Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Aндорра: масжидга жой етмаган митти давлатча

1954

Aндорра расмий равишда князлик ҳисобланиб, Европанинг энг кичик давлатларидан биридир. Пиреней ярим оролидаги бу давлат шимолда Франция ва жанубда Испания билан чегарадош. Aндорра сўзининг келиб чиқиши номаълум, аммо баъзи манбаларда арагон тилида ’’andurrial’’ сўзидан олинган бўлиб, “буталар қопланган жой”, "қалин ўрмонли жой" деган маънони англатади дейилган.

Aндоранинг пойтахти – Aндорра ла Велла энг ривожланган ҳудудларидан биридир. БМТнинг 2020 йилги статистикасига кўра, Aндорранинг ҳозирги аҳолиси 85 470 кишини ташкил этади, умумий ер эса майдони 470 км2 дан иборат бўлган ушбу давлатнинг асосий аҳолиси (87,8 фоиз) шаҳарларда истиқомат қилади. 

Давлат тузуми

Aндорра – "парламент князлиги". Конституциясига кўра, Aндорра князлиги парламент демократиясидир. Aндоррада губернаторлари ("виге") томонидан намойиш этилган князлар давлат бошлиғи бўлиб қоладилар, аммо уларнинг ҳокимияти асосан номиналдир. Олий қонунчилик органи асосан бир палатали умумий 28 кишилик кенгаш бўлиб, умумий ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи билан 4 йилга сайланади.  

Aндоррада мусулмонлар борми?

Aндорра Конституцияси дин эркинлигини таъминлайди ва ҳукумат амалда ушбу ҳуқуқни ҳурмат қилади. Князликда расмий давлат дини йўқ. Аммо Конституция Рим-католик черкови билан хос муносабатларни тан олади, гарчи тўғридан-тўғри субсидиялар бўлмаса ҳам, унга ҳатто  баъзи имтиёзларни беради. Aндорра аҳолиси асосан (88,2%) католиклар. Шунингдек, маълумотларга кўра, мамлакатда 100 нафарга яқин яҳудийлар яшайди. Буюк Карл босқини даврларигача у ерда 700 га яқин мусулмонлар вестготлардан Сегре водийси босиб олиш орқали кириб келишган. Aммо улар ўзларига қарши сиёсат туфайли Aндоррада қолмай, Тулуза, Нарбонна, Каркассон ва Нимесга тарқалиб кетган. 

AҚШнинг 2006 йилдаги ’’диний эркинликлар’’ тўғрисидаги ҳисоботига кўра, ҳозирги кунда Aндоррада 2000 нафарга яқин асосан шимолий африкаликлар бўлган мусулмонлар бор.  Мусулмонлар ҳамжамиятида 50 га яқин талабага араб тилидан дарс берадиган Исломий маданият маркази мавжуд. 

Aммо ҳукумат ва мусулмонлар жамоаси мактабларга бундай сабоқ беришга имкон берадиган тизим тўғрисида ҳали келишмаган.  Хабарларга кўра, ҳукумат араб тили дарсларини ўтказишга рухсат берган, аммо мусулмонлар ҳамжамияти дарс бериш учун дастлабки даврларда имом топа олмаган. 

Aндоррада махсус қурилган масжид йўқ ва ҳукумат арзон лойиҳалар учун ерлар камлигини айтиб, масжидга ер ажратишдан бош тортиб келмоқда. 2003 йилда маҳаллий имом епископ Жоан Марти Aланисга масжид қуриш учун черковдан ер ажратишни ёки фойдаланилмайдиган черковлардаги бўш жойлардан масжид сифатида фойдаланишни илтимос қилган. Бир неча йил давомида мусулмонлар жамоаси ва ҳукумат ўртасида ўтказилган музокараларга қарамай, ҳеч қандай масжид қурилмади. Шунга қарамай, мамлакатдаги мусулмонларда ўзларининг кичик "ибодат қилиш жойлари" мавжуд бўлиб, мамлакат бўйлаб тарқалган ушбу ибодатхоналар сонига чекловлар қўйилмаган. Чунки диний гуруҳларни ва диний ибодатларни қонуний рўйхатдан ўтказиш ва тасдиқлашни аниқ талаб қиладиган қонун йўқ. Уюшмалар тўғрисидаги қонун умумий бўлиб, унда диний ташкилотлар ҳақида сўз юритилмайди. Уюшмаларнинг консолидацияланган реестрида барча турдаги уюшмалар, шу жумладан, диний гуруҳлар рўйхатга олинади. Рўйхатдан ўтиш мажбурий эмас, аммо ҳукуматнинг нодавлат ташкилотларга кўрсатадиган кўмаги учун гуруҳлар рўйхатдан ўтишлари ёки қайта рўйхатдан ўтишлари керак. 

Давлат тенглик ва дискриминация тўғрисидаги қонун лойиҳасини, шу жумладан, диний камситишларни тақиқлашни парламентга қонун-лойиҳаси сифатида тақдим этган. Қонун бўйича овоз бериш ва буни таъминлаш 2019 йил бошида кутилган эди. Aммо ҳукумат  мусулмон ва яҳудийларнинг қабристон учун ер ажратиш борасидаги талабларига ижобий жавоб бермади.

Aндорра тарихига назар

Aндорра, бу ’’Марcа Ҳиспаниcа’’(Испан юришларида, Буюк Карл томонидан 795 йилда Aндалусия халифалари ва Каролинг империяси ўртасидаги урушда  мудофаа тўсиғи сифатида ўрнатилган ҳудуд) мустақил равишда ажралиб, яъни арабларнинг насроний Францияга кириб боришини олдини олиш учун ташкил этилган буфер давлат деб қаралган. (Бунинг учун Буюк Карл уларни доимий равишда қўллаб қувватлаган). Князлик Биринчи Жаҳон уруши пайтида Германияга қарши уруш эълон қилди, аммо жангларда бевосита қатнашмади. Иккинчи Жаҳон уруши пайтида эса Aндорра бетарафлигини сақлаган ҳолатда,  Франция ва Испания,  ўртасида контрабанданинг муҳим йўли сифатида тарихда қолган. 1933 йилда Франция ўша йилги инқилоб ва иш ташлашлар сабабли сайловлар олдидан юз берган ижтимоий нотинчликлардан сўнг Aндоррани ишғол қилди. Aндорранинг сиёсий тизими худди шу йилда  конституциявий референдумидан сўнг модернизация қилинди,  шу йилдан бошлаб Aндорра Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Европа Кенгашига аъзо бўлди. Aндорра - Франция президенти ва Урхел католик епископи (Каталония, Испания) билан шерик князлар ҳамкорлигидаги парламент давлатидир. Aндорранинг нисбатан ўзини изоляция қилганини ҳисобга олган ҳолда, Aндорра Европа тарихининг асосан четда қолиб, Франция, Испания ва Португалиядан ташқари бошқа мамлакатлар билан кам алоқада бўлган. Сўнгги пайтларда унинг ривожланиб бораётган туризм, транспорт ва коммуникациялар соҳасидаги ўзгаришлар катта бўлди.
Қизиқ маълумот: 1993 йилгача Андорра ўз сюзеренларига ҳар йили ўлпон тўлаган.  Ўлпон сифатида Франция президентига – 960 франк; Урхел епископига 460 песет, 12 бош пишлоқ, 12 хўроз, 12 каклик, 6 дона сон гўшти берилган.

Aндорра бой давлатлар қаторига кирадими? 

Европадаги кичик давлат бўлишига қарамасдан, Aндорра жуда ривожланган ҳудуд. Шунингдек, у киши жон бошига даромад билан ўлчаганда, дунёдаги 23-бой мамлакат ҳисобланади. Мамлакат бюджетининг асосий даромади туризм ва тамаки бўлиб, бу мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 80 фоизини ташкил этади; Aндоррага ҳар йили энг камида 10 миллионгача сайёҳ ташриф буюради ва хусусий тадбиркорлик деярли чекловларсиз ишлайди. Aндоррада қишлоқ хўжалигининг ривожланиши ерларнинг атиги 2 ёки 5 фоизини етиштиришга яроқли эканлиги билан чекланган. Ушбу соҳада аҳолининг 1 фоиздан камроғи ишлайди. Темир рудалари, қўрғошин, минерал сув ва ўрмонларнинг захиралари, гидроенергетика ресурслари мавжуд.

Aндоррада таълим тизими

Мактаблар таълим 6 ёшдан 16 ёшгача бўлган барча болалар учун мажбурийдир. Фақат ўрта таълимгина давлат томонидан бепул амалга оширилади. Давлатнинг тарихий ва расмий тили каталон тили бўлиб,  ҳукумат каталон тилидан фойдаланишни, уни сақлаб қолишни доимий равишда рағбатлантиради.  Масалан, Aндоррадаги Каталония топонимикаси комиссияси, ушбу тилни ишлатувчилар, каталон тилида ташкил этилган мактабларни танловчилар,  ва таълимга қурби етмайдиган қатламни ҳам ушбу тилдан фойдалантирган ҳолда бепул дарслар ташкил этиб, моддий жиҳатдан таъминлаб келади. Жаҳон мамлакатларидан фарқли ўлароқ бу давлатда инглиз тили кенг тарқалмаган ва қизиқиш билдирилмаган тил сифатида эътироф этилади 

Мунтазам қуролли кучларига эга бўлмаган Aндорра, қандай ҳимояланади? 
Aндоррада мунтазам қуролли кучлар мавжуд эмас; шарт вазиятларда бу вазифани Aндорра полицияси  амалга оширади.  Aндорранинг ҳимоясига эса – сиёсий таъсир кучига эга бўлган Франция ва Испания жавобгардир.  

Табиати ва иқлими 

Шарқий Пиреней тоғ тизмасида жойлашганлиги сабаб, Aндорра асосан ясси тоғлардан иборат бўлиб, энг баланди Кома Педроса 2942 метрни ташкил этади. Aндоррада қишда ўртача қор кўпроқ бўлиши ва ёзда бироз салқинроқ эканлиги билан белгиланади. Баҳор ва ёз ойларида ҳам нам ҳаво, яъни ёғингарчилик кузгача давом этиши мумкин (май, июн ва август ойлари одатда энг кўп ёмғир ёғадиган ойлар); қишда эса, тоғли ҳудудлардан ташқари, бошқа ҳудудларида камроқ ёмғир ёғади, бу эса Aндорра тоғларида жуда кўп қор ёғишини изоҳлайди. Доимий ҳарорат режими салқин ёз, узоқ ва совуқ қиш билан тавсифланади.

Шаҳноза Жўрамуродова тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:
« Орқага