Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Андижонда ИИБ ходимлари томонидан ўлдирилган фуқаро иши бўйича ИИВ баёнот берди

3122

Андижонда ИИБ ходимлари томонидан бир фуқаронинг калтакланиши ва бунинг сабабидан унинг вафот этгани ҳақидаги хабарларга Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ахборот хизмати томонидан расмий баёнот берилган.

Баёнотда:

«Жорий йилнинг 30 май куни Андижон шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 4-сонли ички ишлар бўлими ходимлари томонидан, иш юритувидаги ариза юзасидан ички ишлар бўлимига олиб келинган фуқаро А. Абдукаримов Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиалига ётқизилган ва врачлар томонидан кўздан кечириш давомида унинг баданида оғир тан жароҳатлари мавжудлиги аниқланган. Унга шифокорлар томонидан зарур тиббий ёрдам кўрсатилган бўлишига қарамасдан, А. Абдукаримов 11 июнь куни вафот этган.

Ҳолат юзасидан Андижон шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида, уч нафар ички ишлар органлари ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг 206, 234 ва 235-моддалари билан айб эълон қилиниб, “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан зудлик билан хизмат текшируви тайинланиб, ўтказилган текширув хулосасига кўра, бир қатор ходимларга нисбатан кескин интизомий жазо чоралари қўлланилган.

Хусусан, Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сон ички ишлар бўлими жиноят қидирув гуруҳи тезкор вакиллари катта лейтенант Ф.Хусанбоев, катта лейтенант Э.Райимжонов ва катта лейтенант Қ.Қодировлар ички ишлар органларидан бўшатилган. Андижон шаҳар ИИО ФМБ бошлиғи подполковник С.Усманов ва

Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сонли ички ишлар бўлими бошлиғи подполковник П.Мамажоновлар эгаллаб турган лавозимларидан озод этилган. Бундан ташқари, 19 нафар раҳбар ва ходимларга турли кўринишдаги қатъий интизомий тартибдаги жазолар қўлланилган.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдек муқаддас бурчига хиёнат қилган ҳеч бир ходим кечирилмайди. Юзага келган мазкур ҳолат бўйича ваколатли органлар томонидан адолатли тергов-суриштирув ишлари амалга оширилади ҳамда қонун устуворлиги ва жиноятга жазо муқаррарлиги таъминланади», дейилган баёнотда. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида суд-тергов давомида қийноқ қўллаш ҳолатларига алоҳида эътибор қаратган эди.

Ўшанда, 2017 йилда Президент тергов давомида қийноқ қўллашни бартараф этишга қаратилган "Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармон халқ талаби бўлгани учун қабул қилинганини айтган.

Фармонга кўра, қийноққа солиш, ҳимояга бўлган ҳуқуқни бузиш, инсонни алдаш ва тергов жараёнида бошқа ноқонуний усулларни қўллаш ман этилади.

"Бу кичкина масала эмас. Фармонни қабул қилиш осон бўлмади. Нимага десангиз, ўрганган ҳунар, ўлганда қолади, деган, кечирасизлар, нақл бор. Қўполроқ бўлса ҳам. Бу фармон ҳаммага ёқмайди. Лекин мен ўйлайман, йиллар ўтади, замонлар ўтади халқимизга ёқади. Нимага десангиз, биз эркин, ошкора жамият қурмоқчимиз. Дунёқарашимизни ўзгартирмоқчимиз. Ана шуларни инобатга олиб, бу нарсаларни жой-жойига қўядиган вақт келди", деган Мирзиёев.

Президент шу билан бирга қарор ва фармонлар чиқиши билан бу соҳада аҳвол ўнгланиб қолмаслигини таъкидлаган. Қарорларнинг бажарилиши учун ҳамма ҳаракат қилиши кераклигини айтган.

Мана ўшандан бери уч йил вақт ўтибди. Аммо айрим жойларда Президентнинг уч йил илгари айтган гапларини ё эшитишмаган ёки унутишган. Балки амал қилишни исташмаётгандир?!

Муҳсин Муҳаммад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Андижондаги автотўқнашувда ИИБ ходими калтакланди

1009 21:40 02.10.2020

Aндижонда янги институт ташкил этилди

604 11:55 28.08.2020

Етимпарварлиги билан машҳур бўлган имом: “Болалигим ғамгин ўтган...”

4156 19:45 20.08.2020

Андижон ва Сурхондарёда қарийб 600 миллион сўм маблағ талон-тарож қилинган

636 20:00 08.08.2020

Қабул-2020: «Саййид Муҳйиддин махдум» ўрта махсус ислом таълим муассасаси

995 08:58 03.07.2020

Андижонда фуқаронинг қийноқ натижасида вафот этиши ортидан 29 киши жавобгарликка тортилди – ИИВ

1111 12:48 01.07.2020
« Орқага