Аҳли ирфон

Андалус халифалигида илмнинг ўрни

571

Бағдодда Умавийлар ҳокимияти қулатилгач, шаҳзода Абдурраҳмон ибн Муовия Андалусга қочиб кетади. У ерда Умавийларнинг янги ҳокимиятини тузади. Шундай қилиб, Андалусда Умавийлар салтанати давом этади. Абдурраҳмон ибн Муовиянинг невараси Абдурраҳмон Носир тахтга ўтиради. “Учинчи Абдурраҳмон” деб номланган шаҳзода илм билан улғайган эди. Кучли давлат қурилишида илм асосий восита эканини яхши биларди. Шунинг учун илм аҳлига катта эътибор бериб, атрофига “Ал-Ақдул фарид” китоби муаллифи Ибн Абдуроббиҳи ва фақиҳ Мунзир ибн Саид каби олимларни тўплади (Ишбилий. “Райҳонул албаб ва райъонуш шабаб”).

Абдурраҳмон Носир Андалусда катта кутубхона қурдириб, китоб билан тўлдиришга буйруқ беради. Кутубхонани ҳамма учун очиб қўяди. У китобга шундай ўч эдики, унга яхши кўринмоқчи бўлганлар китоб совға қилишган. Византия императори Армонус унга лотин тилида ёзилган иккита китоб совға қилади. Бири тиббиётга оид “Диоскорид”, иккинчиси тарихга оид “Руҳушиш” эди (Ишбилий. “Райҳонул албаб ва райъонуш шабаб”).

Халифа Носир яратган имкониятлар ўз самарасини бериб илм-фан ривожланди, китоблар таълиф қилинди, Қуртубада “Дорул улум” ва “Маданият маркази” очилди. Бошқа ҳаётий илмлар қатори тиббиёт ҳам тараққий топди (Ибн Жулжул. “Табақотул атибба”).

Уламоларни тақдирлаш

Носир “Заҳро” номли шаҳар қурдиради. Шаҳарга безак бериб, зийнатлайди. Бир сафар зийнатларни томоша қилиб, жума намозидан қолиб кетади. Кейинги жумага келганида қози Мунзир ибн Саид хутбани ушбу оят билан бошлайди: “Сизлар ҳар бир тепаликка ўйин-кулгу учун бир белги (баланд бинолар) қураверасизларми?! Гўё мангу яшаймиз, деб қасрларни солаверасизларми?! Қачон (бирор кишини жазога) тутсангизлар, бераҳмларча тутасизларми?! Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар! Сизларни ўзларингиз биладиган неъматлар билан сийлаган зотдан (Аллоҳдан) қўрқингиз! У сизларни чорва ҳайвонлари ва ўғиллар билан қўллади, боғлар ва булоқлар билан ҳам. Мен сизларнинг устингизга улуғ кун (Қиёмат)нинг азоби (тушиши)дан қўрқаман” (Шуаро сураси, 128-135 оятлар).

Ушбу таъсирли марузадан сўнг масжид аҳли ҳўнграб йиғлади. Ҳалифа ҳам таъсирланиб йиғлади. Бироқ қозидан хафа бўлиб, ўғли Ҳакамга арз қилди: “Аллоҳга қасам, Мунзир ошириб юборди, мени омма олдида изза қилди, сиёсат қоидаларига амал қилмади”, деди. Сўнг Мунзир орқасида намоз ўқимасликка қасам ичди, жумани Қуртубада Аҳмад ибн Муторриф орқасида ўқийдиган бўлдик. Ўғли Ҳакам бир куни отасидан: “Нима учун Мунзирни вазифасидан озод қилмайсиз?” деб сўради. Ўғлини койиб, шундай деди: “Мунзирдек фазилатли олимни ишдан бўшатаманми?! Онангни эммагур, тўғри йўлга юрмаган нафсни рози қилиш учун шундай олимни бўшатаманми?! Мунзирдек тақводор, ростгўй одамни ўзим ва Аллоҳ ўртасида шафоатчи қилмаслигим уят эмасми?! Аччиқ устида қасам ичиб қўйдим, подшоҳлигимни сарфлаб бўлса ҳам каффаротини тўлайман, Мунзир бир умр одамларга намоз ўқиб беради”.

Ҳакам Мустансир даврида илм-фан

Ҳакам Мустансир Муҳаммад Қуртубий, Ибн Асбағ, Али Раиний каби буюк олимлар тарбиясида улғайди. У болалигидан аҳли илмлар баракотидан ўз насибасини олган, тахтга ўтиргач, отасининг хайрли ишларини давом эттирган эди (Аҳмад Муқрий. “Нафхут тоййиб”).

Ҳакам Мустансир тарих ва насаб илмини яхши билгани учун “Ансобут толибийн вал алавиййин қодимийн илал Мағриб” номли китоб ёзади. У илмга қизиққани учун баъзи мусташриқлар унинг даврида ҳарбий юришлар бўлмаган дейишади. Бу фикр тўғри эмас. Ҳакамнинг қўшини қудратли эди, фақат у отаси қўшни давлатлар билан тузган тинчлик шартномаларига риоя қиларди. Шунинг учун унинг  даврида ҳарбий юришлар кам бўлган.

Ҳакам Мустансир илм-фан ривожи учун қуйидаги ишларни амалга оширди:

Биринчидан, илм аҳлини қўллаб-қувватлади, унинг даврида Абу Али Қолий, Ибн Саффор, Ахмад Харроний, Заҳровий, Ибн Самх каби олимлар ижод қилди.

Иккинчидан, китобхонликка эътибор берди, кутубхоналар очди, уларда етарли шароит мавжуд эди.

Ибн Абор ёзади: “Ҳакам Мустансир гўзал хулқли, фозил, адолатли, илмни севувчи, китобга ўч эди, чор-атрофдан китоб йиғишга маблағ аямасди, шу сабабдан унинг саройи китобларга тўлиб кетган эди” (Ибн Абор. “Алхуллатус сайро”).

Ибн Хаййон айтади: “Ҳакам Мунтасир дин ва илм одами бўлиб, фиқҳ ва ҳадисни яхши кўрарди. Ўз навбатида бошқа фанларни ҳам ташлаб қўймасди, насаб илмини жон дили деб билиб, илм мажлисларини кўп тингларди” (Хумайдий. “Жазватул муқтабис”).

Абу Муҳаммад ибн Хазм “Жамҳаратул ансаб” номли китобида ёзади: “Ҳакам Мунтасир ўн беш йил ҳукмдорлик қилди. Унинг даврида тинчлик ва осудалик ҳукм сурди. Халқига меҳрибон, илмга мухаббатли эди. Андалусни китобга тўлдириб ташлаганди. Андалусда Бани Марвон қасрида ишлаган бир йигит хабар беришича, қасрда китоблар рўйхати ёзилган қирқ тўртта дафтар бўлиб, ҳар бири эллик варақдан иборат эди”.

Аҳмад Муқрий Ҳакам Мунтасир кутубхонаси ҳақида ёзади: “Кутубхонада китоблар сони ҳам, сифати ҳам беҳисоб эди. Баъзилар тўрт юз минг жилд китоб бор эди, дейишади. Кутубхонани кўчиришга олти ой вақт кетган” (Аҳмад Муқрий. “Нафхут тоййиб”).

Немис шарқшуноси Зигрид Хунке “Мунтасир кутубхонасида ярим миллион китоб бўлган” деган (“Шамсул араб тастаъу алал ғарб”).

Китоб чоп қилиш кенг тарқалган эди. Ҳукмдорлар энг сифатли ва чиройли китобларни сотиб олган. Китоб чоп қилиш ортидан муқовачилар, зеб берувчилар, қоғозфурушлар яхшигина даромад қиларди.

Халифа Мустансир таълим тизимига катта эътибор берди. Ибн Азорий айтади: “Қуртубада йигирма еттита кутубхона очишга буйруқ берди. Ҳар бир кутубхонага фақиҳ ва муҳаддислар тайинлади, уларга яхши маош белгилади, совға-салом билан йўқлаб турди, ёш болалар таълимини юқори савияга кўтарди” (Ибн Азорий. “Албаёнул муғриб”).

Халифа Мунтасир жамиятнинг барча қатламларига таълим хизматини яхшилаш учун фақир ва касалманд болаларга мўлжалланган мактаблар очган, байтулмолдан қулай шароитлар қилиб берган.

Мунтасир ва шариат уламолари

Халифа Мунтасир шариат уломаларини ҳурматини жойига қўярди. Бир сафар шаробхўрликка барҳам бериш учун узум дарахтларини кесдириб ташламоқчи бўлди. Фақиҳлар унга бошқа нарсалардан ҳам шароб тайёрлаш мумкинлигини тушинтиргач, у фикридан қайтди (Аҳмад Муқри “Нафхут тоййиб”).

Мунтасир ўғли Ҳишом Муаййадни фақиҳ Яҳё Лайсийга шогирдликка беради. Ҳишом шайхнинг дарсида бошқа талабалар қатори тиз чўкиб ўтирарди (Хумайдий. “Жазватул муқтабис”).

Фақиҳ Абдуллоҳ ибн Қосим олим эди. Аҳли илмлар уни Суфён Саврийга ўхшатар эди. Мунтасир унинг илмини қадрлаб қозилик мансабига тайинлади. Фақиҳ Муҳаммад ибн Хорис халифа ҳомийлигида китоб ёзарди. Айтишларича, у мингта китоб ёзган экан (Ибн Фарзий. “Тариху уламои Андалус”).

Халифа муҳаддисларни ҳам эъзозларди. Қосим ибн Асбағ раҳимаҳуллоҳ Тунис, Миср, Бағдод, Мадиналарда ўқиган ўз замонаси муҳаддисларидан эди. Мустансир уни ўзига яқин олди, унинг “Муснад”ига хомийлик қилди (Аҳмад Муқрий. “Нафхут тоййиб”).

Мустансир муҳаддис Яиш ибн Саиднинг Муҳаммад ибн Муфарражнинг китобларига ҳам ҳомийлик қилган. Хуллас, халифа илм аҳлини суйган ва қўллаб-қувватлаган.

Ҳаётий илмларга муносабати

Салафи солиҳлар даврида диний илмлар билан бирга ҳаётий илмлар ҳам яхши ўрганиларди. Мустансир уларни ҳам тақдирларди, унинг даврида Аҳмад ибн Хафсун, Аҳмад ибн Жобир, Абу Абдулмалик Сақафий, Урайб ибн Саъд, Аҳмад ва Умар ибно Юнус каби катта табиблар етишиб чиқди. Кам таъминланган оилаларга дори-дармонлар текин бериларди (Ибн Жулжул. “Табақотул атибба”).

Мустансир бошқа адолатли подшоҳлар қатори саройига ғайридин олимларни ҳам чақирарди. Қуртубалик епископ Ибн Зайд  фалакиётга оид “Тафсилул азман ва масолихул абдан” номли китоб ёзади (Зигрид Хунке. “Шамсул араб тастаъу алал ғарб”).

Андалус ўз даврида мана шундай гуллаб яшнаган эди. Тарих саҳифаларида яхши ном билан қолди. Андалусдан чиққан буюк олим ва мутафаккирлар уламолар маржонини безаб турганининг сабаби, шубҳасиз, Андалус ҳукмдорларининг илм қадр-қимматини англаганидандир.

Ҳижрий VI (милодий X) асрда Қуртуба шаҳри

Қуртуба шаҳри Испания жанубида, катта дарё бўйида жойлашган шаҳар. Бутун Европа жоҳиллик зулматида яшаётган бир вақтда Қуртуба илм чироғи билан мунаввар эди. Қуртубани Ториқ ибн Зиёд ҳижрий 93 йилда фатҳ қилган, 138 йилларда ривожлана бошлади.

Қуртубанинг диққатга сазовар жойлари

Қуйида Андалуснинг, хусусан, Қуртубанинг эътиборга молик жойлари билан танишамиз.

Қуртуба кўприги

Кўприк катта водий дарёси устига қурилган, узунлиги ўттиз етти метр, эни саксон, баландлиги олтмиш зироъни ташкил этган. Ибн Вардий ёзади: “Қуртуба шаҳрида ажойиб бир кўприк бор. Дунёнинг энг чиройли, мустаҳкам кўприги десам, муболаға бўлмайди. Тиргак устунлари ўн еттита. Ҳар бир тиргак устуни эллик қарич, тиргак ораси ҳам эллик қарич бўлган” (Ибн Вардий. “Харидатул ажаиб ва фаридатул ғароиб”).

Идрисий кўприкни шундай сифатлайди: “Қуртубанинг ажойиб кўприги бор. Ўн еттита устуни бўлиб, ораси ва эни эллик қарич, юриб ўтиладиган эни ўттиз қарич, икки ёндан одам қоматича пардалари бор. Сел келганда сув кўприккача кўтарилади. Кўприк атрофида тошлар билан қилинган дамба ва сувтегирмонлар жойлашган хоналар бор” ( “Нузҳатул муштоқ”).

Қуртуба масжиди

Қуртуба жомеъ масжиди номини Андалусда, балки Европадаги энг катта масжид ҳисобланади. Масжидни 170 йилда Абдуррахмон Дохил қурдирган. Кейинчалик тахтга ўтирган ҳар бир ҳукмдор масжидни таъмирлаб, кенгайтирган.

“Арравзул меътор” китоби муаллифи ёзади: “Қуртубада машҳур, дунёнинг энг катта, чиройли, мустаҳкам масжиди бор. Масжид Умавий халифалар эътиборида бўлиб, ҳар бир ҳукмдор уни кенгайтириб таъмирлаган. Умримда бунақа масжид кўрмаганман. Узунлиги бир юз саксон қулоч, ярим томи очиқ, ярми ёпиқ. Томи ёпиқ томонида ўн тўртта устун бор. Катта-кичик устунлар мингга яқин. Бир юз ўн учта қандил бор. Энг катта қандилда мингта, энг кичигида ўн иккита чироқ бўлган. Масжиднинг ҳамма ёғочлари туртуш соснасидан ишланган. Тўсинлари бир қаричга – бир қарич, устунлар узунлиги ўттиз етти қарич, улар ораси бир устун йўғонлигича. Шифти ҳар хил нақшлар билан безатилган. Улар кўз қувнайдиган турфа ранглар билан бўялган. Шифт хоналарининг кенглиги ўттиз уч қарич, устунлари ораси ўн беш қарич. Ҳар бир устуннинг бошида безак бор.

Масжиднинг қибла томони жуда нафис ишланган. Меҳробда тўрт устун бўлган: иккитаси яшил, иккитаси кўк. Меҳроб бошида безатилган мармар қўйилганди. Меҳроб ёғоч билан ўралган, нақшлар билан зийнатланган. Ўнг томони абнус, бақс дарахти ва мужмир шохи билан безатилган, айтишларича, уларни етти йилда ясашган экан.

Меҳроб шимолида бир хона бўлиб, унга тилла-кумуш идишлар қўйилган. Бу идишлардан лайлатул-қадр кечаси фойдаланилган. Яна бу хонада “Мусхафу Усмон”дан тўрт варағи сақланган. Унда қон доғлари ҳам бор. Ҳар куни икки киши мусҳафни олиб чиқиб, махсус жойга қўйган. Сўнг имом ярим хизб ўқигач, жойига олиб кириб қўйган.

Меҳробнинг ўнг томонида қасрга олиб борувчи эшик бор. Қаср билан масжид орасида йўлак бўлиб, унда саккизта эшик мавжуд. Тўрттаси масжидга, тўрттаси қасрга очилган. Масжиднинг йигирмата эшиги бўлиб, ҳар бирида иккитадан халқа қўйилган. Эшикларга ажойиб нақшлар ила безак берилган.

Масжид шимолида азон айтиш учун минора қилинган. Минорада шарқона меъморчилик санъати жилоланади, баландлиги юз зироъ. Саксон зироъ кўтарилгандан кейин азон айтиладиган жой, ундан кейинги йигирма зироъ баландлик бўлган. Минорага иккита зина билан чиқилган. Ҳар кеча икки муаззин минорада тунаган, масжидда олтмиш ходим хизмат қилган” (Хумайрий. “Арравзул меътор фи хойрил ақтор”).

Минг афсуски, бу катта масжид бугун черковга айлантирилган. Азон айтиладиган минорага қўнғироқлар илиб, насронийлар бу бинони аслида масжид эканлигини яширишга уринсаларда, деворлардаги нақш қилиб ёзилган оятлар бунинг аксини кўрсатади. Масжид дунёдаги энг қадимий обидалардан деб эътироф қилинади. Унга кириш учун олти евро тўланади.

Қуртуба масжиди

Қуртуба масжиди фақат намоз ўқиладиган жой эмас эди, у институт вазифасини ҳам бажарган. Масжид Европадаги ягона илмий марказ ҳисобланиб, машриқу мағрибдан турли диндаги талабалар ўқишга келган. Қуртуба бутун дунёга кўплаб олимлар етказиб берган илм даргоҳи эди.

Заҳровий – буюк олим

Халаф ибн Аббос Абул Қосим Заҳровий (325-404) машҳур табиб ва жарроҳ, дори тайёрлаш бўйича етук мутахассис бўлган. “Тасриф” номли ўз китобининг учинчи бобида таблетка ишлаб чиқариш ҳақида баён қилади (Али ибн Абдуллоҳ Дифаъ. “Руваду илмит тиб фил хазоратил арабия вал исламия”).

Заҳровий юракни жарроҳлик амалиёти билан даволаш, қовуқни ювиш каби амалиётларни амалга оширган. Сийдик йўлини очиш учун нозик асбоб ихтиро қилган.

Заҳровий амалиёт вақтида қонни тўхтатиб қўйишни ҳам ўйлаб топган. Вена қон томирини боғлаб қўйишни ғарблик табиблардан олти аср олдин амалда синаган. 1552 йилгагина келиб бошқалар “Биз ихтиро қилдик”, деб чиқди. Заҳровий кўплаб жарроҳлик асбобларини ихтиро қилиб, амалиётларда қўллаган. Жумладан, у киши қилган баъзи нозик амалиётлар бугунга келибгина амалга оширишнинг имкони бўлди (Шавқий Абу Халил. “Уламау Андалус”).

Қуртубадан чиққан машҳур олимлар: Ибн Божа, Ибн Туфайл, Муҳаммад Ғофиқий, Ибн Абдулбарр, Ибн Рушд, Идрисий, Абу Бакр Яҳё ибн Саъдун, Абу Жаъфар Қуртубий ва бошқалар.

«Ислом ва олам» китобидан

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Замондош уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (биринчи мақола)

460 22:30 22.10.2019

Ўтган уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (тўртинчи мақола)

325 21:00 19.10.2019

Ўтган уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (учинчи мақола)

289 21:00 18.10.2019

Ўтган уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (Иккинчи мақола)

284 22:00 17.10.2019

Ўтган уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (биринчи мақола)

544 22:00 16.10.2019

Жанубий Корея қандай юксалди?

699 21:00 12.10.2019
« Орқага