АҚШнинг Индиана университети қошидаги Лилл филантропия мактаби томонидан олиб борилган ижтимоий тадқиқот шуни кўрсатдики, мусулмонлар мамлакатдаги энг саховатли диний жамоалардан биридир.
2020 йилда америкалик мусулмонлар хайрия ишлари учун 4,3 миллиард доллар ажратишган. Мамлакатдаги энг фаол мусулмон хайрия ташкилотларидан бири Islamic Relief ҳисобланади.
Тадқиқот учун турли дин вакиллари, жумладан, 1003 нафар мусулмон ва 1002 нафар бошқа диндагилар билан суҳбат ўтказилди. Мусулмонлар АҚШ аҳолисининг атиги 1,1 фоизини ташкил қилса-да, хайрияларнинг 1,4 фоизи айнан уларга тегишли. Мусулмоннинг ўртача эҳсони 3200 долларни, мусулмон бўлмаганларники эса 2000 долларни ташкил қилар экан.
Бундан ташқари, тадқиқот шуни кўрсатдики, америкалик мусулмонларнинг аксар эҳсони мамлакатнинг ўзидаги эҳтиёжларга қаратилган бўлиб, уларнинг атиги 15 фоизи халқаро кампанияларга ҳам эҳсон ажратган.