Илм

Ақийда дарслари (10-дарс)

597

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қатъий ва қатъий эмас хабарлар

Яна жуда муҳим бир нарсани билиб олиш ақийда илмини ўрганувчи шахс учун лозим ва лобуддир.

Мутавотир хабар – хоҳ Қуръони каримда келган, хоҳ ҳадиси шариф ила собит бўлган бўлсин – қатъий ёки қатъий эмасга бўлинади. «Қатъий хабар» деганимизда, маъноси фақат бир нарсани англатадиган, бошқача тушуниб бўлмайдиган хабар кўзда тутилади.

Мисол учун, Аллоҳ таолонинг «Қул ҳуваллоҳу аҳад» деган ояти. Бу оятнинг маъноси: «Аллоҳ бир, деб айтгин». Ушбу оятнинг маъноси қатъий, уни бошқа маънога асло буриб бўлмайди.

Қатъий бўлмаган хабарга мисол Аллоҳ таолонинг: «Талоқ қилинган аёллар уч қуруъ кутарлар», деган қавли. Таржимада «қуруъ» сўзининг айнан ўзини олдик. Чунки бу сўзни араб тилидан бошқа тилга таржима қилишнинг умуман иложи йўқ. Биргина шу оятнинг ўзида у бир-бирига зид иккита маънони англатади. Қуруъ, бир маънога кўра, ҳайзни англатса, иккинчи маънога кўра, унинг тескарисини – «ҳайздан покланиш» маъносини англатади.

Тафсирчиларимиз ҳам, фиқҳий мазҳабларнинг бошлиқлари бўлган имомларимиз ҳам бу масалада иккига бўлинишган.

Имом Абу Ҳанифа  раҳматуллоҳи алайҳи қуруъни «ҳайз» деб тушунтирганлар. Шунга биноан, ояти каримадаги:

«Талоқ қилинган аёллар ўзларича уч қуруъ кутарлар», жумласининг маъноси «уч ҳайз кутарлар» бўлади.

Демак, эри билан бирга яшаган, ҳайз кўрадиган аёлни эри талоқ қилса, у аёл ўзича идда санаб, уч ҳайз кўргунча ўтиради. Шу муддат ичида иддадаги аёл нима қилиши керак бўлса, шуни қилади.

Бошқа мазҳабларда эса уч покликни кўргунча идда ўтиради.

Бас, мана шунга ўхшаш – бирдан ортиқ маънони ифода этган ва биз ўша маъноларнинг бири иккинчисидан кучли эканини исботлай олмаган – хабарлар жазмли яқийн илмни ифода этмайди. Бунинг эса ўзига яраша ҳукми бўлади.

Ақийда ҳужжатлари бўйича хулосалар

1. Қуръони каримнинг собит бўлиши қатъий эканига эътиқод қилиш ақл жиҳатидан ҳам ва шариат жиҳатидан ҳам фарз. Буни инкор қилган кимса Исломдан чиқади.

2. Қуръони карим қатъий далолат қилган аҳкомлар ва хабарларга эътиқод қилиш ақл жиҳатидан ҳам ва шариат жиҳатидан ҳам фарз. Буни инкор қилган кимса Исломдан чиқади.

3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мутавотир ҳадислар қатъий собит бўлганига эътиқод қилиш ақл жиҳатидан ҳам ва шариат жиҳатидан ҳам фарз. Буни инкор қилган кимса Исломдан чиқади.

4. Мутавотир ҳадислар қатъий далолат қилган нарсаларга эътиқод қилиш ақл жиҳатидан ҳам ва шариат жиҳатидан ҳам фарз. Буни инкор қилган кимса Исломдан чиқади.

5. Ислом уммати ўзининг биринчи асрларида инкорсиз қабул қилиб олган оҳод ҳадисларнинг ҳукми мутавотир ҳадислар кабидир.

6. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қатъий нисбат билан собит бўлиб, далолати ҳам қатъий бўлган ақийдани инкор қилувчи кимса Исломдан чиқади.

7. Ким қатъият ила собит бўлиб, далолати зонний бўлган, оҳод ҳадисларга ўхшаш зонн билан собит бўлиб, далолати қатъий бўлган, зонн ила собит бўлиб, далолати ҳам зонний бўлган ақийдани инкор қилса, кофир бўлмайди. Агар зонн ғолиб бўлмаса ва инкор қилувчининг очиқ-ойдин ҳужжати бўлмаса, у фосиқ ва осий бўлади.

Давоми бор... 1-қисм. 2-қисм. 3-қисм. 4-қисм. 5-қисм. 6-қисм. 7-қисм. 8-қисм. 9-қисм.

“Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар” китобидан

Манба: Islom.uz

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Устида Каъба, Масжидул Ақсо расми бор жойнамоз

2679 07:00 08.10.2019

Бугун – маърифатпарвар шоир Аъзам Ўктам таваллуд топган кун

381 17:05 04.10.2019

«Иймон» китоби қорақалпоқ тилига таржима қилинди

164 22:35 01.08.2019

Саудия Арабистонида хизмат кўрсатиш нархлари ошди, Ўзбекистонда эса ҳаж харажатлари 5 млн сўмга арзонлашди

1153 16:06 23.07.2019

Аскарлар Шайх Муҳаммад Содиқ ҳазратлари номидаги масжидга ташриф буюришди (фотогалерея)

2545 16:38 10.07.2019

Беш олис, яқиним...

1443 23:00 01.06.2019
« Орқага