Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

АОКА «мардикорга чиққан журналист» масаласи бўйича муносабат билдирди

2866

Аввалроқ мардикор бозорига журналистик суриштирув олиб бориш учун иш излаётган аёл кўринишида борган журналист Анора Содиқова ҳақида мақола эълон қилган эдик.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг хабар беришича, куни-кеча «Рост24» интернет нашрида эълон қилинган «Ички ишлар ходимларининг «ички найранглари» ёхуд Миллий гвардия кўз ўнгида ўлиб кетишига оз қолган «мардикор-журналист» кечинмалари» номли мақола агентлик томонидан ўрганиб чиқилди.

Жумладан АОКАнинг расмий баёнотида шундай дейилади:
Таъкидлаш жоизки, «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 8-моддасига кўра, журналист журналистлик фаолиятини амалга ошириш чоғида шахс дахлсизлиги кафолатидан фойдаланади. Мазкур қонуннинг 10-моддасида, журналист ўз касбига доир фаолиятни амалга оширишида унинг ҳимоя қилинишини таъминлаши лозим, 14-моддада эса журналистнинг қонунда белгиланган ҳуқуқларини бузганлик, унинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига таҳдид, зўравонлик ёки тажовуз қилганлик қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган. Бу каби ҳимоявий кафолатлар «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддасида ҳам ўз ифодасини топган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 22 апрелдаги ПҚ-5089-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ходимларининг хизматни ўташ тартиби тўғрисида Низом»нинг 2-бобида «Миллий гвардия ходимларнинг одоб-ахлоқ қоидалари» белгиланган бўлиб, ходим фуқаролар билан мулоқотда хушмуомала, камтар ва босиқ бўлиши, Миллий гвардия обрўсига салбий таъсир кўрсатувчи низоли вазиятларни юзага келтирмаслик асосий одоб-ахлоқ талаблари экани кўрсатилган. Шунингдек, Низомнинг 46-бандида фуқаролар билан муомала маданияти қоидаларини бузган ходимларга нисбатан ҳайфсан интизомий жазоси қўлланилиши белгиланган.

АОКА айни пайтда давом этаётган хизмат текшируви натижаларини диққат билан кузатиб боришини таъкидлаган.
Шунингдек, агентлик Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ва Ички ишлар вазирлиги амалдаги қонунчилик нормаларини четлаб ўтган ходимларнинг хатти-ҳаракатларига муносиб ҳуқуқий баҳо беришига ҳамда тегишли чоралар кўришига ишонч билдиришини маълум қилган.

«Энг асосийси, бу каби ҳолатлар сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш, журналистларнинг эркин фаолият кўрсатиши борасидаги янгича очиқлик сиёсатига зиддир. Агентлик, ўз ўрнида, барча даражадаги давлат идоралари ходимларини ахборот қонунчилиги ҳамда журналистлар касбий фаолиятига ҳурмат билан муносабатда бўлишга чақиради», — дейилади хабарда.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

«Давлат диндаги ҳар бир талабни ҳам тан олмайди» – Адлия вазири

2942 14:40 10.07.2021

«Халқаро ҳужжатларда диний таълим ҳуқуқи деган нарса йўқ» – Адлия вазири

3321 13:21 10.07.2021

Асад Хўжаев ОАВга бўлган босимлар юзасидан берилган саволни «мавзудан ташқари» деб баҳолади

1939 21:25 26.06.2021

Журналист суд жараёнига аралаша олмайди

1017 22:30 05.05.2021

Президент мактабларининг имтиҳонга тайёрлайдиган курслари йўқ...

789 16:00 10.04.2021
« Орқага