Ислом

Андалусияни забт этган зот 

1483

Шимолий Африка заминидан уммати Исломнинг кўпдан-кўп буюк зотлари чиққан. Навбатдаги қаҳрамонимиз Худо сийлаган ушбу замин қумликларида таваллуд топган. Андалусиянинг фотиҳи бўлмиш ул зоти шарифнинг исми Ториқ ибн Зиёддир. Андалусия тарихий ҳодисалар ва ғамгин хотираларга бой, ўз ичига 800 йилдан зиёд даврни қамраган жуда узоқ тарихга эгадир. Мазкур асар Андалусиянинг беқиёс юксалиш ва қулаш жараёнларини ўз ичига қамраб олган. Андалусия тарихи – уммати Исломнинг бугунги ёшларига муайян давлатнинг юксалиши ва қулашига олиб келадиган сабабларни билиш учун яққол мисол бўла олади. 

Аллоҳ таолога Ўзининг жалоли қадар ҳамду санолар бўлсинким, Унинг курраи заминда ўрнатган қоидалари ўзгармасдир. Агар биз мусулмонлар томонидан маълум вақт оралиғида қўлга киритилган ғалаба-ю юксалишларнинг тарихини ўрганиб чиқиб, олинган сабоққа мувофиқ иш тутадиган бўлсак, зафар қозониб боришимиз муқаррар. Агар биз мағлубиятлар-у, қулашлар тарихини ўрганиб чиқиб, тегишли хатоларга йўл қўймасак – ўтмишдаги аянчли ҳолатларга тушиб қолмаймиз. Бундан ташқари, Андалусия маданиятининг тарихи ўз ичига тараққиёт, билим, диний, миллий, ирқий бағрикенгликни мужассам этган ягона мисол сифатида хизмат қилади.

Буюк саркарда Ториқ ибн Зиёд араб бўлмаган. У тарихда кўпроқ барбарлар номи ила танилган амазиглар халқидан чиққан. Уларга барбар номини Рум подшолигининг аҳолиси берган. Чунки румликлар румлик бўлмаган ҳар қандай халқни барбарлар дея атайверишган. Жумладан, уларга қарши уруш олиб борган герман қабилаларини ҳам барбарлар деб аташган. Амазиглар эса – Ислом учун, диндош мусулмонлар учун ўзини қурбон қилган буюк исломий халқлардан биридир. Уммати Исломнинг кўплаб уламолари-ю, жангчилари амазиглардан чиққанини кўпчилик билмаса керак. Улар жумласига Андалусия забткори Ториқ ибн Зиёд, ҳавода учиш амалиётини биринчи бўлиб бошлаб берган Аббос ибн Фирнас, Алморавидлар (ал-Мурабитун) империясининг асосчиси Абдуллоҳ ибн Ёсин, Заллак бўсағасидаги жанг қаҳрамони Юсуф ибн Ташфин, Марокаш қаҳрамони Абдулкарим Хаттобий, Жазоирнинг асл фарзанди имом Муизз ибн Бадис каби кўплаб қаҳрамонлар киради. Ва Ислом динига эътиқод қиладиган ҳар бир амазиг билиб қўйсинким, у – Аллоҳнинг араблардан чиққан элчиси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг динини ҳимоя қилган буюк қаҳрамонлар авлодидандир! Ул зоти шарифлар одамлар ирқи-ю, миллатига қараб ажратилмайдиган муқаддас динда ниҳоятда юксак мавқега эга бўлишган.

Динимизнинг улуғворлиги-ю ажойиблигини қарангки, маслакнинг соддалиги билан мукаммал қонунлар мажмуини ўзида мужассам этиб, инсонга мангу саодатга эришишни кафолатлайди! Агар одамлар Исломга доир ҳақ гаплардан воқиф бўлишса борми, тўп-тўп бўлиб динимизга киришган бўлар эди. Бинобарин, Исломнинг асл қиёфасини бузиб кўрсатиш бугунги даврда уммати Ислом тарихига тажовуз қилаётганларнинг олдида турган энг муҳим вазифага айланиб қолди. 

Ториқ ибн Зиёд Марокашдаги Танжер шаҳри амири бўлиб, Шимолий Африка ҳукмдори Мусо ибн Нусайрга бўйсунган. Ўша даврда кўплаб амазиглар Исломни тарк эта бошлашган. Мусо буни текширган ва маълум бўлганки, оммавий муртадликнинг асосий сабаби – маҳаллий халқ араб тилини билмаслиги ва шу боис, диннинг араб тилида битилган қонунлар мажмуини тушунмаслигидан иборат. Шунда Мусо ибн Нусайр араб тилини биладиган амазигларга Ислом амалиётини ўргатиш учун Шом ва Ямандан тобеинларни  ўз салтанатига таклиф қилди. Тобеинлардан таҳсил олган ундай амазиглар эса ўз навбатида, Ислом меъёрларини қабиладошларига ўз она тилларида ўргатишган. Шу тариқа одамлар Исломнинг асл мазмун-моҳиятини англай бошлашган. 

Шимолий Африка мусулмонлари ўша даврда катта бир муаммога дуч келишган. Рум кемалари вақти-вақти билан ҳужум қилиб боргани боис мусулмонлар қудратли ҳарбий-денгиз флотига эҳтиёж сезишган. Мусо ибн Нусайр кемасозлик корхонасини барпо этиш учун Қайрувон бандаргоҳини қуриш ишларини бошлаб юборди. Мусулмонлар бандаргоҳ қуриш йўлида бор ғайратларини ишга солишар экан, ажойиб бир ҳодиса юз берди.

Кунлардан бир кун Танжер амири Ториқ ибн Зиёд номига Марокашнинг Суета шаҳри ҳокими Юлиан исмли насронийдан хат келди. Юлианнинг Флоринда исмли гўзалликда тенги йўқ қизи бўлган. Ота қизини Андалусия саройига таҳсил кўриши учун юборади. Бироқ ўша даврда юз берган давлат тўнтарилиши туфайли Андалусия қироли Витица тахтдан ағдарилиб, ўрнига қирол Родерих келади. Янги қирол Юлианнинг қизини зўрлаб, ўзиники қилиб олади. Қиз отасига хат йўллаб, бошидан ўтган кулфатларни баён этади. Табиийки, отанинг қаҳри қайнаб, зўравон қиролга хоинлик қилишга аҳд қилади.

Мусулмонлар эртами-кечми Сеут шаҳрини насронийлар ҳукмидан озод қилишини идрок этган Юлиан, Ториқ ибн Зиёд билан музокаралар ўтказиб, қизиқ бир таклиф киритади. Хусусан, Юлиан Танжер амири Ториқ ибн Зиёдга Сеут шаҳрини тинч йўл билан топшириш, кемаларини амирга вақтинча бериб туриш ва мусулмонлар қўшинини Андалусия тоғларининг киши билмас сўқмоқлари орқали олиб ўтишни таклиф қилади. Буларнинг эвазига у, агар мусулмонлар Андалусияни забт этишса, қирол Витицанинг ер-мулкини беришини сўрайди.

Ториқ ибн Зиёд Юлианнинг кемаларида асосан амазиглардан ташкил топган етти минг кишилик қўшин билан денгизни ошиб ўтди. Готлар қўшинига кутилмаган томондан – жанубдан ҳужум қилиб, яксон қилди. Душман лашкарбошиси жанг майдонини ташлаб кетиб, душман бўлинмаларини кузатиб ўрганиш учун тунда яширинча қайтади. Рақиб жангчилари намоз амалларини бажариб, туни билан Аллоҳга ибодат қилишганини, аллақандай китобни тиловат қилишар экан, кўзларидан дув-дув ёш тўкилаётганини кўради. Кўзига ишонмай, донг қотган саркарда Андалусия пойтахти Толедо шаҳрига, ўз қироли Родерих номига нома йўллаб, унда қуйидагича маълумот беради:

«О, Родерих! Биз қандай халққа дучор бўлдик билмайман. Ерда яшайдиган одамларга ўхшашмайди. Балки улар самодан тушган фаришталардир?!»

Қирол Родерих пухта қуролланган 100 минг рицари билан мусулмонларга қарши чиқди. Йўлга чиқишдан олдин у мағлуб бўлган мусулмон асирларни боғлаш учун кўпроқ арқон ҳозирлашни буюрди. Ториқ ибн Зиёд Мусо ибн Нусайрдан мадад сўрагач, унинг ихтиёрига яна беш минг жангчи етиб келди.

Шундай қилиб, мусулмонлар армияси 12 минг кишидан иборат бўлиб, жангчиларнинг аксарияти пиёда аскарлар бўлди. Ва бу қўшин 100 минг кишилик насронийлар армиясига қарши жанг қилиши керак эди. Ҳижрий 92 йил Рамазон ойининг 28 санасида (милодий 711 йил 19 июль) икки қўшин Гвадалет яқинида тўқнаш келди. Ушбу жанг тарих саҳифаларига Херес-де-ла-Фронтер бўсағасидаги муҳораба номи билан кирган. Жами 3 минг жангчисини йўқотган мусулмонлар қўшини ушбу жангда ғолиб чиқди. Жанг чоғида шуҳратпараст қирол Родерих ер тишлади, унга мусулмонларни боғлаш учун арқон керак бўлмади.

Ториқ ибн Зиёднинг жасоратлари ҳақида жуда кўп гапириш мумкин бўлиб, тафсилотлари баён этиладиган бўлса, мазкур китоб ҳажми камлик қилади. Бироқ муҳим бир жиҳат борки, унда албатта тўхталиб ўтмоқ даркор. Бунда гап биз оталаримиздан, улар эса боболаримиздан эшитган ҳодиса ҳақида боради. Ўша ҳодиса тарихини биз мактабда ўқиганмиз. Шубҳага ўрин бўлмаган ҳақиқатдай қабул қилганмиз. Унда айтилишича, Ториқ ибн Зиёд мусулмонлар Андалусия қирғоғигача сузиб келган кемаларни ёқиб ташлаб, ўз жангчиларига: «Энди ортингизда денгиз, олдингизда эса,  душман қолди», – дея хитоб қилган эмиш. Аслида бу гап мутлақо нотўғридир. Афтидан, бу иш уммати Ислом тарихига тажовуз қиладиганларнинг навбатдаги кирдикорларидан бири, 100 минг кишилик қўшиннинг 12 минг кишилик мусулмонлар қўшини олдида мағлуб бўлганини оқлаш учун ўйлаб топилган уйдирма бўлса керак.

Бу билан ўша тажовузкорлар қочиш учун кемаси бўлмаган мусулмонлар жанг қилишга мажбур бўлишганига ишонтиришмоқчи. Бироқ Ислом тарихини яхши ўрганган кишилар биладики, умматимиз лашкари душмандан сон жиҳатдан устун келгани учунгина ғалаба қозонмаган. Аксинча, аксарият тарихий муҳорабаларда сон жиҳатдан озчиликни ташкил эта туриб зафар қозониб келган. Устига-устак юқорида келтирилган ҳодиса исломий тарих китобларида эмас, европаликлар ёзган дарсликларда баён этилган. Боз устига, агар Ториқ ибн Зиёддек тажрибали саркарда мағлубиятга учраши мумкинлигини рад этмаган бўлса (исломий қўшин мағлубияти эса эҳтимолдан холи эмас эди), бошқа қитъага чекиниб диндошлар ҳимоясига ўтиши шарт бўлган. Бундай амал Исломда ижозат берилган бўлиб, унинг ижроси учун танбеҳ берилмайди. Тарихимизга тажовуз қилаётганлар томонидан мазмунан хунук тўқилган ўша ҳодисага тўла-тўкис раддия бўладиган энг муҳим вазият шундан иборатки, ушбу кемалар мусулмонларга тегишли эмас эдики, Ториқ ибн Зиёд уларни ёндириб юборса. Юқорида айтилгандек, у кемалар, қизини ўз қироли зўрлаган Сеут ҳокими Юлианга қарашли бўлган. Шундай қилиб, европаликларнинг уйдирмаси пуч бўлиб, уни мактабда ўрганишни, суҳбатларимизда такрорлашни бас қилиш керак.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Коронавирус юққанлар сони 1 миллиондан ошди

710 09:30 03.04.2020

Испанияда 12 мингдан зиёд тиббиёт ходимига коронавирус юқди

711 10:00 31.03.2020

Коронавирус юқтирганлар сони 500 мингдан ошди

898 15:00 27.03.2020

Олимлар короновирусдан сақловчи маҳсулотларни аниқлади

7769 11:20 13.03.2020

Жаҳон мобил конгресси коронавирус туфайли бекор қилинди

379 15:20 13.02.2020
« Орқага