Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ахлоқ

Амри маъруф ва наҳйи мункар

482

Амри маъруф ва наҳйи мункар яхшиликка чақириш ва ёмонликдан қайтаришдир.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят этиладики, у киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрабдилар: 

“Ё Расулаллоҳ! Ўтмишдаги умматдан бир қисмига ер қимирлаши билан азоб берилди. Туп­роқ остида қолдилар. Уларнинг ораларида солиҳлар ҳам бор эдими?” 

Ҳазрат Пайғамбаримз соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб берибдилар:

“Ҳа, шундай, солиҳлар ҳам бирга ҳалок бўлдилар. Чунки Аллоҳга исён бўлган вақтда жим тургандилар” (Табароний ривояти).

Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар:

“Қиёмат куни умматимдан бир тои­фа маймун ва тўнғизлар суратида тирилтирилади. Булар – фосиқлар олдида хушомад қилиб, қодир бўлганлари ҳолда, уларни журму исёндан қайтармаган кишилардир” (Имом Абу Саид Ходимий қуддиса сирруҳу “Ал-Барийқатулмаҳмудия фи шарҳи тариқати Муҳаммадия” китоби, 4-жуз, 260-бет). 

Жумладан, яна Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуга шундай деган эканлар:

“Эй Абу Ҳурайра, амри маъруф, наҳйи мункарни канда қилмагин ҳамда мусибатда сабрли бўл!” (Шайх Абдулқодир ибн Абу Солиҳ Жийлоний, “Ал-Ғунаяту литтолиби тариқил ҳақ” китобида келган, 111-бет, Байҳақий, Хотиб ривоят қилган).

Имом Абу Саид Ходимий қуддиса сирруҳу “Ал-Барийқатул  маҳмудия” китобида ёзадилар:

“Муросачи” – “маддоҳ” деб шариатда ёмон ишлардан қайтаришга қодир бўлгани ҳолатда, кимнингдир ё кимларнингдир юз хотиридан ёхуд динга нисбатан бепарволиги сабабидан, қайтармаган кишини атайдилар”. 

Имом Баркавий қуддиса сирруҳу “Ат-Тарийқатул Муҳаммадийя” китобида айтадиларки: 

“Бундай муросачилик – ҳаром, тақиқлан­гандир!”

Шуни билингки, агар масала зулм ва ноҳақликни ошкор этган ҳолда ҳақиқатнинг қарор топишига хизмат қилишга дахлдор бўлса, индамай кузатиб туриш дуруст иш эмас. Ноҳақлик олдида индамаслик соқов шайтоннинг ишидир. Фосиқу гуноҳкорларни маъқуллаб, руҳлантирадиганлар қиёмат куни тўнғизу маймунлар қиёфасида тирилтириладилар. Яхшиликка тарғиб этувчи, ёмонликдан қайтаргувчи кишилардан бўлишга интилинг. Шундай қилсангиз, мана бу ҳадиси шарифдаги башоратдан, шоядки, сиз ҳам насибадор бўлсангиз: 

“Яхшиликка далолат қилгувчи гўё уни бажарган киши кабидир” (Бурайдадан ривоят қилинади, Аҳмад ривояти).

Дин кўрсатмаларини бажаришга келганда таъна-дашномлардан қўрқманг. Билган илмингизнинг ҳеч бўлмаганда ўндан бирига амал қилишга ҳаракат қилинг. Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ҳазрат Пайғамба­римиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг:

“Сиз (саҳоба)лар шундай бир замонда яшамоқдасизки, дин амрларининг ўндан бир қис­мини тарк этган ҳолатингизда ҳам ҳалокатга учрагайсиз. Ҳали шундай замонлар келадики, дин амрларининг лоақал ўндан бир қисминигина бажарган киши ҳам нажот топади”, – деганларини ривоят қилган эканлар.

Шундай кишилар борки, ноҳақлик ва ботилни ўз сўзлари билан тузатадилар, улар олимлардир. Улар дағаллик ва кибр билан эмас, балки ўзларининг одоблари ва хушмуомалаликлари билан аҳволни бутунлай яхши томонга ўзгартириб юборадилар. Яна шундайлар ҳам борки, ноҳақлик ва зулмни ўзларининг қалблари билан ислоҳ эта оладилар, улар етук шайхлар ва комил авлиёлардир. Менинг саййидим, жаноб Иброҳим Матбулий қуддиса сирруҳу дердилар:

“Шариатга хилоф нарсани қўл кучи билан тузатиш, бу – бошқарувчи ҳокимлар ва уларнинг ходимлари бурчидир, тил – насиҳат билан ўнглаш, бу – соҳибамал бўлган уламога хосдир, қалб воситаси билан ислоҳ этиш эса сўз арбоб­лари (каромат соҳиблари)нинг ишидир”.

Болаларим, шуни яхши тушуниб олишингиз керакки, бундай ишни уддалай олмайдиган кишининг бу ишга аралашиши бирон-бир бетартибликка сабаб бўлиб, яхши натижа бермасли­ги мумкин. Шу боис муриднинг иши бирон-бир аниқ кўрсатма бўлмасдан туриб ноҳақликни бартараф этиш учун ўзбошимчалик билан киришиб кетмасликдир.Нақл этадиларки, бир ёшлар жамоаси бўлиб, улар Аллоҳга ибодат ва ҳалол луқма учун меҳнат билан машғул эдилар. Шайтон ҳар гал улардан бирини йўлдан уриш учун яқинлашмоқчи бўлганида бунинг уддасидан чиқолмай, куйиб кетарди. Бир гал мазкур жамоа йиғилиб, Аллоҳни зикр этаётганларида шайтон уларнинг яқинларида бўлган икки бузғунчи гуруҳни бир-бирларига қайраб қўйди. Улар бир-бирларининг қонларини тўкиб савалаша бошладилар. Шайтон бу билан ҳалиги зикр қилиб ўтирган ёшларнинг бетартиб­ликни бартараф этиш учун шошилишларини кўзлаган эди, чунки улар бу қилаётган ишимиздан кўра инсонлар орасини ислоҳ қилишимиз муҳимроқ деб ўйлашлари табиий эди. Шундай бўлди ҳам. Улар зикрни қолдириб, уришаётганларни ажратиш учун отландилар. Бузғунчилар эса уларнинг ўзларига ташлана бошлашди... Натижада солиҳлар зикрларидан чалғиб қолдилар. Шайтон муродига етганидан беҳад шод бўлди, зеро, у зикр мажлисини тарқатишдан ўзга нарсани кўзламаган эди. 

Китобларда ёзилишича, кимдир солиҳлардан бирининг ҳузурига гуноҳкор қўшнисидан шикоят қилиб келибди. Солиҳ зот ундан сўрабди:

“Унинг гуноҳдан қайтишини сўраб лоақал бир тунни бедор ўтказдингми?”

Келган одам “йўқ” деб жавоб бергач, шайх унга дебди:

“У ҳолда бир ҳафтани бедор ўтказиб, унинг ҳақига Аллоҳга илтижо билан яхши дуолар қилгин. Шоядки, шунда Аллоҳ уни тавба қилишга ундаса. Мабодо шундай қилганингдан кейин ҳам у инсофга келмаса, билгинки, сенинг ўзинг ундан-да ёмон экансан! У ҳолда ўз нафсингни яхшилашнинг тадбирини қил!”

(давоми бор)

"Ахлоқус солиҳийн" китобидан олинди.

Китоб Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича Қўмитанинг 19.12.2019 йилдаги №7231-сонли хулосаси асосида чоп этилган.

«Azon kitoblari» нашриёти

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Россияда ишлаётган ўзбекистонликлар огоҳликка чақирилди

67 13:10 18.08.2022

“Abdulhamid Xon” Ўрта ер денгизида газ излашни бошлади

220 12:40 18.08.2022

Ғазо соҳили Исроил ҳужумида ҳалок бўлган болаларнинг исмлари ва расмлари билан “безатилди”

91 12:20 18.08.2022

Ким Байтуллоҳга кирса, яхшиликларга кирибди...

177 11:56 18.08.2022

БМТ Мьянма ҳарбий маъмуриятини репрессияларни тўхтатишга чақирди 

94 11:40 18.08.2022

Мексика “журналистхўр” мамлакатга айланиб қолди

127 11:10 18.08.2022
« Орқага