Таҳлил

«Андрю Карнеги ва Дима Қаюм»

738

Шотландияда Андрю Карнеги туғилган Данфермлайн шаҳарчасидаги кутубхона эшигининг пештоғига «Let there be light» (Ёруғлик бўлсин) деб ёзилган. Бу кутубхонани 1883 йилда очган Карнеги учун таълим ва кутубхоналар ёруғликка тенг эди.

У болалигида бир маҳаллий бойнинг ўз уйида кутубхона очгани ва ўзи билан бирга яна 400та бола ҳар шанба унинг қўлидан янги китобни олишни орзиқиб кутишганини ёзади. «Ўшанда ўйлаганман, агар дуёнинг ҳамма бойлиги менинг қўлимга тушса, мен ундан бепул кутубхоналар яратиш учун фойдаланаман, қачонки бошқа қашшоқ болалар ҳам ўша саҳий аслзода каби имкониятларга эга бўлишсин».

Карнегининг 1889 йилда ёзилган «Бойлик хутбаси» номли китоби хайрия учун айнан таълимни ЭНГ муҳим соҳа деб танлаган.

Оламдан ўтганига шу ой 100 йил тўладиган Андрю Карнеги, шубҳасиз, дунёнинг энг буюк хайриячиси. Пўлат саноатида энг кўп пул қилган Карнеги ўз бойлигининг 90%ини хайрия қилган. Бугунги кун пулига ўгирилса, бу 300 миллиард доллар дегани. 1930 йилларда дунёни молиявий инқироз фалажлаган вақти, Карнеги туфайли оёқяланг деҳқонлар, кейинчалик эса аёллар ва қора танлилар биринчи марта университетларга кириб ўқишга муваффақ бўлишди.

Бора-бора Карнеги қашшоқ оилалар фарзандларининг университет таълимини ҳам молиялай бошлади. Шотландиядаги анъанадор университетлар қашшоқларни камситиб, шу миллионларни бизнинг тадқиқотларимизга беринг, дейишди. Шунда Карнеги, майли, ҳар бир берган бир миллион долларимга тенг равишда қашшоқларга бир миллион долларлик текин таълим берасиз дея муросага келган. 1910 йилга келиб Шотландия университетларидаги талабаларнинг 50% (!) Карнеги грантлари билан ўқиганлар.

Карнеги тақводор эмас эди. Шотландиядаги қашшоқ тўқимачилар оиласидан чиққан Андрю учун аҳлоқ ва виждон муҳим эди.

Карнеги дунё бўйлаб 2800дан ошиқ кутубхона қурган. Бугунда унинг кутубхоналари бутун жаҳонда, Малайзиядан тортиб Жанубий Африка, Фижидан тортиб Мавританиягача ишлаб турибди. Бутун дунё филантроплари, яъни хайриячилари Андрю Карнеги қолдирган ғоя меросидан илҳомланиб яшайди. Лекин, ҳатто Билл Гейтс ҳам саҳоватпешаликда унга тенг келолмайди. Карнеги бойлар ўз бойлигининг бир қисмини эмас, балки ҳаммасини халққа улашиб бериши керак деб ишонган ва ўз замондошларини шунга чақирган. «Бойлик билан ўладиган одам шарафсиз. Чунки иложи бўлганда у бойликни ўзи билан олиб кетган бўларди», деб ёзади у.

Риштондек кичик туманда кутубхона яратган Дима Қаюм шу жиҳатдан менга Карнегини эслатади. Китоблар одам танламайди. Унинг ёғдуси барчага бирдек таралади ва имкониятларни очади. Дима Қаюм шуни англаб етганига ва халқ кутубхонасини очганига қойил қолганман. У Ўзбекистон Карнегиси, чунки унинг фикр юритиши айни. Дима балки билиб, балки билмай, Карнегининг «Бойлик хутбаси»даги ғояларга содиқ яшаяпти. Унга ҳужум қилган тадбиркорлар бугун фарзандларининг қорнини тўйдирарлар ва кредитини тўларлар, лекин китоб ва таълим орқали келадиган имкониятни яратиб беролмайдилар. Бу имкониятни Дима Қаюмдек инсоннинг кутубхонаси яратади.

Дима Қаюм халқ учун Ўзбекистоннинг энг бадавлат ва ялтир-йўлтур шахсларидан ҳам муҳим. У қурган кутубхона ҳар қандай хайрия концерти, ё ҳатто дабдабали масжидлардан муҳим. Чунки Диманинг кутубхонасидаги ёғду орқали қашшоқнинг бири икки бўлиши мумкин.

Димага ҳам бир кун Карнегидек бутун Ўзбекистонда кутубхоналар очишга муваффақ бўлишини тилайман.

Ибрат Сафо

Манба: Файзбоғ

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Дима Қаюмнинг янги кутубхонасига рамзий ғишт қўйилди

600 09:24 14.10.2019

«Биз Афғонистонни шундай ўзгартирамиз» ёхуд Кобулдаги кўчма кутубхона (фотожамланма)

578 08:05 18.09.2019

«Тошкент» автовокзалида эркаклар ва аёллар учун алоҳида намозхона ва кутубхона очилди (фотогалерея)

1143 19:30 17.07.2019

Наманган шаҳрида автокутубхона

363 16:15 23.04.2019

Халқаро ислом академияси Туркиянинг “Сулаймония” кутубхонаси билан ҳамкорлик қилади

533 20:00 22.04.2019
« Орқага