Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Андижонда туғилишни орзу қилган қиз ёхуд маддоҳлик синдроми

8570

Бир ҳафта аввал “Артикходжаевга тегишлилиги айтилган аудио” қандай қилиб Фарғона вилояти ҳокимининг “ўртоқ полковник”ка тадбиркорни сартарошга олиб бориши” ҳақидаги таҳдидини “босиб” юборган бўлса, кеча Андижондан чиққан “тутун” “ҳоким ва кун.уз”чилар масаласини бутунлай “қоплаб олди”, ҳамманинг эътиборини чалғитди ростдан.

Ҳа, кечадан бери ижтимоий тармоқларда хоразмлик шоира қизнинг Андижондаги “чиқиши” эътиборлар марказидан тушмаяпти. “Биз кутгандик, билгандик” деган жумлалари ила машҳур бўлган бу қизнинг навбатдаги “нутқи” ҳам интернет фойдаланувчилари томонидан очиқча истеҳзо, ғазаб ва нафрат ила қаршиланди. Оз сонли бўлса-да, унинг тарафини олганлар ҳам бор. Ҳатто таниқли болалар шифокори Муаззам Иброҳимова фейсбукдаги саҳифасида бу борада илмий жиҳатдан ёндошиб, “бу кабиларга ёрдам бериш керак”, деган фикрни илгари сурди.

“Кучли ҳиссий сезгирлик  иқтидорли болаларда  ўртасида кўпроқ  учрайди. Улар турли ҳил воқеалар, атрофидаги  ходисаларга кучли ҳиссий реакцияга эга.

 Бу психологияда ўрганилган тиббий синдром. Онгнинг хиссий интенсивлиги туфайли хис туйгуларини хаддан ташқари   ифодалайди. Улар баъзан  атрофидаги реалликни хис қилмайди. Ҳиссиётларини бошқара олмайди.  Бундай болалар учун чумолининг қорни улкан тоғ бўлиб кўринади ва табиийки, улар бошқаларни ҳам шунга ишонтирмоқчи бўлишади. 

Бу синдром балоғат ёшида янаям ривожланади. Агар ўз вақтида  ёрдам берилмаса, беморлар ўз оловида ёниб тугайди  (ҳиссий  ёниб тугаш синдроми).

Кўриб турганингиздан  қизчани айблаб бўлмайди. Унга мутахасислар ёрдами керак. У бир кун  реалликни барибир ҳис қилади. Ишонгани, тасаввур қилгани ёлғон, сароблигини тушунса, оқибати жуда хунук бўлиши мумкин.   Худди шу синдром туфайли ўз жонига қасд қилган истеъдодли инсонлар жуда кўп.

 Биринчи видео чиққаниданидаёқ мулоҳазаларимни қизни танийдиган инсонларга етказишга ҳаракат қилгандим. 

Афсус, сиз ва биз яшаб турган жамият, тузум тиббий синдромдан ҳам пиар қилиш даражасида тубанлашиб кетяпти.

Қизни масхара қилишни бас қилиб, ёрдам бериш керак», дея ўз хавотирларини изҳор қилган Муаззам Иброҳимова.

Тожикистонлик шоир Имомали Раҳмонни Исо алайҳиссаломга ўхшатди

Маддоҳлар йўқолар, маддоҳлик тугaмайди!

«Зулфиячиларнинг гапиришига, ҳозиргиларнинг Кобальтга эга чиқиш услубига қараб, маддоҳлик хасталик эканига амин бўлдим»

Камина аввал ҳам “Зулфия”чи қизларнинг нутқларида ортиқча кўтаринкилик, пафос уфуриб туриши, бу нарса тингловчиларнинг асабини бузиши ҳақида ёзгандим. Ўйлаб қарасам, бу каби “оташин нутқ” нафақат мукофотга ташна қизларимизга, балки бутун бир жамиятимизга юққан, аниқроғи, сингдирилган касаллик эканини англаб қолдим.

Авваллари, яъни давлат телевидениесида ишлаётганимда кўплар “танқид қилмас”лигимизни танқид қиларди. Аммо айнан ўшандайларнинг ўзларига” ҳақиқатни гапиринг”, деб микрафон тутсак, самимият уфурган юзига сохталик ниқобиини тутиб, “осмонимиз мусаффолиги” шукроналар келтириб,  бунга сабабчи бўлиб турган “каттамиз”га қалб тўридан миннатдорчилик изҳор қила кетарди. Бу умумий касаллик ёхуд умумий қўрқув эди.

Бошқа бир мисол. Узоқ қариндошимиз бўлган аёл энг катта мукофотлардан бирига лойиқ кўрилди. Бева боши билан ўнга яқин фарзандларни аввал бригадир, кейинчалик фермер бўлиб ишлаб ували жували қилган бу заҳматкаш аёл чиндан-да ўша унвонларга лойиқ эди. Унинг даласига мамлакат раҳбари ташриф буюрадиган бўлибди. Отам замонидан қолган шийпон қисқа муддатларда қайта қурилди, йўлларга асфальт ётқизилди. Ишқилиб, жуда катта ҳозирлик кўрилди. Шу орада қайсидир идора ходимлари онахонни суҳбатга чақириб, президентга нима дейишини сўрашибди.

“Нимаям дердим, раҳмат айтаман. Кейин иложи бўлса, гаплашиб беринг, ўғлимга “Дамас” олиб бераман, узоғимни яқин қилиб туради, десаммикан” дебди. (Эътибор беринг, юрт қаҳрамони дея эътироф этилган зот ўз юртида чиқадиган автомашина сотиб олишга имкони йўқ)

Дарров онахоннинг “оғзини ёпишибди”. Эртасига, ҳа-ҳа, эртасигаёқ ўғлини вилоят марказига чақириб, янги “дамас” миндириб юборишибди. Театрдан режиссёрларми, актёрларми, келиб, “қаҳрамон”га нутқ ирода қилишдан мастер класс ўтказишибди.

Кейинчалик ўша онахондан кўп бора интервью олишди. Сув ҳақида сўрасангиз ҳам ўша “гап”, гул ҳақида сўрасангиз ҳам ўша “гап”, тош ҳақида сўрасангиз ҳам ўша “гап”! Юқори “ноталарда”ги баландпарвоз ва сийқа жумлалар такрорланавериб, бад-бадимизга уриб кетди...

Бу кунлар ҳам ўтди(Президентимиз айтмоқчи, “қайтиб келмасин” ҳам).

Энг ачинарлиси, журналистлар, айниқса, давлат телевидениеси мухбирлари ҳалиям мана шу “авж парда”лардан тушмаяпти. “Муҳтарам юртбошимизнинг ташаббуслари билан”, “мустақиллик шарофати туфайли” “осмонимиз мусаффо” эди, эндиликда эса, “охирги уч йилда юртимизда амалга оширилган туб ислоҳотлар замирида“ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган” “беш тамойил”лар “ҳудудлар кесимида” “сектор раҳбарлари” “халқ билан мулоқот қилишлари” натижасида “обод марказлар”, “обод маҳаллалар”, “пиравардида юртимиз гуллаб яшнаяпти”. Агар эринмасангиз, давлат телерадио каналларида берилаётган хабарларга қулоқ тутинг, юқоридаги “навбатчи (дежурний) жумлалар “тишингизга тегмаса”, мана мен кафил.

Юртбошимизнинг ўзи “кўзбўямачиликни”, “қарсакбозликни”, “мақтовни бас қилинглар” деб қайта-қайта таъкидласа-да, биз ўнгланиш ўрнига баттар мадҳиябозликдан бўшамаяпмиз. Образли қилиб айтадиган бўлсак, пахта териш ўрнига пахта қўяяпмиз, катталар ҳам пахта терганлар қолиб пахта қўйганларга “равон” миндирворяпти. Бу бутун бошли миллатнинг иллатига айланди, десак муболаға бўлмайди.

Хулоса шуки, хоразмлик “зулфиячи” қизни маломат ва ҳақорат қилишни бас қилайлик. У жамиятимизнинг кўзгудаги бир акси, инъикоси холос. 

Башарамиз ростдан ҳам қийшиқ, шундай бўлгач, ойнадан ўпкалашимиздан маъно йўқ!

Абдулазиз Муборак

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Кремл маддоҳи Соловёвнинг Италияга киришига тақиқ қўйилади

1481 18:00 18.05.2020

"Президент бизнинг мақтовларимизга зор ҳам эмас ..."

2081 09:00 28.02.2020

Гўшт нархи яна ошадими?

2207 18:40 21.01.2020

Касбида ғўзапоя 1 миллион сўмга чиқибди. Туман ҳокими эса буни рад этди

1099 17:40 21.01.2020

Президент депутатнинг таклифини нега қабул қилмади?

1784 15:25 20.01.2020

«Биз билмагандик, кутмагандик!» ёхуд «Бизни шундай тарбиялашди!»

2735 16:00 28.11.2019
« Орқага