Амри маъруф

00:00 15.03.2019 865

Неъматга шукр

Аллоҳ таоло бандаларига беҳисоб неъматларни ато этиб қўйган. Ер юзидаги турфа наботот, ҳайвонот ва жамодотни уларга бўйсундириб қўйган. Чунки мол-дунё, маскан, таом, кийим, рўзғор анжомлари каби неъматларсиз турмуш кемтик бўлиб қолар эди. Инсоннинг ҳаёт кечириши учун куч-қувват, жисмоний баркамоллик, саломатлик, уйқу, хотиржамлик, тинчлик-осойишталик кабилар ҳам ниҳоятда кераклидир. Банданинг Аллоҳ розилигини топиши учун зарур иймон, илм, ибодат, ихлос, ҳидоят ва ахлоқ каби ухровий неъматлар эса ҳаммасидан ҳам қийматли ва муҳимдир. Неъматларнинг энг афзали охират саодати ва Парвардигор висолидир.

Аллоҳ таоло ҳар бир инсонга ё сурати, ё ахлоқи, ё сифатлари, ё аҳли-аёли, ё бола-чақаси, ё уй-жойи, ё ватани, ё дўст-биродарлари, ё яқинлари, ё мансаб-лавозими, ё бошқа яхши кўрган нарсаларида бир қатор ишларни ато қилган. Аллоҳ таоло инсонни кофир эмас, мўмин қилиб, жонсиз эмас, жонли қилиб, ҳайвон эмас, инсон қилиб, бетоб эмас, соғ-саломат қилиб, айбли эмас, беайб қилиб яратгани энг улуғ неъмат эмасми? 

Аслида Аллоҳ таоло инсонларга берган ҳамма нарса неъмат саналади. Бироқ оқил илм ва чиройли хулқни неъмат деб ҳисобласа, жоҳилга лаззат ва шаҳватлар неъмат кўринади. Баъзиларга бойлик, мансаб энг яхши неъмат туюлса, айримлар булардан ўзини олиб қочади. Кимгадир неъмат туюлган нарса бошқа биров учун офат-балодир. Шивалаб ёққан ёмғир деҳқонга неъмат бўлса, шариллаб қуйган жала офат кабидир.

Неъматлардан ҳар махлуқ ўз билганича, қадарида ёзилганича фойдаланади. Бу ҳақда Мавлоно Жалолиддин Румийнинг «Маснавий»ида гўзал байтлар бор:

Арилар ҳам турфадирким, ҳар маҳал,

Биттаси заҳру бири йиққай асал.

Икки оҳу бир гиёҳ ер, сарҳисоб:

Биттасидин гўнг, биридан мушку ноб.

Ул қамишлар бир ариқдир сув ичар,

Биттаси бўм-бўш, бирида қанд, шакар.

Боқки, ўхшаш жону жонзот қанчалар,

Ўртада фарқу тафовут қанчалар.

Ул еса, ундн палид бўлгай жудо, 

Бул еса, келгай нуқул нури Худо.

Мавлоно Румий ёзганларидай, дунё ҳаётида қанчалаб одам Аллоҳ берган неъматларни Аллоҳ розилиги, охират тадорики учун сарфлайди. Қанча одам эса уларни ярамас иллатлар ва разолатлар йўлида қурбон қилади. Айримлар неъмат туфайли савобга эришади, баъзилар уни ёмон иш ва йўлларга сарфлаб, осийга айланади. Кимдир ана шу беҳисоб неъматларга шукр қилиб, уларнинг ҳаққини адо қилади. Бошқа биров эса унга ношукрлик билан неъматнинг заволига учрайди.

Ҳаммамиз энг афзал неъматлар ичидамиз. Нафасимизнинг кириб-чиқиб тургани, танамизнинг соғлиги, юртимизнинг тинчлиги, етарли озуғимиз ва кийим-кечагимизнинг борлиги, ҳаво ва сувнинг мавжудлиги, фарзандлар бериб қўйилгани, буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг улуғ инъомидир. У моддий ва маънавий неъматларни мукаммал бериб қўйган. Бунинг эвазига эса биздан фақат бир нарсани – Ўзига итоат қилишимизни, неъматларига шукр айтишмизни талаб қилади, холос.

Сиҳҳат-саломатлик, куч-қувват, узоқ умр ва шу кабилар ҳам неъматлар жумласига киради. Зеро, илм ва амал фақат шу нарсалар билан тамомига етади. Пайғамбар алайҳиссалом айтганлар: «Кўп инсонлар икки неъматда бепарво бўладилар: булар сиҳат-саломатлик ва бўш вақт неъматларидир» (Имом Бухорий, Термизий, Ибн Можа, Доримий ва Ибн Ҳанбал ривояти). 

Хуллас, биз билган ва билмаган барча нарсалар Аллоҳ таоло неъматлари денгизининг бир томчисидан ҳам оздир. Зеро, Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ таолонинг неъматларини санамоқчи бўлсаларингиз, уларни ҳисоблай олмайсизлар» ("Иброҳим" сураси, 34-оят ва "Наҳл" сураси, 17-оят).  

Аллоҳ таоло неъматларининг ҳаққини адо этиш фақат Аллоҳга ҳамд айтиш, Унга шукр билдириш билан бўлади. Қуръони каримда бундай дейилган: «Албатта, Биз шукр этувчиларни мукофотлаймиз» ("Оли-Имрон" сураси, 145-оят); «Агар сизлар шукр этсангизлар ва иймон келтирсангизлар, Аллоҳ сизларни ҳаргиз азобламас» ("Нисо" сураси, 146-оят); «Бандаларимдан озлари шукр қилувчилардир» ("Сабаъ" сураси, 13-оят);  «Чиндан ҳам шукр этсангизлар, албатта Мен сизларга зиёда этурман» ("Иброҳим" сураси, 7-оят). 

Иблис шукрнинг қадрини билган вақтида одам боласига таъна қилиб айтди: “Уларнинг кўпларини шукр этувчилар деб билмайсан” ("Аъроф" сураси, 17-оят).

Ривоят этилишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси нафл ибодатда узоқ турдилар, ҳатто муборак оёқлари толди. Шунда Оиша розийаллоҳу анҳо айтдилар: «Ахир Аллоҳ таоло сизнинг аввалги ва охирги гуноҳларингизни мағфират этмаганми?». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бериб айтдилар: «Шукр этувчи банда бўлмайинми?» (Имом Муслим ривояти. Ибн Ҳиббон саҳиҳ ҳадис, деган).

Муоз ибн Жабалдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят этилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Эй Муоз, чиндан ҳам мен сени дўст тутаман, сен: «Эй Аллоҳим! Сенга зикр этишда, Сенга шукр этишда ва чиройли ибодат этишда менга ёрдам қил!», деб айт» (Имом Аҳмад, Абу Довуд, Насаий, Ибн Хузайма, Ибн Хайён, Ҳоким ривояти, саҳиҳ ҳадис).

Имом Ҳасан Басрий айтади: «Одам боласи, бир куни ўтса, бу ҳақда фикр қилсин. Агар бугунги куни яхшилик келтирган бўлса, бунга муваффақ қилгани учун Аллоҳга  шукрлар айласин. Агар бунинг акси  бўлса, тавба қилсин, кундузги нуқсон ва камчиликларини тунда бартараф этишга азму-қарор айласин. Зеро, яхшиликлар ёмонликларни ювиб кетказади. У соғ-саломат бўлгани учун Аллоҳга шукроналар айтсин! Қолган умрида камчиликларни тўлдириш мумкин бўлади».

Шу ўринда Ибн Саммокнинг халифа Ҳорун ар-Рашидга қилган насиҳатини эслаш ўринлидир. У ҳукмдорга ўрни келганида бир пиёла сув ичишнинг ва кейин унинг ташқарига чиқариб олишнинг дунё ва ундаги жамики нарсалардан афзал бўлиб қолишини англатган эди. Чиндан ҳам Аллоҳ таолонинг чанқов вақтида бандага берган бир қултум сув неъмати ер юзидаги барча мулкдан ҳам улуғроқдир. Кейин бадан ичидан бавлнинг осонлик билан ташқарига чиқиши неъматларнинг энг улуғидир.

Неъматга шукр қилинмаса, у албатта заволга учрайди, йўқолади. Фузайл ибн Иёз айтган: «Сизларга неъматлар учун доимо шукр айтмоғингиз вожибдир. Қавмдан кетган бир неъматнинг яна қайтиб келиши жуда мушкулдир».   

Аллоҳнинг неъматларига шукр қилиш қалб, тил ва бошқа аъзолар билан бўлади: қалб билан бўладиган шукр – яхшиликни қасд этиш ва бунинг барчага бўлишини исташдир. Тил билан бўладиган шукр – мақтов билан Аллоҳ таолога шукрона изҳор этишдир. Аъзолар билан бўладиган шукр – Аллоҳ таолонинг неъматларини Унинг тоат-ибодати йўлида сарфлаш ва улар ёрдамида билан Аллоҳга гуноҳкор бўлишдан сақланишдир. Масалан, кўзнинг шукри мусулмон биродарида кўрган ҳамма айбни яшириш, қулоқни эса у эшитадиган барча айблардан эҳтиёт қилишдир. 

Аллоҳ таолодан розилигини изҳор этиш ҳам тил билан шукр айтишга киради, зеро инсон бунга амр этилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ таолонинг неъматлари ҳақида сўзлаш шукрдир, неъмат шукрини гапирмаслик куфрдир» (Имом Аҳмад ибн Ҳанбал «Муснад» китобида ривоят этган).

Тана ва аъзоларимизнинг мукаммал яратилгани, ҳар бир аъзоимизнинг бенуқсон ишлаётгани, ақл-идрок, ҳис-туйғуларнинг ато этилгани учун Холиқимиз ва Парвардигоримизга ҳамиша шукр айтишга, мақтов ва ҳамдлар йўллашга буюрилганмиз.  Энди бир тасаввур қилиб кўринг: икки кўзимиз бўлмаса, биз бу ёруғ оламнинг гўзалликларию турфа рангларини, махлуқотлар қиёфасини, борлиқ-табиатда барқ уриб яшнаётган минглаб хил гул-чечакларнинг жозибасини кўра олармидик? Тун ва кунни фарқлай олармидик? Одамларни ажрата олармидик?

Ёки бурун ишламай қолса, автомобил ўтхонасидан чиққан бадбўй ис билан мушк-анбарнинг хушбўй ҳидини фарқлай олармидик? Еяётган таомимизнинг ҳидини ҳидлагачгина унинг нечоғли мазали эканини билишга ақлимиз етармиди? Бурундан ўзга қайси нозик асбоб фаранг атири билан сассиқ алафнинг ҳидини аралаштирмай ажратиб беради?

Инсоннинг дам олмай, чарчашдан «нолимай», ўз вазифасини сабот ва содиқлик билан бажарадиган ички аъзоларининг  ишлашига не дейсиз? Кечаю-кундуз тўхтамай, бутун тана аъзоларига тинмай иссиқ қон ҳайдаб, ҳаёт бағишлаб турувчи юракни ким шундай яратган? Еган овқатларимизнинг керакли, фойдали қисмини танага сингдириб, ортиқчасини чиқариб ташлайдиган ошқозон-ичакларимизни ким бошқариб туради? Ўрнини ҳеч нарса босолмайдиган ўпка, жигар, буйрак каби тана аъзоларимиз қайси қонунларга  буйсуниб, бу қадар итоаткорлик билан фаолият кўрсатади?

Қолаверса, инсон дегани фақат моддий тана аъзоларидан иборат эмас-ку! Ундаги руҳ ва ақлнинг сир-синоатини инсоният ҳали англаб етгани йўқ ва бунга қодир ҳам эмас! Инсондаги руҳий олам, ҳис-туйғулар, фикрлаш, хаёл суриш, туш кўриш имконияти наҳотки ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолган бўлса ёки тарбия жараёнида ўргатилган бўлса? Бу оний, ноёб хислатлар Аллоҳнинг инсонларга ато этиб қўйган ноёб неъматлари  эмасми?

Берилган неъматларга шукр қилиш фақат Аллоҳ таоло яхши кўрадиган нарсаларни билиш билан камолига етади. Зеро, шукрнинг маъноси Аллоҳ неъматларини ¤зи яхши кўрадиган ва рози бўладиган жойларга ишлатишдир. Бунинг акси куфроналик, яъни неъматларни тарк этиш ёки Аллоҳ ёмон кўрадиган ерларда ишлатиш бўлади.

Шукрнинг даражалари кўп: банданинг Аллоҳ таоло ўзига берган неъматларига шукр айтишдан ожизлигини билиши – шукр айтишдир. Аллоҳнинг буюк мағфиратини ва Унинг гуноҳларни беркитишини англаш ҳам шукр этишдир. Ўзи муносиб бўлмаса ҳам Аллоҳ неъматларни бериб қўйганини эътироф этиш ҳам шукрдир. Неъмат келганида чиройли тавозуъ кўрсатиш ва Аллоҳга бўйин эгиш – шукр. Шукр этишнинг ўзи Аллоҳ таоло неъматларидан бири эканини англаш ҳам шукрдир. Восита бўлганларга раҳмат-миннатдорчилик айтиш ҳам шукрдир. Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларида келганидек: «Инсонларга раҳмат айтмаган одамдан Аллоҳ   рози бўлмайди». (Абу Довуд, Термизий ва Ибн Ҳанбал ривояти). Неъмат бергувчи Зотга эътироз билдиришдан сақланиш ва чиройли одоб кўрсатиш ҳам шукрдир. Неъматни чиройли қабул қилиб олиш ва кичигини ҳам катта деб билиш ҳам шукр этишдир.

Шукр ва сабр ҳамиша ёнма-ён юради. Аллоҳнинг бандага юборган синов-балоларига, мусибатларига сабр қилиш шукрнинг энг яхши кўринишларидандир. Одамлар жаҳолат ва ғафлатда бўлганидан неъмат шукрини айтишдан узоқдалар. Бунинг оқибатида улар неъмат қадри ва аҳамиятини билишдан маҳрумдирлар.  Улар шукрнинг маъноси – неъматни ундан ирода қилинган том ҳикматда ишлатиш эканини билишмайди. Бу ҳикмат эса – Аллоҳ таолога тўла итоат этиш ва шукр айтишдир.

Аҳмад МУҲАММАД

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!