Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Амир Темурнинг диний тушунчалари

2631

Соҳибқирон Амир Темур ҳарбий юришлардан зафарлар билан қайтганидан кейин Самарқандда бинолар қурдиришни, мадрасалар, масжидлар, ичида қасрлари бўлган боғу бўстонлар барпо эттиришни ва уларни халқ фойдаланиши учун топширишни одатга айлантириб олганди. 

Бир куни кичик ўғли Шоҳруҳ Мирзо Самарқанд шаҳри яқинида улкан бир боғ иншо эттириб, отасини янги қурдирган боғига зиёфатга таклиф қилади. Зиёфат тугагандан кейин Шоҳруҳ отасини боғна айлантириб бўлгач: “Отажон, бу боғ ҳақида фикрингиз қандай?” деб сўрайди. Амир Темур: “Эй ўғлим! Чиндан ҳам сен барпо эттирган боғ жудаям гўзал ва катта, ҳар турли дарахтлар экилган, анвойи ифорлар таратувчи гуллар бор. Аммо шуни яхши билгинки, молу давлати бўлган ҳар бир бадавлат киши шунга ўхшаб боғу бўстонларни ярата олади. Лекин дунёда ўхшаши йўқ шундай икки боғ борки, улардан бирини барпо этиш учун сен билан мен қаттиқ ғайрат кўрсатишимиз керак. Иккинчисини ярата олиш эса, на сенинг қўлингдан келади, на менинг, у фақатгина Мирзо Улуғбекка насиб бўлажак”, дейди.

Шоҳруҳ қизиқиб отасидан сўрайди: “Отажон! Яратиш учун қаттиқ ҳаракат қилишишимиз керак бўлган биринчи боғ қанақа боғдир?”

Амир Темур шундай жавоб беради: “Ўғлим! Бу боғу бўстон олимларнинг, авлиёларнинг, шоирларнинг, аҳли илмларнинг, уламоларнинг, гўзал хулқли кишиларнинг, таҳсил кўрган кишиларнинг суҳбатларидир. Бундай баракотли кишилардан ибрат олиб, савобли ишларни қилиш ўша боғнинг дарахтлари ҳисобланади. Бу дарахтларнинг мевалари эса яхши хотиралар ила тилга олиниш ва солиҳ инсон сифатида ёдда қолишдир. Шу сабабдан ҳам ҳар доим уламо ва аҳли илмларни атрофингга йиғиб, суҳбатларидан файз олишни, уларнинг насиҳатлари билан иш тутишни одат қил!”

Шоҳруҳ яна савол беради: “Отажон, Улуғбек Мирзога насиб этадиган боғ қанақа боғ?”

Амир Темур айтадики: “Улуғбек Мирзонинг боғи илм, маърифат ва тафаккур боғларидир. Бу боғдаги дарахтларнинг япроқлари китоблардир, кашфиётлардир. Ҳосиллари эса тафаккур ҳикматларидир. Унутма, ўғлим! Қаламнинг ёзганлари абадий қолади. Бир кун келиб сен ва мен бир ҳовуч тупроққа айланамиз. Улуғбек Мирзонинг ёзганлари, ишлари эса асрлардан асрларга ўтиб, инсонларга йўл кўрсатувчи бўлади”.

Соҳибқирон қалам аҳлини доимо қўллаб-қувватлар, уларнинг ёзган китоблари келажак авлодларга салтанатларнинг куч-қудрати ва  шону шавкатини етказажагини яхши англарди. Жаҳонгирлик албатта фақатгина жанг қилиш, ўлкаларни фатҳ этишгина эмас, балки бир-бири билан ёвлашган халқларни бирлаштириш, миллатлар учун фойдали хизматлар қилиш, бинолар қуриш, кўприклар солиш, сув йўлларини қазиш, аҳли илмларга, шоиру фозилларга ёрдам кўрсатиш ва илм-фанни ривожлантириш, деб биларди. Ўлкаларни фатҳ этишдан муроди бойлик орттириш эмас, балки тупроқ ости ва усти бойликларини элу юртнинг манфаатлари учун сарфламоқ эди. 

Шоир Фахриддин Гурганий ёзганидек:

Сасоний ва Сомонийлар йиғиб-йиғиб тўплаган

Ўша молу мулкдан не қолди бу замонгача?!

Фақатгина Рўдакийнинг қасида ва мадҳияси

Ҳамда ғамгин қўшиқлари янграб турар шу онгача...

 

Амир Темур болалигидан Ислом динига итоат билан улғайган ва отасидан Қуръони карим таълимини ҳам олганди. Динга қатъий амал қилар, ўзи Имоми Аъзам мазҳабига мансуб эди. Беш вақт намозини канда қилмас, ҳатто сафарларда олиб юришга мослашган масжид ҳам қурдирганди. Намозларига имомгарчилик қилиш вазифасини таниқли ҳанафий уламо, Халаб ва Шомдаги мунозара мажлисларида таржимонлик қилган Абдужаббор ибн Нўъмон зиммасига юклаганди. У бу вазифани токи вафот этгунга қадар бажариб келди.

Шарофиддин Али Яздий Онадўли юриши асносида қўшинига кўздан кечириш маросимини ўтказар экан, маросим жудаям чўзилгани туфайли пешин кечикиб кетаётгани учун Амир Темур турган еридаёқ намозини адо этгани ҳақида ёзган. Султония архиепископи Домениконо Жуэн унинг диндорлиги хусусида шундай дейди: “Амир Темур диний амалларга қатъий риоя этарди. Ҳар куни қаерда бўлишидан қатъий назар беш вақт намозини канда қилмасди. Рамазон ойида тўлиқ рўза тутарди. Мен унинг шароб ичганига бирор марта гувоҳ бўлганим йўқ”.

Испан элчиси Клавихо ҳам ўз эсдаликларида “Амир Темурнинг ўз ўтови ичида йиғилиб-тикланадиган ёғоч масжиди бўлганини ва бу йиғма масжидни Амир Темур ҳар бир борган ерига олиб юриши ҳамда сафарлари давомида бирор ерга тўхталса, ўша пайт дарҳол масжидни ҳам тиклашлари” ҳақида ёзиб қолдирган.

Онадўли юришидан қайтганидан кейин набираларини уйлантирар экан, уларнинг тўйларини никоҳ дуоларини ўша даврнинг таниқли қироат соҳиби ва ҳадис олими Шамсиддин Муҳаммад ал-Жазарий ҳанафий мазҳабига уйғун ҳолда ўқигани ва никоҳларини эса Самарқанднинг бош қозиси Мавлоно Салоҳаддин томонидан Имоми Аъзам мазҳабига кўра ўқилгани маълум.

Амир Темур даврида ҳанафий мазҳаби Темурийлар салтанатининг расмий мазҳаби сифатида тан олинган ва бу ҳолат Шоҳруҳ Мирзо даврида яна ҳам қатъийлашди. 1381 йили Ҳиротни қўлга киритганида Амир Темурнинг сабзаворлик Хожа Али Муаййидга айтган гаплари ҳам унинг Аҳли сунна вал жамоа ақидасига чин юракдан боғлиқ эканини яна бир карра исботлаб туради, дейиш мумкин.

Мозандаронда шиа ақидасида бўлган Саййид Камолиддин ва Саййид Розийиддинлардан эътиқодлари туфайли хафа бўлган ва уларга: “Бу эътиқоддан воз кечинг. Аҳли сунна вал жамоа мазҳабини қабул қилинглар ва шариат йўлини тутинг. Аҳли илмларга ҳурмат кўрсатинг ва фарзандларингизга шариат билимларини ўргатинглар”, дея насиҳатлар қилган.

Қизи Оғабек, катта ўғли Жаҳонгир ва синглиси Турхон Хотуннинг бирин кетин оламдан ўтишларини сабабидан бир мунча вақт тушкунликда юрган бўлса ҳам, уламолардан Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларни тинглаб, ғаму аламлари бироз енгиллаб, яна давлат ишлари билан машғул бўлиб кетгани ёзилади.

Амир Темур Ислом шариатнинг беш асосий фарзларидан бири бўлган рўзага жудаям эътибор билан қарарди. Сафарларда юрганида агар Рамазон ойи кириб қолса, бир жойда тўхтаб, ўша ерда рўза тутишни лозим кўрарди. Ҳайит намозларини ҳам доимо аскарлари билан бирга адо этарди. Катта жангларга киришиш олдидан қўшинининг олдида икки ракат намоз ўқирди. Закот масаласига ҳам диққат билан ёндошарди. Бу борада Самарқандда Хожа Абдулаввалга закотнинг қандай ва нималардан ажратилиши борасида кўпдан кўп саволлар бериб, уларга батафсил жавоблар оларди. 

Хоҳи сафарлари чоғида бўлсин, хоҳ Самарқандда аҳли илмларни тўплаб, уларнинг файзли суҳбатларидан баҳраманд бўларди. Ҳузурида бўладиган уламоларнинг мунозараларидан кўпдан кўп манфаатлар оларди. Айниқса, Сададдин Тафтазоний ва Саййид Шариф Журжонийлар орасида бўлган илмий баҳслар жумла аҳли исломнинг эътиборида бўлган.

Нашрга тайёрланаётган туркиялик профессор Аҳмад Шимиргилнинг "Амир Темур - Ўтов II" китобидан. Таржимон Абдулазиз Муборак 

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Канада 10 000 мусулмон уйғурни кўчиришни таклиф қилмоқда

712 22:10 02.02.2023

Самарканд Эрон ва Мовароуннаҳрнинг форс тилли шоирлари шеърларида

332 21:35 02.02.2023

Масхаралашми ёки сўз эркинлиги?

501 21:07 02.02.2023

Юрагини бўйсундиролмаётган аёл

916 20:05 02.02.2023

Тазйиқ ва қўрқув: Моди даврида ҳиндистонлик мусулмонлар ҳаёти

670 18:45 02.02.2023

Қуръон сура ва оятларини кириллчада ёзиб ёдласа бўладими?

1463 17:20 02.02.2023
« Орқага