Африканинг Фута Тооро минтақасида (ҳозирги Сенегал давлати ҳудудида - таҳр.) туғилган.

Бадавлат оила фарзанди бўлган Саид замонасининг нуфузли мусулмон устозлари қўлида 25 йил давомида таҳсил олган. У қатор фанларни, айниқса, математика ва теологияни яхши ўзлаштирган.

Шаҳзода Омеро, Умеро, Моро, Морро, Меро, Монро ва Амаки Морео каби исмлар билан танилган Саид 1790 – 1805 йилларда Ҳаж амалларини бажариш учун муқаддас Макка шаҳрига сафар қилган. Айни пайтда, у савдогарлик ва ўқитувчилик билан ҳам шуғулланган.

1807 йилда ҳарбий можарода асир олинган Саидни Фула халқи америкалик қулфурушга сотиб юборади. Қулга айланган Саид Жанубий Каролина штатининг Чарлстон шаҳрига олиб келинади. Орадан бир оз вақт ўтиб Саид шавқатсиз хўжайинидан қочиб Шимолий Каролинага боради. У ерда Саидни тутиб олиб Жеймс Овен исмли шахсга сотиб юборишган пайтда у 37 ёшда бўлган.

1820 йил 3 декабрда Саид Ислом динидан воз кечиб насронийликка ўтишга мажбур қилинади ва унга инглиз тилини ўргатишади. Аммо Саид ўз ҳаётини сақлаб қолиш учунгина кишилар кўзига насронийликни қабул қилади. Амалда эса исломий ибодатларини яширинча давом эттиради.

Ҳақиқий олим сифатида Саид араб тилида тарих ва теологияга оид 14та асар ёзган. Саид ибн Умарнинг хозирга қадар етиб келган қўлёзмалари орасида энг машҳури 1831 йилда ёзилган ўз автобиографиясидир.

Саиднинг Ислом дини ва ўз ҳаёти ҳақидаги қизиқарли ҳикоялари умри давомида Ислом динига содиқ қолганини тасдиқлайди.

Умар ибн Саид Қуръони Каримнинг Мулк сурасини кўчирган қўлёзма

Саиднинг араб тилидаги қўлёзмалари ҳозирги кунда Чапел Ҳиллда жойлашган Шимолий Каролина университетининг “Уилсон” кутубхонасида, Шимолий Каролина штатининг Давидсон шаҳридаги Давидсон коллежида, Андовер теология семинариясида кўргазмага қўйилган.

Айни пайтда, 1991 йилда Шимолий Каролина штатининг Файеттевилле шаҳридаги масжиднинг номи ўзгартирилиб, исломий олим хотирасини абадийлаштириш учун Умар ибн Саид номи берилган.

Умри давомида оила қура олмаган Саид 1864 йилда Шимолий Каролина штатининг Бладен туманида 94 ёшда вафот этгунига қадар қул бўлиб яшаган.

Манба: Info.islom.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!