Ақоид илми мақсад ва вазифалари

23:00 26.03.2019 276

“Ақоид” (ақида) сўзи арабча “ақада” феълидан олинган бўлиб, бир нарсани иккинчисига маҳкам боғлаш маъносини билдиради. Бу сўзнинг кўплик шакли “Ақоид” бўлади. Ислом ақидаси мусулмон инсонни маълум бир нарсалар билан маҳкам боғлаб турадиган эътиқодлар мажмуасидир.

Аслида, бирор нарсага эътиқод қилиш учун уни ҳеч қандай шубҳа қолдирмайдиган даражада яхши билиш керак. Кейин эса, ўша ҳиссий идрок ва илмй маърифатга айланиши лозим. Сўнг замон ўтиши, бошқа далилларнинг собит бўлиши ила ўша илмимиз тасдиқланади ва унга бўлган ишончимиз кучли бўлади. Мазкур илмга бўлган ишонч онгимизда мустаҳкам равишда қарор топганидан сўнг, у бизнинг ақлимизга ва қиладиган ишларимизга ўз таъсирини ўтказадиган бўлади.

Қачонки маълум бир илм бизнинг фикримизга айланиб, ҳис-туйғуларимизни йўллайдиган ва ҳаракатларимизни бошқарадиган ҳолга етганда, ақидага айланган бўлади. Демак, ақида илмга асосланган бўлиши лозим.

Ақоид илининг таърифи

Уламолармиз ақоид илмини турлича таърифлаганлар. Булардан баъзи мисолларни келтириб ўтамиз.

“Фалсафатут тавҳид ав ашрафул мақосид” китобининг муаллифи Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Валий: “У яқиний – ўта ишончли далиллардан диний ақидаларни касб қиладиган далилдир”, дейди.

“Мавоқиф” китобининг муаллифи Абдурроҳман Аҳмад Абдуғаффор ал-Ийжий: “У, ҳужжатлар келтириш, шубҳаларни рад қилиш йўли билан диний ақидаларни исбот қилишга қодир бўладиган илмдир”, дейди.

Имом Ғаззолий ўзларининг машҳур “Иҳё” китобларида: “Ақоид тавҳид идрок этадиган, Аллоҳ субҳанаҳу  ва таолонинг зоти ва сифатлари билинадиган илмдир”, деганлар.

Шариф ал-Журжоний ўзининг “Ал-Мавоқиф”га ёзган шарҳида: “Калом (ақоид) шундай бир илмдирки, ундан ислом қонуни асосида Аллоҳ таолонинг зоти ва сифатлари ҳақида ҳамда бошланиш ва қайтарилиш каби мумкинотлар аҳволи ҳақида баҳс қилинади”, деган.

Таърифларни энг жамловчиси, энг осони, аллома Али Қорининг “ал-Фиқҳул Акбар” га ёзган шарҳида зикр қилган таърифидир: “У бир илмки, унда эътиқод қилиш лозим бўлган нарсалар ҳақида баҳс қилинади”.

Ақоид илмининг мақсади

Бу илмнинг мақсади – динга бўлган ишончни, диний ақийдаларни қатъий далиллар ила исботлаш ва улар тўғрисида шубҳаларни рад қилишдир;

Кишини ақийдада тақлидчи бўлишдан далил келтириш  ва ишончли бўлиш чўққисига кўтаришдир;

Тўғри йўлни изловчиларга очиқ-ойдин ҳақни баён қилиш билан йўл кўрсатиш, аксинча, бўйин товловчиларга эса, далил-ҳужжатларни (келтириб) исбот қилиш;

Дин асосларини аҳли ботилнинг шубҳаларидан ва адаштиришларидан муҳофаза қилиш;

Бу илмнинг асосий мақсади эса, барча шаръий илмлар каби, икки дунё садатини ҳосил қилишдир.

Ақида далиллари

Ақоид китобларила келадиган барча масалалар “ғайбиёт” деб номланган нарсалардир. “Ғайбиёт” деганда биздан ғоибда бўлган ва уни билиш, унга иймон келитириш фақатгина ишончли далиллар – “Мутавотир” хабар билан бўладиган нарсалар тушунилади. Бундай нарсаларни билиш учун назар, ақл ва бошқа воситалар омил бўла олмайди. Бу нарсаларнинг ўзлари қаршимизда йўқ, уларни кўриш, ушлаш, эшитиш ёки ҳис қилиш умуман мумкин эмас. Улар ҳақидаги маълумотлар бизга фақат Қуръони карим ва ҳадиси шариф орқали келган. Уларга иймон келтириш ҳар бир мўъмин-мусулмон учун зарурдир.

Мутавотир ҳабарларнинг бошида Қуръони карим туради. Бу илоҳий китобда собит бўлган ҳар бир ҳарф, ҳар бир сўз, ҳар бир оят ўта ишончли равишда мутавотир шаклда бизгача етиб келган. Қуръони каримда собит бўлган нарсани инкор қилган одам исломдан чиқади.

Кейинги ўринда мутавотир ҳадислар туради. Улардан собит бўлган ҳақиқатларни инкор қилган шахс ҳам исломдан чиқади.

Баъзи кишилар ақидада келган ҳабарларнинг ичида мутавотир эмаслари, оҳод деб аталадиганлари ҳам бор. Оҳод хабарлар билан эътиқод масалалари собит бўлмайди, деганларга қандай жавоб берамиз, дейишлари ҳам мумкин.

Муҳаққиқ уламолар таъкидлайдиларки, эътиқод масалалари қатъий ва мутавотир ҳабарлар билан собит бўлганидек, оҳод хабарлар билан ҳам собит бўлади.

Аммо ҳукм жиҳатидан иккисининг орасида фарқ бўлади. Қуръони каримда қатъий собит бўлган ва ҳадиси шарифларда мутавотир равишда келган эътиқод масалаларини инкор қилган шаҳс кофир бўлади.

Оҳод ҳадислар ила собит бўлган эътиқодий масалаларни рад қилган одам эса, кофир бўлиб исломдан чиқиб кетмайди, балки фосиқ бўлади.

Замондош уламоларимиздан Муҳаммад Абу Заҳра оҳод хабарлар билан эътиқод масалалари собит бўлишини салаф уламоларнинг гаплари асосида исбот қилганлар.

Шайҳ Муҳаммад Абу Заҳра раҳматуллоҳи алайҳ: “Аслида ақидаларнинг собит бўлиши фақат таъвилини қабул қилмайдиган Қуръон оятлари ва мутавотир суннат билангина бўлади. Оҳод хабарларга келсак, уларни қабул қилиш вожиблигини таъкидлаш билан бирга, улар орқали ақида қатъий равишда собит бўлмаслигини айтишимиз керак. Мутавотир бўлмаган суннатда баъзи ақидага оид нарсалар зикр қилинган, биз уларни қабул қиламиз, рад қилмаймиз. Аммо буни инкор қилганларни кофир деб атамаймиз”, деганлар.

Аввалги ўтган уламоларимизнинг барчаси: “Оҳод хабарлар ақидага ҳужжат сифатида қабул қилинади, уларининг кўпи илми яқинийни ифода қилади, деганлар.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ҳар биримиз ўз эътиқодимизни мукаммал даражада ўрганиб, мустаҳкам қилиб олиш ва фарзандларимизни, халқимизни тўғри эътиқодда тарбия қилишимиз зарурдир.

Бунинг учун аввало буюк динимиз фақиҳлари томонидан ёзилган қадимий китобларимизни ва замонамизнинг етук мутафаккирлари томонидан ёзилаётган китобларни мукаммал даражада ўзлаштиришимиз ва биз учун ғанимат, олтинга тенг бўлган устозларимиздан фойдаланиб, керакли илмларни ўрганмоғимиз лозим бўлади. Зеро, Исломда энг нозик масала эътиқод масаласидир. Айни мана шу эътибордан Аллоҳ таоло ақиданинг жавҳарий – асл масалаларини бошқача қилиб айтганимизда, рукнларини Қуръони карим орқали собит қилгандир. Чунки бу соҳада бир сўз билан кишининг иймони куфрга, жаннати дўзаҳга айланиб кетиши мумкин.

 

Мир Араб ўрта махсус Ислом били юрти
мударриси Асадуллоҳ Нажмиддинов

 

 

 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!