Андалус тарихидан бир лавҳа

09:00 19.08.2019 1624

Кичкина  Муҳаммад

У вақтлар мен кичкина эдим. Махфий ишларни унча тушунмасдим. Аммо қачон мактабдан келиб дадамга "муқаддас китоб"дан ёдлаганимни ва испан тилидан ўрганганларимни айтиб берсам, у кишининг изтиробга тушиб, ранги сарғайганини кўрар эдим. Кейин дадам мени шундай қолдириб ҳовлининг бир чеккасидаги хонасига кетар ва бир неча соат ўша ерда ўтирар эди. Ҳеч кимни эшикка яқин йўлатмасди. У ерда нима билан шуғулланишини билмас эдим. Кейин у ердан кўзлари қизарган ҳолда чиқарди. Менимча у киши узоқ йиғлаган эди. Гоҳида менга изтиробли ва маҳзунли боқар, худди бир нарса демоқчи бўлгандай лаби қимирларди. Мен у кишини тингламоқчи бўлиб олдида қараб турсам, менга ҳеч нарса демасдан бурилиб кетиб қоларди. Онам мени мактабга кузатаётиб доимо кўзи ёшланар, шавқ ва ҳарорат билан юзимдан ўпарди. Кейин кетаётсам чақириб, яна ўпарди. Менга сира тўймасди. Доим ортимдан йиғлаб қолар эди. Кун бўйи у кишининг кўз ёши ҳароратини юзимда ҳис қилардим. Онамнинг йиғлашларидан таажжубланардим, аммо сабабини ҳеч била олмасдим. Мактабдан қайтсам мени соғинч ва шавқ билан кутиб оларди. Ҳолати гўё мени ўн йил кўрмагандек эди.

Отам ва онам мендан сал узоқлашишса испан тилидан бошқа тилда пичирлаб гаплашганларини сезардим. Аммо улар нима деяётганларини тушунмасдим. Агар уларга яқинлашсам улар гапни тўхтатиб, испанча гапиришга ўтар эдилар. Мен бундан таажжубланардим. Гоҳида алам ҳам қиларди. Ўзимча ҳар хил гумонларга ҳам борардим. Баъзан "мен буларнинг ўғиллари бўлмасам керак " деб ўйлардим. Гўё булар мени йўлдан топиб олиб ўзларига фарзанд қилиб олишгандай туюлар ва уйнинг бир чеккасига бориб олиб аччиқ-аччиқ йиғлардим. Аламлар кетма-кетлигидан бошқа болалардан ажралиб қолдим. Улар билан ўйнамасдим. Доим ёлғизланиб, бошимни кафтларим орасига олиб бу мушкулотларга ечим излар эдим. Кейин руҳоний енгимдан тортиб, черковга ибодат қилишга олиб кетар эди.

Онам яна фарзанд кўрдилар. Отамга бу хушхабарни етказганларида у киши хурсанд бўлмади. Ўрнидан туриб оёқларини судраб, руҳоний ҳузурига йўл олдил. У болани чўқинтириши керак эди. Мен отамнинг орқасидан бордим. У кишининг бошлари эгилган эди. Юзларида эса маҳзунлик ва умидсизлик зоҳир эди. Руҳонийни олиб келиб, онам ҳузурига киришди. Онамнинг юзларини оқариб кетганини кўрдим. Кўзлари бақрайиб қолган эди. Чақалоқни хавф ва эҳтиёткорлик билан руҳонийга беришди. Кейин кўзларини юмдилар. Мени эса бу томошаларни англай олмай аламим ошар эди.

Пасха байрами келди. Ғарнота хушбўйлик ва нурга беланди. Ҳамро қасри машъалалар билан ял-ял ёнар эди. Унинг айвон ва минораларида хочлар ялтирар эди. Кеча қоронғусида отам мени чақирдилар. Уйдагилар ҳаммаси ухлаган эди. Сукут сақлаган ҳолда мени ўз хоналарига, муқаддас ҳарамларига етакладилар. Юрагим ҳаяжондан ёрилгудай урар эди. Аммо мен ўзимни мардликка олиб тутдим. Хонага кириб унинг ўртасига етгач отам эшикни маҳкам ёпиб, чироқ қидира бошлади. Мен хона ўртасида зулматда туриб қолдим. Бу ҳол менга бир неча йилдай туюлди. Кейин отам ўша ердаги кичкина чироқни ёқди. Атрофимга боқдим. Хона бўм-бўш эди. У ерда мен кутган ажойиботлар йўқ эди. У ерда фақатгина гилам ва токчада китоб бор эди. Деворда эса қилич осиғлиқ турарди. Падарим мени гиламга ўтирғизиб, узоқ тикилди. Отамнинг боқиши, макон қўрқинчи ва кечанинг сокинлиги бир бўлиб, кеча ўзгача туюлди. Гўё мен дунёдан ажралиб бошқа дунёга тушиб қолгандай эдим. Ҳис қилган нарсаларимни баён қилиб бера олмайман. Кейин отам қўлларимни меҳр билан қўллари орасига олди ва паст овозда деди:

"Ўғлим, ёшинг ҳам ўнга борди. Катта бўлиб қолдинг. Мен сенга узоқ вақтдан бери яшириб юрган бир сирни очмоқчиман. Уни онангга ҳам, аҳлингга ҳам , дўстларингга ҳам , бошқа инсонларга ҳам айтмасдан қалбингда сақлай оласанми? Сендаги шу сирга бўлган биргина ишора отангни "тафтиш девони " жаллодларига рўбарў қилади".

Ёшим кичик бўлса ҳам "тафтиш девони" нима эканини яхши билар эдим. Ҳар куни ўқишга бориб-келар эканман, уларнинг қурбонларини кўрар эдим. Улар эркакларни дорга осар, оловда куйдиришар, аёлларни эса токи ўлгунича сочидан осиб қўйишар, қорнини ёришар эди. Мен дадамнинг саволларига жавоб бермай сукут қилдим. Дадам менга :

– Нега жавоб бермайсан ! Сенга айтадиган гапларни сир сақлай оласанми? – деди.

Мен:

– Ҳа, – дедим.

Дадам :

– Онангдан ҳам, сенга энг яқин инсонлардан ҳам сақлай оласанми? – деб сўради.

Мен:

– Ҳа , – дедим.

Дадам:

– Яқинроқ кел, яхши қулоқ сол. Мен баланд овозда гапира олмайман. Деворда ҳам қулоқ бор. Мени эшитишса “тафтиш девони"га айтиб, тириклайин оловда куйдиришлари мумкин.

Мен дадамга яқин бориб:

– Қулоғим сизда ота, – дедим.

 Отам токчада турган китобга ишора қилиб :

– Бу китобни биласанми? – деб сўради.

Мен:

– Йўқ , – дедим.

Дадам:

– Бу Аллоҳнинг китоби, – деди.

Мен:

– Аллоҳнинг ўғли Ясуъ келтирган "Муқаддас китоб"ми? – дедим.

Дадам изтиробга тушиб:

– Йўқ, бу Воҳид, Аҳад, Фард ва Сомад ҳамда туғмаган ва туғилмаган, бирор-бир шериги бўлмаган Аллоҳ таолонинг махлуқларининг энг афзали , Набийларининг саййиди , бизнинг саййидимиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилган китоби Қуръондир.

Мен кўзимни катта-катта очдим. Ҳеч нарсани тушунмас эдим.

Дадам:

– Бу Исломнинг китобидир. Исломни эса Аллоҳ Муҳаммад алайҳиссалом орқали бутун инсониятга юборган. Бу дин узоқда саҳролар ва денгизлар ортида, Макка шаҳрида саҳройи, қолоқ, мушрик ва жоҳил қавм ичида зоҳир бўлди. Уларни тавҳидга бошлади. Уларга бирликни, қувватни, илм ва маданиятни ҳадя қилди. Улар бу дин билан машриқ-у мағрибни фатҳ қилиб, бу яриморолга, Испанияга кириб келишди. Бу ернинг подшоҳи золим, тошбағир эди. Унинг ҳукумати ҳам золим эди. Халқи эса мазлум, фақир, жоҳил ва қолоқ эди. Мусулмонлар бу золим подшоҳни ўлдириб, золим ҳукуматни йўқ қилишди. Испанияни эгаллашди. Инсонлар ўртасида адолат ўрнатишди. Уларга яхшилик қилишди. Мол-жонларига омонлик беришди. Улар бу диёрда саккиз юз йил туришди. Саккиз юз йил.....Бу диёрни энг ривожланган , энг гўзал диёрга айлантиришди. Ҳа ўғлим, биз мусулмон араблармиз.

Менинг таажжуб, даҳшат ва хавфдан тилим қотиб қолган эди. Дадамга:

– Нима?! Биз мусулмон араблар?! – дедим.

Дадам:

– Ҳа ўғлим, сенга айтмоқчи бўлган сирим шу эди. Бу диёрнинг соҳиблари бизмиз. Душманларимиз қўлига ўтиб кетган бу қасрларни биз бино қилганмиз. Қўнғироқлар чалинадиган ушбу минораларни биз кўтарганмиз. Унда азон янграр эди. Мана бу роҳиблар туриб олиб Инжил ўқийдиган черковлар аслида масжидлардир. Уларни биз қурганмиз. Уларда бизнинг имомларимиз қавмлари билан биргаликда Аллоҳ олдида саф тортиб Қуръон тиловат қилишар эди. Ҳа ўғлим, биз мусулмон араблармиз. Испаниянинг ҳар бир бурчагида бизнинг изимиз бор. У ердаги ҳар бир қарич тупроқ остида бизнинг боболаримизнинг, шаҳидларимизнинг ҳоки бор. Ҳа, бу шаҳарларни биз бино қилганмиз. Бу кўприкларни биз қурганмиз. Шу йўлларни биз ётқизганмиз. Мана бу каналларни биз қазиганмиз. Бу дарахтларни биз экканмиз.

Аммо мана қирқ йилдирки, эшитаяпсанми ўғлим... қирқ йилдирки, бу диёрнинг охирги ҳукмдори , бизнинг ҳукмдоримиз Абу Абдуллоҳ Сағир испанлар ваъдасига, улар аҳдига алданиб Ғарнота калитларини уларга топшириб, уммат қўриқхонасини уларга мубоҳ қилди. Аждодлар ҳокини уларга топширди. Ўзи эса Мағриб саҳроларига йўл олди. У ўша ерларда ёлғиз бир ўзи ҳайдалган, қувилган ҳолда вафот этди. Улар бизга ҳуррият, адолат ва истиқлол ваъда қилишган эди. Ҳукуматга эга чиқишгач барча аҳдларини бузишди. Тафтиш девонини ташкил қилишди. Мажбуран бизни насронийликка киргизишди. Тилимиздан айиришди, болаларимизни насроний қилиш учун биздан тортиб олишди. Яширин ибодат қилишимизнинг сабаби шу. Хафалигимиз боиси динимизда имтиҳонга учраганимиз ва болаларимизнинг исломдан айрилганидир.

Қирқ йилдирки, биз ана шу азобларга сабр қилиб келамиз. Аллоҳнинг кенгчилигини кутамиз. Ноумид бўлмаймиз. Зеро умидсизлик динимизда ҳаромдир. Динимиз қувват, сабр ва жиҳод динидир.

Сир ана шудир ўғлим. Уни яширгин. Билгинки, отангнинг ҳаёти сенинг лабингга муаллақдир. Аллоҳга қасамки, мен ўлимдан қўрқмайман. Аллоҳга йўлиқишни ёмон кўрмайман. Аммо мен сенга динингни, тилингни ўргатгунимча, сени куфр зулматидан иймон нурига олиб чиққунимча яшамоқни ҳоҳлайман. Энди бориб ухла ўғлим...

Шундан сўнг қачон Ҳамро қасри айвонларини, Ғарнота минораларини кўрсам баданимда ғалати титроқ турадиган бўлди. Мен шавқ ва маҳзунликни, нафрат ва муҳаббатни ҳис қилар эдим. Кўпинча ўзимни унутар эдим. Ҳушим ўзимга келганда Ҳамрога хитоб ва итоб қилаётган бўлар эдим:

"Эй Ҳамро! Эй ҳажрдаги севгилим! Сени бино қилганларни, сенга ақл ва руҳларини ғизо қилганларни, сени қонлари ва кўз ёшлари ила суғорганларни унутдингми? Улар замонини билмаганга олаяпсанми? Улар муҳаббатини инкор қилаяпсанми? Сенинг бағрингда ов қилган ҳукмдорларни, сенинг устунларингга суянганларни, сенга улуғлик, буюклик, гўзаллик ва кўркамлик берганларни унутдингми? Улар гапирганда дунё тинглар эди. Улар амр қилса замон лаббай дер эди. Азон ўрнида қўнғироққа, имомлар ўрнида роҳибларга ўрганиб қолдингми?"

Сўнгра мени бирор-бир девон жосуси эшитиб қолишидан қўрқиб отам берган араб тили дарсларини ёдлаш учун уй томон шошар эдим. Ҳали ҳам ёдимда. Отам менга араб тили ва ёзувини ўргатар эди. Олдин испан ёзувини ёзиб,  сўнгра унинг ёнида араб ҳарфларини ёзиб, бир-бирига солиштириб ўргатар эди. Кейин диний китобларни ўргатди. Таҳорат олиш ва намоз ўқишдан сабоқ берди. Иккимиз бу қўрқинчли хонада бирга намоз ўқий бошладик. Отам мени сирни очиб қўйишимдан хавотирда эди. Гоҳида онамни менинг олдимга юбориб, мени синовдан ўтказар эди. Онам мендан :

– Отанг сенга нимани ўргатаяпти? – деб сўради.

Мен:

– Ҳеч нарсани , – дедим.

Онам:

– Отанг сенга ниманидир ўргатаётганларини биламан. Мендан яширма, – деди.

Мен:

– Дадам менга ҳеч нарса ўргатмаяпти, – дедим.

Мен араб тилини ўргандим. Қуръонни тушуна бошладим. Диннинг асосларини ўргандим. Отам менга ўзларининг Аллоҳ йўлидаги дўстларини таништирдилар. Энди биз уч киши бўлиб намоз ва Қуръон ўқий бошладик.

Кейинчалик тафтиш девонининг қаттиққўллиги янада кучайиб кетди. Қолган мусулмонларни қаттиқ азоблай бошлади. Ҳар куни йигирма-ўттизта мусулмон дорга осилар, оловда куйдирилар эди. Юзлаб инсонлар ҳар куни даҳшатли қийноқларга солинар эди. Уларнинг тирноқларини суғуришар, нафаси қайтиб қолгунча сув ичиришар, оёқ ва баданларини қизиган темир билан куйдиришар, бармоқларини кесиб, гўштлари парчалангунча дарралашар эди.

Узоқ вақт шундай давом этди. Бир куни дадам менга шундай деди:

"Ўғлим, мен куним битганини ҳис қилиб турибман. Мен анавилар қўлида шаҳид бўлишни ҳоҳлайман. Шояд Аллоҳ менга жаннатни насиб қилса. Катта ютуққа эришган бўлар эдим. Сени Аллоҳнинг ёрдами билан зулматдан нурга чиқардим. Катта омонатни сенга юкладим. Агар менга бир гап бўлса, бу амакингга бўйсунгин. Унга хилоф қилма".

Бир неча кун ўтгач зулматли кечада ўша амаким келди ва менга ўзи билан кетишимни айтди. Бизга мусулмонлар диёри Мағрибга кетиш имкони пайдо бўлган экан. Мен у кишига: "Ота-онамчи?" – дедим. У киши мени уришди: "Отанг менга итоат қилишингни буюрмаганми?»

Мен амакимга итоат қилиб йўлга тушдим. Биз шаҳардан узоқлашиб, зулмат қаърига кириб кетдик.  Амаким менга:

" Ўғлим, сабр қил. Аллоҳ тафтиш девони қўлида ота-онангга саодат насиб қилди", деди.

Мағриб диёрига ўтиб кетган бу бола буюк мусанниф Муҳаммад ибн Абдурраҳмон Андалусий эди. Аллоҳ у зотнинг илми ва таснифотларидан бизни фойдалантирсин. Омин !

Абдуқодир ПОЛВОНОВ таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!