Ана инсоф, ана хулқу диёнат

17:05 27.07.2019 1523

Яқинда моликий мазҳаби алломаларидан Абу Бакр ибн ал-Арабий раҳимаҳуллоҳнинг "Аҳкомул Қуръон" китобида ажиб бир ҳикояга дуч келдим.

Ҳикоядан илм аҳлига раддия беришдаги одобни, илм аҳлининг ҳаққа қайтишдаги эътирофи ва тавбаси қандай бўлиши мақсадга мувофиқлигини билиб оламиз.

Абу Бакр ибн ал Арабий шундай ҳикоя қилади:

Муҳаммад ибн Қосим Усмоний бир неча марта менга қуйидагиларни айтиб берган:

"Бир куни Фустот шаҳрига бориб, шайх Абулфазл Жавҳарийнинг дарс мажлисида ҳозир бўлдим. У киши дарс асносида "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам талоқ ҳам қилганлар, ийло* ҳам, зиҳор** ҳам", деб ўтди.

Дарс тугагач, у киши билан қайтган жамоатга қўшилиб уйига бордим. Даҳлизда ўтирар эканмиз, кўринишим ва ғариблигим атрофдагиларга менинг меҳмон эканимни билдирди. Одамларнинг аксари тарқалгач, менга юзланиб:

– Бу ерликка ўхшамайсиз, сўзлайдиган гапингиз бордир? –деди.

– Ҳа.

Атрофдагиларга қарар экан:

– Холи қўйсангиз, бу кишининг гапи бор экан, – деди.

Улар туриб кетиб, ёлғиз қолганимиздан сўнг унга:

– Бугун дарсингиздаги баракадан баҳраманд бўлиш илинжида келдим, – дедим. – Дарс асносида сизнинг "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам талоқ ҳам қилганлар, ийло ҳам, зиҳор ҳам" деганингизни эшитдим. Талоқ қилганлар, деганда тўғри сўзладингиз, ийло қилганлар деганда ҳам тўғри сўзладингиз. Лекин "зиҳор ҳам қилганлар" дедингиз, бу бўлган эмас, бўлиши мумкин ҳам эмас. Чунки зиҳор мункар ва ёлғон сўз. Бундай сўз эса Пайғамбар алайҳиссаломдан содир бўлиши мумкин эмас.

Шунда у киши мени ўзига тортиб, бошимдан ўпди ва:

– Мен бу сўзимдан тавба қиламан, Аллоҳ таоло сиздек ўргатувчи (муаллим)ни яхши мукофотлар билан сийласин, – деди.  Кейин у кишиникидан чиқдим.

Эртаси куни мажлисига шошилдим. Борсам, масжидга келиб минбарга ўтиришга улгурган экан. Кирганимда мени кўрди-да, бор овози билан:

– Муаллимимга марҳабо! Муаллимимга йўл беринглар! – деди.

Ҳамма бўйинлар мен томонга чўзилди, кўзлар менга қадалди. Сиз мени биласиз, Абу Бакр (ҳаёси кучлилига ишора этаяпти, чиндан ҳам бу киши биров салом берса ё гап қотса, юзи олмадек қизариб хижолат бўлиб кетарди. Муаллифдан).

Одамлар менга интилиб, қўярда қўймай тортиб-суриб минбар олдига етказишди. Мен эса ҳаёнинг зўридан ернинг қайси бурчагида турганимни унутган эдим... Жоме масжид одамларга лиқ тўла, уят ва хижолат баданимдан терни сувдек оқизиб юборган эди...

Шайх жамоатга юзланиб шундай хитоб қилди:

– Мен сизнинг муаллимингизман, бу киши эса менинг муаллимим. Кеча сизларга "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам талоқ ҳам қилганлар, ийло ҳам, зиҳор ҳам", дедим. Бирортангиз менинг бу гапимни яхши англамади ва инкор ҳам қилмади. Бу киши эса уйимгача келиб, мана бундай қилиб тушунтириб берди, – деб бўлган воқеани уларга айтиб чиқди. – Мен бу сўзимга тавба қилдим, бу нотўғри сўздан ҳаққа қайтдим. Кеча ким ҳозир бўлиб эшитган бўлса, у гапимга суянмасин, бугун ҳозир бўлганлар буни ғойибларга етказсин, Аллоҳ таоло бу кишига яхши мукофотлар берсин.

Шундан сўнг менинг ҳақимга дуо қила бошлади, одамлар омин деб турди".

Абу Бакр Ибн ал Арабий ҳикояни тугатгач, дейди:

"Қаранг, Аллоҳнинг раҳмати сизларга ёғилсин, шуҳрати чор чтрофга ёйилган, кимлиги маълум ва машҳур бўлган кишининг бу метин диёнатини кўринг, кимлиги номаълум, келиб чиқиши ҳам мажҳул бўлган бир ғариб кишини илм билан эътироф этишини кўринг! Ана шундай кишиларга эргашинг, тўғри йўлда бўласиз!"

«Аҳкомул Қуръон» китобидан таржима қилинди.

===================

* Ийло луғатда қасам ичиш маъносини англатади. Шариатда эса эрнинг хотинига тўрт ой ёки ундан кўп муддат жинсий яқинлик қилмасликка қасам ичишига айтилади.

** Зиҳор" сузи “зоҳр” сўзидан олинган бўлиб, инсоннинг орқа бел томонига айтилади. Шариатда эса эрнинг ўз хотинига “сен мен учун онамнинг орқаси кабисан” дейишига айтилади. Жоҳилиятда бундай дейиш орқали аёлга талоқ тушар эди. Ислом келиб, бундай дейиш ҳаром қилинди.

Сайфуллоҳ Носир

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!