Анваршоҳ Кашмирий қандай инсон эди?

16:00 11.02.2019 2003

Ҳакиймул уммат Ашраф Али Таҳонавий айтади: “Менимча Исломнинг ҳақ дин эканига Анваршоҳ Кашмирийнинг мусулмонлар сафида экани далолатдир. Агар Ислом динида бирон бир футур бўлса, шайх уни албатта топган бўлар эди. Зотан, у киши эгалламаган муҳим илм қолмаган”. ("Акобири уламо Деобанд" 98-бет)

Ҳазрат яна айтади: “Ҳар қачон Анваршоҳ Кашмирий ёнимга ўтирса, у кишининг илми залворидан мени ҳаяжон босар эди”. ("Миллати Ислом ки муҳсин шахсиат" 185-бет)

Ҳазрат Таҳонавий яна: “Мавлоно Анваршоҳ Кашмирийнинг дарсида бўлсам, уни ҳар бир сўзини китоб қилиш мумкинлигига амин бўламан. Мен мавлоно Анваршоҳ Кашмирийдан жуда кўплаб манфаатлар олдим. У кишига бўлган чуқур ҳурмат қалбимдан жой олган”, деб айтган. ("Анвор ал-Борий" 2-жилд 235-бет)

Саид Атоуллоҳ Бухорий шундай дейди: “Саҳобалар карвони ўтиб кетишиб, ортларидан Анваршоҳ Кашмирийни қолдиришди”. ("Акобири уламо Деобанд" 99-бет)

Шайх Шаббир Усмоний айтади: “Анваршоҳ Кашмирий ҳазратлари Аллоҳ мўъжизаларидан бир мўъжиза, Аллоҳнинг одамларга ҳужжатларидан биридир”.

Яна айтади: “Агар мендан Мисрлик ёки Суриялик инсонлар ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалонийни, шайх Тақийюддин ибн Дақиқни ва шайх Азизуддин ибн Саломни кўрганмисиз деб сўрашса, кўрганман деб айта оламан. Зотан, мен бу уламолар илмини жам қилган мавлоно шайх Анваршоҳ Кашмирийни кўрганман”. ("Акобири уламо Деобанд" 98-бет)

Мавлоно Саид Аҳмад айтади: “Мавлоно Анваршоҳ Кашмирий ҳазратининг ҳадис дарслари мутақаддим муҳаддисларники каби эди. У зотга бошқа устозларим каби қаттиқ ҳурмат қалбимдан жой олган”. ("Анвор ал-Борий" 1-жилд 9-бет)

Шайх аллома Рашид Ризо Мисрий (Ал-Азҳар устози) айтади: “Ҳиндистоннинг Девбанди “Дорул улуми” гўёки ҳиндларнинг “Ал-Азҳар”идир. Мен ҳеч қачон Анваршоҳ Кашмирий каби буюк олимни кўрмаганман”. ("Анвор ал-Борий" 2-жилд 237-бет)

У зотга ўн йил шогирд бўлиш бахтига муясар бўлган Шайх Муҳаммад Бадри Олам айтади: “Агар устозим ва шайхим Анваршоҳ Кашмирийга қарасам у кишининг бемисл зеҳнини, итқону забтда ибн Ҳажардек, адл ва назарий диққатда ибн Дақиқул Ийддек, шеърда Бухтарийдек, баёнда Саҳбондек кўраман. Бу нарсалар Аллоҳ азза ва жалланинг сунъидандир”. ("Ат-тасриҳ бимаа таваатара фий нузул ал-Масийҳ" Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда раҳимаҳуллоҳ таҳқиқи 25-бет)

Ҳиндистон муфтийси Муҳаммад Кифоятуллоҳ Деҳлавий у киши вафот қилган кунда шундай деган эди: “Анваршоҳ Кашмирий вафот қилгани йўқ. Лекин илм ва уламолар вафот қилишди”.

Суннатуллоҳ АБДУЛБОСИТ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!