Ақийда дарслари (16-дарс)

21:00 30.04.2019 288

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръоннинг ҳаммаси тавҳид ҳақидадир

Хулоса қилиб айтганда, Қуръоннинг ҳаммаси тавҳид ҳақида, унинг аҳлининг ҳуқуқлари, мадҳлари ва ширкнинг мазаммати ва унинг аҳлининг жазоси ва оқибатлари ҳақидадир.

«Алҳамду лиллааҳи Роббил оламийн» – «Ҳамд оламларнинг Робби – Аллоҳгадир» – тавҳиддир.

«Иҳдинас-сиротол мустақийм» – «Бизни тўғри йўлга ҳидоят қилгин» ҳам тавҳид бўлиб, тавҳид йўлига ҳидоят қилиш сўровини ўз ичига олгандир.

«Сиротоллазина анъамта алайҳим» – «Ўзинг неъмат берганларнинг йўлига» – тавҳидчилар йўлининг баёнидир.

«Ғойрил мағзуби алайҳим валаддоллин» – «Ғазабга қолганларникига ҳам эмас, адашганларникига ҳам эмас» – тавҳидни саркашлик, жаҳолат ва бузғунчилик ила тарк этиб кетганларнинг йўлини инкор қилишдир.

Шунингдек, Суннати набавия ҳам Қуръон далолат қилган нарсаларни баён ва тақрир этиб келгандир.

Роббимиз бизни динимиз усулларида фалончининг фикрига, пистончининг завқига муҳтож қилмаган. Шунинг учун ҳам Қуръон ва Суннатга хилоф қилганларнинг изтиробга ва ихтилофларга тушиб юрганларини кўрамиз.

Чунки Аллоҳ таолонинг Ўзи:

«Бу кун сизга динингизни мукаммал қилиб бердим. Сизга неъматимни батамом қилдим. Ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим», деб қўйган (Моида сураси, 3-оят).

Бас, биз диннинг мукаммаллигида Қуръон ва Суннатдан ташқари нарсага муҳтож бўлмаймиз.

Шунинг учун ҳам имом Таҳовий:

«Бу ҳақда ўз фикримиз ила таъвил қилишга киришмаймиз, ҳавойи нафсимиз ортидан кетмаймиз. Чунки ўз динида фақат Аллоҳга ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга таслим бўлганларгина саломат бўлганлар», деган. («Шарҳул Фиқҳил Акбар» 15-16-саҳифалар.)

Давоми бор... 1-қисм. 2-қисм. 3-қисм. 4-қисм. 5-қисм. 6-қисм. 7-қисм. 8-қисм. 9-қисм. 10-қисм. 11-қисм. 12-қисм. 13-қисм. 14-қисм. 15-қисм.

“Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар” китобидан

Манба: Islom.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!